«Фарзандимнинг овози бўғилиб қолди…»

Шифо истаб келувчилар орасида фарзандининг тез-тез томоғи оғриши, овози хириллаб, баъзан бўғилиб қолишидан шикоят қиладиган ота-оналар учраб туради. Уларни «Бу қандай касаллик?», «Даволаса ёки олдини олса бўладими?», «Оила шароитида қандай чоралар қўллаш мумкин?» каби саволлар ўйлантиради. Мазкур мақолада шу мавзуда сўз юритамиз.

Ларинготрахеит қандай касаллик?


Юқорида келтирилган аломатлар болалар ўртасида кўп учрайдиган ларинготрахеит касаллиги белгилари бўлиб, трахея ва халқумнинг яллиғланишидан келиб чиқади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бу хасталик асосан 6-7 ёшгача бўлган болалар ўртасида кўп учрайди. Бунда грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияли касалликлар (ЎРВИ)га чалинганда малакали тиббий ёрдам олмаслик, аллергия, зарарли бактериялар, вируслар асосий сабаб бўлади. Оилада болани нотўғри овқатлантириш, парваришига етарли эътибор бермаслик, тозалик-­озодаликка риоя этмаслик, совуқ қотиш касалликни янада ривожлантиради.

Айтиш керакки, трахея ҳаво ўтказадиган аъзо бўлиб, унинг яллиғланиши натижасида томоқнинг шиллиқ қавати шишади ва ҳаво ўтиши қийинлашади. Халқум эса ҳаво ўтказиш функциясидан ташқари, овоз ҳам ҳосил қилади. Шу боис, бу касалликда боланинг овози бўғилиб қолади.

Мутахассис кўриги жуда муҳим


Бу хасталикка чалинган болаларда овоз бўғилиши баробарида тана ҳарорати ҳам ошиб кетади, ҳолсизланади, дағал ва қуруқ йўталади. Лимфа безлари шишиши мумкин. Бундай вазиятда болага ширинлик, ранги қизил мева-сабзавотлар бериш унинг аҳволини янада қийинлаштиради.
Тиббий текширувлар натижасида касаллик асоратланмаганлиги аниқланса, болани амбулатор шароитда даволаш мумкин. Ўткир босқичга ўтганда эса, бемор шифохонада, врач назорати остида соғломлаштирилади.

Муолажалар комплекс тарзда антибактериал, вирусга қарши, антигистамин, аллергияга қарши, спазмолитик дори-дармонлар воситасида амалга оширилади. Хонадон шароитида бемор болани тўғри овқатлантириш ва парваришлаш ниҳоятда муҳим. Болага кўпроқ суюқлик бериш, врач тавсияси асосида дамламалар ичириш, уйни тоза-озода тутиш, уч ойгача парҳез таомлар тайёрлаб бериш, кўкрак сути билан боқилаётган гўдакларни ўз вақтида она сути билан озиқлантириш керак.

Нафиса СУЛТОНОВА,

олий тоифали шифокор

Яна ўқинг:  Чилим – кони зарар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: