ДОИМО ГЎЗАЛ БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ? Аслида бунга эришиш унчалик ҳам қийин эмас
Инсон доимо гўзалликка интилиб яшайди. Ҳатто улғайганда ҳам ёшлик жозибаси ва мафтункорлик сира тарк этмаслигини истайди. Аслида бунга эришиш мумкин ва у қадар қийин ҳам эмас.
Кўпчилик, айниқса, аёллар гўзаллик сирини ташқи қиёфага бўлган эътиборда, деб билади. Аммо мутахассислар бу борада бошқачароқ фикрда. Яъни, ҳар томонлама чиройли бўлиш учун саломатлик ҳам зарур. Зеро, организмимиздаги ҳар бир аъзо рисоладагидек фаолият юритмас экан, бунинг асоратлари, албатта, ташқи кўринишимизда ҳам нуқсонлар ҳосил қилади. Шу боис, гўзалликнинг асосий омили саломатликда, десак муболаға бўлмайди. Соғлом бўлиш эса жисмоний фаолликка боғлиқ.
Эрталабки бадантарбия
Эрталаб ширин уйқудан барвақт уйғониш ҳаммага ҳам хуш ёқавермайди. Бироқ, эрта туришнинг ҳам соғлиқ учун фойдаси бор. Сиз тонгдаги бадантарбияни нақ ётган ўрнингиздаёқ бошлашингиз мумкин. Бунинг учун оддийгина, кўп вақт талаб қилмайдиган қуйидаги машқни бажаринг: аввал ўнг оёқни, сўнг чап оёқ, кейин икки оёқни баравар қорин томонга тортинг. Шу тариқа танангизни «уйғотасиз». Бу қисқа машқлар мияга кислород оқими келиши ҳисобига уйғонишга ёрдам бериш билан бирга, қоматни расо қилади.
Кўзлар учун машқ
Агар ҳар куни эрталаб кўзларимизни у ёқдан бу ёққа 30 сония давомида ҳаракатлантирсак, хотирамиз 10 фоизга яхшиланади. Бу усул миямизнинг иккала ярим шари бир-бири билан уйғунликда ишлашига имконият яратади.
Пиёда юришга одатланинг
Эрталаб ишга боришда ёки ишдан қайтишда, умуман олганда, имкон топилса, манзилга аста-секин пиёда юриб бориш организмга ўзгача куч-қувват бахш этар экан, ҳатто баъзи касалликларга ҳам даво бўларкан. Шошмасдан, дам олиб, дам олиб юриш қандли диабет билан хасталанганларга қондаги қанд миқдорини бошқариш имконини бериши тадқиқотда исботланган. Бу бир маромда, тўхтамасдан юришга солиштирганда анча самарали экан.
Танаффус билан югуринг
Сўнгги пайтларда мутахассислар бадантарбия машқлари орасида югуришнинг организмга кўпроқ фойда келтириши ҳақида таъкидламоқдалар. Яъни, 5-10 дақиқа чин иштиёқ билан югурган одам организми шунчаки югуришга одатланган 1 соатлаб югурадиган одам организмидан кўпроқ роҳатланар экан. Ҳар куни 10 дақиқа иштиёқ билан югуриш билан ҳафтасига 9 соат югуришнинг фойдаси бир хил.
Умуртқангизни асранг
Шамшоддек қадди-қомат саломатлик ва гўзалликнинг муҳим белгисидир. Кексайганда ҳам қадди-қоматимиз расо бўлиши умримизга умр қўшади. Бунга эришиш учун умуртқа поғонаси касалликлари, хусусан, остеохондрознинг олдини олиш мақсадга мувофиқ. Қуйидаги тавсиялар айни шу мақсадга қаратилган:
• бир жойда узоқ вақт муқим ўтиришдан сақланинг ва иш оралиғида ўн-ўн беш дақиқа дам олиб, ҳаракатли енгил машқларни бажариб туринг;
• агар узоқ йўлга кетаётганда транспортда тик туришга тўғри келса, қорин мушакларини таранглаштиринг, шунда умуртқа поғонасига оғирлик тушмайди;
• дам олаётганингизда ҳам узоқ вақт гавдангизни эгиб ўтирманг ва уни тик тутиб ўтиришга ҳаракат қилинг;
• тунда ухлайдиган тўшагингиз бироз қаттиқроқ бўлгани маъқул;
• белни елвизакдан, совуқ ва захдан асранг.
Ушбу тавсияларга амал қилиш кўп вақт ва ортиқча харажатларни талаб қилмайди. Шунчаки бироз хафсала қилсангиз кифоя: гўзаллик ва соғломлик ҳамроҳингиз бўлади.
Зуҳра ТОШЕВА тайёрлади