Гепатитга чалинмай десангиз…

Фан ва технология қанчалик ривожланмасин, юқумли касаллик­лар билан курашиш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Гепатит ана шундай хасталиклардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида қайд этилишича, бугунги кунда ­дунёда уч юз миллиондан кўпроқ инсон гепатит В ва С вируси келтириб чиқарган сурункали жигар касаллигидан азият чекмоқда.

Қайси йўллар орқали юқади?


Гепатит жигар ҳужайраларининг вируслар, турли кимёвий моддалар, механик таъсир (яъни жигардаги ўсимталар, ўт йўлларида тош пайдо бўлиши) натижасида зарарланишидир. Вирусли гепатитнинг 5 та асосий тури аниқланган. Гепатит В ва С вируслари парентерал – стерилланмаган тиббиёт, стоматология, косметология жиҳозлари, қон ва табиий йўллар орқали, гепатит А ва Е турлари эса ошқозон-ичак йўли билан юқади, яъни касаллик вируслари ичак йўлларига оғиз орқали тушади.
Мамлакатимизда вирусли гепатитнинг В ва С турлари олдини олиш мақсадида қон хизмати хавфсизлигини таъминлаш, тиббиёт тизимида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ, болалар гепатит В га қарши бепул эмланади. Шу орқали улар ўртасида ушбу касалликнинг олди олинаяпти.
Гепатитнинг А тури билан касалланиш ҳолатлари эса, афсуски, кўпроқ учрамоқда. Яъни, гепатитга чалинган жами беморларнинг 99,1 фоизи, 14 ёшгача бўлган болаларнинг 88,5 фоизида гепатитнинг А тури қайд этилаётир. Бу касаллик умумий фойдаланилган идиш-товоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа буюмлар орқали юқади. Вирус ҳаво орқали юқмайди.

Табиий иммунитет ҳосил қилса бўлади


Касаллик кўпинча меъда-ичак фаолиятининг бузилиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, оғзи тахир бўлади, кўнгил айнийди, баъзан қайт қилади, тўш ости соҳасида оғирлик ва оғриқ сезади. Гоҳида ҳарорат кўтарилиши, эт увишиши, бош ва мушаклар оғриши, йўтал кузатилади. Бундай вазиятда гепатитни шамоллаш билан адаштирмаслик керак. Ҳасталик белгилари уч кундан ортиқ давом этса, гепатитни аниқловчи тиббий таҳлиллардан ўтган маъқул. Вирусли гепатит касаллигининг олдини олишда энг муҳим чора – дардни иложи борича эрта аниқлаб, беморни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизишдир. Шунда инфекция бошқа соғлом кишиларга ўтмайди.
Бемор шифокор назорати остида даволанади. Уни тўлиқ соғломлаштириш учун муолажалар билан бирга парҳезга риоя этиш керак. Парҳез олти ойгача давом этади. Бу муддатда жигар ўз фаолиятини тўлиқ тиклаб олади. Гепатитнинг А тури даволанилгач, кишида мазкур вирусга нисбатан 15-20 йилгача табиий иммунитет ҳосил бўлади. Бундай касаллик билан хасталаниб даволанган болаларни эмлатиш талаб этилмайди.

Яна ўқинг:  Мунтазам очлик 2-турдаги қандли диабетни даволайди

Гигиена қоидаларига риоя этишда гап катта


Касалликни юқтирмаслик учун шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, уйларни озода тутиш, чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб ташлаш, яшаш жойларини дезинфекция қилиб туриш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш муҳим. Жумладан, очиқ ҳавода сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, қатъий кун тартибига амал қилиш лозим. Касалликка қарши эмлатиш ҳимояланишнинг энг мақбул чорасидир. Мамлакатимизда жорий йилнинг ўтган даврида олтмиш мингга яқин аҳоли, хусусан, болалар гепатитнинг А турига қарши эмланди.

Профилактика


Шифокорлар хонадонларда бўлишганида уй-жойларнинг озодалиги, болалар учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Ёш оналарга фарзанд парваришида тегишли маслаҳат бериш, айниқса, болаларни шахсий гигиена қоидаларига ўргатиш ҳақида уй бекалари билан тез-тез суҳбат уюштириш мақсадга мувофиқ. Аҳолини ўз вақтида чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга жалб этишга жиддий эътибор қаратиш зарур. Оилаларга ташриф буюрганда бирор кишида гепатит аломатлари тахмин қилинса, зудлик билан бу хусусда умумий амалиёт шифокорига маълумот бериб, керакли таҳлилларни ўтказиш лозим. Аҳоли орасида гепатит профилактикаси бў­йича тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш, халқимизнинг тиббий билимини ошириш борасида доимий изланиш талаб этилади. Зеро, гепатитнинг олдини олишда тиббий профилактика муҳим ўрин тутади.

Аллоберган БАЙЖАНОВ,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: