Ўзбекистон ўсимликлари дунёси
Китоб тафаккур қанотидир. Дарҳақиқат, агар ўқувчининг қўлидаги китоб чинданда яхши бўлса, кўплаб билим ва янгиликлар билан сизни таништириши аниқ. У хоҳ илмий, хоҳ бадиий китоб бўлсин ўқувчига фақат ва фақат фойда келтиради.
Ўзбекистон бетакрор, гўзал табиати билан Ўрта Осиёда алоҳида ўрин тутади. Унинг табиатида тўрт фаслни ва бир-биридан кескин фарқ қилувчи барча минтақаларни кўриш мумкин. У пурвиқор тоғлари, қир-у адирлари, хушманзара дарё-ю кўллари, чўлу саҳролари, кенг яйловлари билан ажралиб туради.Ўзбекистон Республикаси фан арбоби биология фанлари доктори, профессор Ўктам Пратовнинг шогирдлари Акрамжон Йўлдошев ва Акрам Баҳромов билан ҳаммуаллифликда яратган “Ўзбекистон табиати” номли китоби ана шу бетакрор манзараларга бағишланган. Ушбу нашрни том маънода табиий атлас деб атасак ҳам арзийди. Зеро, унда Ўзбекистон табиатидаги ранг-баранг ўсимликлар дунёси гўзал расмларда ҳам акс этган. Ҳар бир табиий ҳудуд ўзига хос, уни сўз билан ифодалаш қийин, албатта. Шунинг учун ушбу китобда улар рангли фотосуратларда ифодаланди.
Инсон она табиатнинг ажралмас бир қисми, гултожидир. Унинг ҳаётини табиат оламисиз, жумладан, ўсимликлар дунёсисиз тасаввур этиб бўлмайди. Инсон борлиқдаги барча неъматлардан тўкис фойдаланиб келади, вақти келса, ўзлаштиради, ўзгартиради. Бу ўз навбатида Она Заминдаги табиий мувозанатни тиклаб бўлмайдиган салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Жумладан, миллион йиллар мобайнида шаклланиб, тараққий этиб келаётган биологик хилма-хилликнинг камайиб кетаётганлиги, ўсимликлар дунёсидаги баъзи турларнинг йўқ бўлиб кетаётганлиги бунинг яққол мисолидир.
Китобнинг муқовасидаги сув омбори тасвири, гўзал гул-у меваларнинг ифодаланишидан буни англаш мумкин. Китоб муқаддимасидан кейин 4-5 – бетларда адир ва тоғларни ифодаловчи катта расм – панорама берилган. Унда ажойиб табиат-тоғлар, қишлоқлар, дарёлар, хилма-хил ўсимликлар акс этган.
Атлас жаҳон нашрчилик талабларига мос тарзда сифатли қоғозда чоп этилган. У 192 бетдан иборат бўлиб, турли ҳажмдаги 350 дан зиёд рангли расмларни ўз ичига олади. Улардан 50тага яқини панорама шаклида келтирилган. Китоб-атлас 5000 дона нусхада нашр этилган.
Шунингдек, нашрда Ватанимиз ҳудудидаги сув ҳавзалари дарёлар, кўллар, сув омборлар ва дам олиш масканлари ҳақида маълумотлар берилган.
Ўзбекистонимиз табиати ҳақидаги бу нашрдан табиий ресурсларга бой юртимиз билан фахрланиш ҳиссини туясиз.
Хулоса қилиб айтганда, ботаника фани сардорларидан бири олим-устоз Ўктам Пратович Пратовнинг ҳаммуаллифликда яратган ушбу атласи ўқувчи-ёшларимизни табиатни, айниқса ўсимликлар дунёсини севиб ўрганишга, уларни эъзозлашга ва оқилона фойдаланишга чорловчи қизиқарли манбаа бўлиб хизмат қилади.
Эркин ЗАРИПОВ,
биология фанлари номзоди, доцент
Гулноза САФАРОВА,
педагогика фанлари номзоди