Раҳмат булоғи
Жонажон юртимизнинг сўлим жойлари бисёр. Бир томони гўзал тоғлар билан ўралган бўлса, бир тараф бепоён кенгликлардан иборат.
Ҳар бирининг ўзига хос таровати, минг йиллардан бери унутилмай келаётган тарихи бор. Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳам шундай мўъжизага ва сир-синоатга бой гўшалардан биридир. Туманнинг олис қишлоғи “Катлос” бунга мисол бўлади.
“Катлос” қишлоғига борсангиз, унинг табиатини кўриб, гўзаллигидан ҳайратингиз ошади. Тоғ орасида маржондек тизилган уйлар, қирларда ўтлаб юрган беҳисоб қўй-қўзилар, ранг-баранг гиёҳлар, бўйи осмонга етган баланд арчазорлар қишлоқнинг бугуни ва ўтмишидан эртак сўйлаётгандай гўё.
Шу ерлик қарияларнинг айтишича, “Катлос”нинг номи Кат Илёс сўзидан олинган. У Илёс шаҳри деган маънони беради. Бу ер ўз замонида машҳур савдо марказларидан бири бўлган. Ҳунармандчилик гуллаб-яшнаган. Ҳудуднинг географик жиҳатдан торлиги шаҳарнинг кенгайишига тўсқинлик қилган ва XVIII асрнинг бошларида аҳоли текисликлар сари кўчиб кела бошлаган. Кейинчалик “Катлос” ўзининг шаҳар кўринишини йўқотиб, қишлоққа айланиб қолган. Бу ерда ҳалигача “Катлос”нинг ўрнида шаҳар бўлганлигини исботловчи харобалар сақланиб қолган.
“Катлос” жуда чиройли шаҳар бўлганлиги сир эмас. Чунки, унинг бугунги табиати бунга мисол. Унинг боғ-роғлари, гиёҳларга бой яйловларини қанча таърифласа ҳам оз. Энг қизиғи, туя ўркачидай қирлар орасидан тоғу тошларга урилиб, ёқимли оҳанг таратганча сой оқиб ўтади. Бу сойнинг тарихи қарийб етти асрга бориб тақалади.
Сой бошидаги булоқни маҳаллий аҳоли “Обираҳмат” булоғи деб атайди. Маҳаллий аҳолининг фикрича унинг зилол суви минг дардга даво. Қаҳратон қишда илиқ, ёзда муздай бу сувдан тўйиб ичган одамнинг соғлиғига зарар етмайди. Аксинча, тананинг қуввати ошиб, тетиклашади. Ушбу шифобахш чашма сувида чўмилган киши тери касалликларидан фориғ бўлади. Булоқ сувининг хосияти кўп. У сувдан ичган бефарзанд инсонлар фарзанд кўради, дейишади. Шунингдек, “Обираҳмат” булоғининг яралиш тарихи ҳақида маҳаллий аҳоли орасида бир-бирига мазмунан яқин ривоятлар юради.
Бу ҳақда китоблик ўлкашунос Аҳад Бердиевнинг “Авлодлар кўприги” китобида ҳам батафсил ёзилган. Ундаги маълумотларга кўра 1370 йили Амир Темур Балх шаҳрига юришга отланганда Мир Саййид Барака Термизда Соҳибқиронга пешвоз чиқиб, унга салтанат ва подшоҳлик белгиларини англатувчи ноғора топширади. Мазкур воқеада Саййид Неъматилло Вали ҳам иштирок этади. Ул зот 1330-1431 йилларда яшаган. Асли суриялик бўлган бу авлиёнинг Мир Саййид Барака билан ака-ука бўлганлиги ҳақида ҳам халқ орасида ривоятлар юради. Хуллас Термиздаги воқеадан сўнг улар Самарқанд шаҳрида яшай бошлашади. Тез орада авлиёнинг атрофига муридлар йиғилади. Буни кўролмаган сарой мулозимлари Амир Темурга улар халқни қўзғолонга тайёрлашаяпти, деган гап етказишади. Бундан хабар топган алломалар Самарқанддан кетишга қарор қилишади. “Тахти қорача” довонига келишганда Амир Темур уларни қувиб етади. Бироқ, Неъматилло Вали ортга қайтишдан бош тортиб, Кешга қараб йўл олади. Шунда Темур чуқур қайғу билан “Барака Самарқандда, Неъмат Кешда бўлсин”, дейди. Кейинчалик бу етиштирилаётган маҳсулотга нисбат бўлиб кетган. Саййид Неъматилло Вали “Косатарош” қишлоғида 80 ёшли Хожа Ҳасанни учратади. Унинг тирноққа зорлигини билиб, Оллоҳдан унга солиҳ фарзанд тилайди. У кишининг дуоси билан Ҳазрати Султон Сайид Аҳмад Башир дунёга келади. Кейин ул зот “Мўғул” қишлоғидан бироз шимолроқда макон тутади. Валийнинг атрофига яна муридлар йиғилади. Муридлар ўзлари учун махсус супа қуришади. Ҳар пешин намози вақтида бир чўпон шу ердан қўйларини суғоргани олиб ўтади. Ундан кўтарилган чанг-тўзон намозхонларни ранжитади. Шунда Саййид Неъматилло Вали чўпонга юзланиб, “Эй чўпон, қўйингни сал наридан ҳайдаб ўтсанг бўлмайдими? Қўйларинг чангитиб намозхонларни безовта қилаяпти”, дейди. Чўпон “Кучингиз бўлса, шу ердан сув чиқариб қўйсангиз бўлмайдими, қўйларим сизларнинг олдингиздан чангитиб ўтмасди”, дея жавоб қайтарган. Бу гапдан кейин Саййид Неъматилло қўлларидаги чинор шохидан бўлган таёқни ерга суқиб қўйганлар ва у ердан сув чиқа бошлаган. Кейинчалик у йириклашиб катта сув ўзанини ташкил этган.
Бу ривоят ҳақиқатга яқин. Сабаби булоқ бошида йирик чинор неча замонлардан бери бўй чўзиб келаяпти. Унинг илдизлари орасидан эса марвариддек тоза сув қайнаб чиқади. Бу табиатнинг мўъжизасини кўриб, кўз қувонади. Булоқда рақс тушаётган балиқларга термулиб, асабингиз тинчланади. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу балиқларни еб бўлмас экан. Терининг ҳолати бузиларкан.
Ҳозир ушбу булоқ уч қишлоқни обод қилиб келмоқда. У ердан махсус қувурлар ёрдамида пастдаги “Катлос”, “Тевабоши” ва “Туюл” қишлоқларига сув келтирилиб, ичимлик сувига бўлган аҳолининг эҳтиёжлари қондирилган. Бу сувнинг бир қисми. Қолгани эса катта ўзан ҳосил қилган ва теварак атрофдаги бошқа қишлоқ аҳолисининг деҳқончилик қилишига ҳам асқотиб келмоқда.
Мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги арафасида эса Саййид Неъматилло Валининг хоки ётган жой обод бўлди. Олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида у ер гўзал зиёратгоҳга айлантирилди.
Баҳодир ҲАЛИМОВ