ҚВП – аҳолини соғломлаштиришда муҳим бўғин
Истиқлол йилларида барча соҳалар қатори тиббиёт тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш муссасаларининг бутунлай янги қиёфа касб этиши, уларнинг энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши, мутахассис шифокорларнинг малакасини доимо ошириб бориш натижасида хасталиклар барвақт аниқланиб, ўз вақтида беморларга тўғри ташхис қўйилмоқда. Бу эса турли касалликларни даволашда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Хоразм вилоят марказий шифохоналарида эндиликда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг ошганлиги эл саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этаётир. Айниқса, қишлоқ врачлик пунктларида чекка ҳудудлар аҳолиси учун кўплаб касалликларга ташхис қўйиш, даволаш имкониятлари мавжудлиги яна бир муҳим омиллардандир.
Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал, дейди доно халқимиз. Шу боис мазкур тизимда профилактикага алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят аҳолисига турли касалликлар ва уларнинг олдини олиш чоралари хусусида тушунчалар берилмоқда. Юртимизда ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасида “Саломатлик ҳафталиги” ташкил қилинаётгани, тадбир доирасида малакали мутахассислардан иборат гуруҳ чекка қишлоқлар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказаётганлиги кўплаб касалликларни бирламчи босқичда аниқлаш ва даволаш имкониятини яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 29 июлдаги фармойиши асосида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилаётган “Саломатлик ҳафталиги”нинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ташкил қилиниб келинаётган бу акция Хоразм вилоятида жорий йилда янада кўтаринки руҳда уюштирилди. Уни талаб даражасида ўтказиш учун вилоятнинг энг тажрибали, билимдон мутахассислари жалб қилинди ва Гурлан, Шовот, Қўшкўпир, Янгиариқ туманларининг энг чекка қишлоқлари аҳолиси ҳам қамраб олинди. Акция доирасида 1153 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 1036 нафарига амбулатория ҳамда 117 нафарига стационар шароитида даволаниш тавсия қилинди. Биринчи навбатда ёлғиз қариялар, ногиронлар ва кўп болали ва кам таъминланган оила аъзолари, шунингдек, кексалар тиббий кўрикка жалб қилиниши мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эътиборнинг бир кўринишидир.
Гурлан тумани Шоликор қишлоғи “Янгиобод” ҚВПда 214 фуқаро кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 18 нафари болалар, 20 нафари хомиладор аёл, 12 нафари ногиронлардир. Тиббий кўрикдан ўтган фуқаролар 202 нафарига амбулатор, 12 нафарига стационар шароитида даволаниш тавсия қилинди.
Шовот туманидаги Ибн Сино номидаги ҚВПда 306 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Истиқлол туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан ошганидан мамнунмиз, – дейди фуқаро Фароғат Давлетова. – Қишлоғимиздаги врачлик пункти ҳам зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Мутахассислар тез-тез хонадонларимизга келиб, биз билан суҳбатлашиб, ўз маслаҳатларини бериб борадилар. Бу вилоят тиббиёт ходимларининг эл саломатлигини муҳофаза қилишга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги намунаси деб биламиз. Ўз касбининг фидойиларига қўлингиз дард кўрмасин деймиз.
Урганчдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида, “Оқ мачит” ҚВПсида ҳам ўз ишининг жонкуяр мутахассислари фаолият олиб боради. Шу кунларда Урганчдаги ҳар бир тиббий муассаса тумандаги чекка қишлоқларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишни давом эттирмоқдалар.
Вилоятда жорий йилнинг сентябрь ойида спорт билан шуғулланувчи болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоятимизда 32 минг нафардан зиёд болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига ва “Олимпия заҳиралари” коллежига жалб қилинган ҳолда мунтазам равишда спорт билан шуғулланадилар. Уларнинг саломатликларини назорат қилиш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдик. Бу дегани травматолог, ортопед, жарроҳ, кардиоревматолог, рематолог, педиатр, невропатолог, уролог каби мутахассислар томонидан болаларга тиббий ташхис қўйилди. Мунтазам равишда спорт билан шуғулланувчи ва шуғулланмайдиган болалар саломатлиги қиёсий таҳлил қилинди. Бу эса ёшларни спортга жалб қилишга яна бир туртки бўлди.
Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали жамоаси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда халқ саломатлиги йўлида амалга оширилаётган барча ҳаракатларимиз – оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, ўқув муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ташкил қилинаётган давра суҳбатлари, учрашувлар турмуш тарзимизда ифодасини топаётганидан мамнунмиз.
Қўшназар НАЗАРОВ,
Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Хоразм вилоят филиали директори