Уч ёшдан кейин
НУТҚ ВА ТАСАВВУРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, МАНТИҚИЙ ЎЙИНЛАРНИНГ АЙНИ ВАҚТИ
Фарзандингиз уч ёшга тўлди. Энди у гўдак эмас, худди катталардек фикрлаб, атрофдаги воқеа-ҳодисаларни тез илғай бошлайди. Кичик организмдаги руҳий ва жисмоний ривожланиш унинг қилаётган ҳар бир ҳаракатида, гап-сўзларида намоён бўлади. Болакай кундан-кун сизнинг эрка кичкинтойингизгина эмас, дўстингизга айланаётганини ҳис қиласиз. Уни кичкина тақлидчи, дейиш ҳам мумкин. Кичкинтой катталардан эшитган сўзлари, кўрган ҳаракатларини такрорлайди. Бу фарзандингизнинг ақлий ривожланиши жадаллашаётганидан дарак.
Уйқу вақти қисқариши табиий ҳол
Дилбандингиз уч ёшга қадам қўяр экан, ундаги ҳаракатчанлик янада ортади. У ўз ишига, миттигина режаларига эга шахсга айланади. Уйқу вақтлари қисқариб, суткада 10-12 соатлик ором билан кифояланади. Бундай пайтда кичинтойнинг кун тартибини тўғри ва мазмунли ташкил этиш катта аҳамиятга эга. Тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтишда давом этиб, бола вазни ва бўйидаги ўзгаришларни кузатиб бориш керак. Гўдаклик давридан амалга оширилаётган чиниқтириш тадбирларини канда қилмаган мақул. Болажонни ҳарорат паст бўлган мавсумда кунора, иссиқ фаслларда ҳар куни кундузги уйқу олдидан чўмилтириш лозим.
Кичкина нотиқ билан ишлаймиз
Бу даврда боланинг сўз бойлиги кундан-кунга бойиб боради. Телевизордан эшитгани бирор мураккаб иборани ишлатиб, баъзан сизни лол қилиши мумкин. Шу боис фарзандингизнинг нутқини тўғри шакллантириш устида ишлашни канда қилманг. Энди унга сўзларни тўғри ва тўлиқ айтинг. Масалан, у сўзларни бузиб ёки ўз тилига мослаб талаффуз қилса, хатони албатта тузатинг. Шунда боланинг тили равонлашиб, нутқ билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди.
Яна бир яхши усул – мультфилм томошасидан сўнг фарзандингиздан у нима ҳақида эканлигини сўранг. Бу ҳам бир машқ кўриниши бўлиб, болани сўз ва жумла ясашга ҳамда фикрлашга ундайди. Китоб варақлаганда ундаги суратлар, сайрга чиққанда кўрган нарсалари ҳақида сўранг. Бундай машғулот боланинг кўриш қобилияти ва хотирасини ривожлантириб, сўз бойлиги ошишига ёрдам беради.
Ҳар бир бола ҳаётида ўйинчоқлар беқиёс аҳамиятга эга. Айнан шу ёшда фарзандингизга ақлий фаолиятини ривожлантиришга мўлжалланган ўйинчоқлар совға қилинг. Бунда энг яхши танлов лего ўйинчоғидир. Бола билан бирга шаҳар ва уйлар ясанг. Ҳар бир ҳаракатингизни сўз билан ифодалашга аҳамиятли бўлинг. Бу ўйин болада фикрлаш, ижод қилиш қобилиятларини юзага чиқаради. Жисмларнинг ранги, шаклини ажрата олиш ва тасаввур қилишга ўргатади.
Ўйинчоқлардан ташқари, бола хотирасини мусиқа, эртак тинглаш, шеър ёд олиш билан мустаҳкамлаш мумкин. Энди болажон сиз айтиб бераётган эртакни эшитиш билан кифояланмай, ўзи мустақил ҳикоялар тўқиши, эртак айтиб бериши ҳам мумкин. Кичкинтойингиз яратган эртаклар қандай бўлмасин, уни жон қулоғингиз билан тинглаб, охирида муносабатингизни билдиринг. Шунда унинг фикри равшан, дунёқараши кенг бўлади.
Охири йўқ саволлар:
«Нимага?..»
Уч ёшдан кейинги давр бола интеллектининг шаклланиши билан аҳамиятли. Унинг қанчалик зукко ҳамда ақлли бўлиши атрофидаги катталарнинг эътибори ва сай-ҳаракатига боғлиқ. Борлиқни ўрганар экан кичкинтой онгида туғилаётган саволларни эшитиб, баъзан биз, катталар ҳайратга тушишимиз тайин.
Улар шу қадар кўпки, кишини шошириб қўяди. Болакайнинг ҳар бир саволига жавоб беришдан эринманг. «Нимага?» деб бошланувчи саволларини эътиборсиз қолдирмай, имкон қадар тўлиқроқ жавоб беринг.
Бу даврда бола билан қайси мавзуда гаплашманг, тезда киришиб кетади. Масалан, табиат, атрофда кўриниб турган нарсалар ҳақида савол-жавоб қилинг.
Яна бир муҳим томони – саволни фақат болакай бермасин. Баъзан сиз ҳам ундан бирор нарсаларни сўранг. Тушунтиришига имкон беринг.
Ўйинчоқ овунчоқ эмас
Болалар ўйинчоқларини харид қилишда уни тўғри танлаш, сифатсиз маҳсулотга дуч келиб қолмаслик муҳим. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ўйинчоқ боланинг ривожланишида асосий воситачи. У фақат овунчоқ эмас.
Болалар ўйинчоқлари танлашнинг умумий қоидалари бор ва буни ҳар бир ота-она билиши шарт. Аввало, боланинг ёшига қараб ўйинчоқ танлаш керак. Уч ёшли болага майда деталлари кўп, ўткир учли, ютиб юбориши ёки ўзига жароҳат етказиб қўйиши мумкин бўлган ўйинчоқлар олиб берманг.
Биринчи навбатда, ўйинчоқ ўрамидаги ёзувларни диққат билан ўқиб чиқинг. У хавфсиз материалдан тайёрланган бўлиши керак. Табиий юнг ва дарахт пўстлоқларидан ясалган ўйинчоқларни харид қилманг. Юмшоқ ўйинчоқ толалари тўкилиб тушмаслиги, пишиқлигига алоҳида эътибор қаратинг. Бундан ташқари, юмшоқ ўйинчоқда турли бактерия, чанглар тўпланиши боис, улар вақт ўтиб инфекция манбаига айланиши ва болалар, айниқса, аллергик реакцияга мойиллиги бўлган гўдакларнинг ўйнаши маъқул эмаслигини унутманг.
Ранги имкон қадар табиий бўлсин. Табиий ранг боланинг реал ҳаёт тўғрисидаги тасаввурига зарар етказмайди, иккинчидан, нотабиий, ҳаддан зиёд ўткир ранглар болаларни қўрқитиши ва таркибида заҳарли моддалар бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ўйинчоқни дўкондаёқ ҳидлаб кўришдан уялманг, чунки у ўткир ва нохуш ҳид таратмаслиги керак.
Боғчага қадам
Жаҳон тажрибасига назар ташласак, кўпгина ривожланган мамлакатларда болалар уч ёшдан боғчага қабул қилинар экан. Мазкур амалиёт юртимиз таълим тизимига жорий этилганлиги айни муддао бўлди. Бу даврда фарзандларимизнинг янги муҳитга мослашиши осон кечади ва улар таълим олиш учун физиологик ва психологик жиҳатдан тайёр бўлади.
Масалага тиббий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, уч ёшга тўлмаган бола ҳали ўзини мустақил тутолмаслиги, хоҳиш-истакларини эркин ифода қилолмаслиги боис, боғчада руҳан эзилади, иштаҳаси йўқолиб, тез-тез касалланиб қолади. Амалиётдан маълумки, иммун тизими тўла шаклланмаганлиги сабабли икки ёшли болалар юқумли касалликларга тез чалинади. Натижада, боланинг саломатлиги ёмонлашиб, ривожланишдан орқада қолиши мумкин.
Бундай салбий ҳолатдан нафақат битта оила, балки жамият азият чекади.
Қолаверса, кичик ёшли боланинг истакларини ҳеч ким онадек тушуна олмайди. Она бағрида бола ўзини хотиржам сезиб, вақтини чоғ ўтказади. Шундай масрур дамларида уни бегона муҳитга жуда эрта жалб этсак, кичкинтой учун бу катта стресс бўлиши мумкин.
Билиб қўйган яхши
– Болакай ташқи олам билан қанча кўп алоқа қилса, унинг организми гелментлар ҳужумига учраш хавфи шунча ортади. Буни ўз вақтида англаб, чора кўриш ота-онанинг қанчалик эътиборли эканлигига боғлиқ. Мазкур касалликка чалинган болалар кечаси тишини ғичиллатади. Уйқудан уйғонганида ёстиққа оғзидан сўлак оққанини кўриш мумкин. Фарзандингиз киндик соҳаси атрофидаги оғриқлардан шикоят қилади. Озиши ва терисида доғлар пайдо бўлиши мумкин. Ҳожатга борганидан сўнг ҳам ўзини енгил ҳис қилмайди. Кечалари тиниқиб ухламайди. Албатта, бу касалликдан даволаниб, халос бўлиш мумкин. Аммо бола гигиена қоидаларига риоя қилмаса ёки оиладаги бошқаларда ҳам гижжа бўлса, фарзандингиз яна паразитларга йўлиқади. Касаллик билан курашганда бутун оила баравар даволаниши зарур;
– Одатда боғча ёшидаги болаларда педикулёз, яъни битлар пайдо бўлиши кўп кузатилади. Бундай ҳолатда доимий озодаликка риоя қилинг. Кийим ҳамда чойшабларни ювиб, қайнатинг ва дазмоллашни унутманг, айниқса чокларини. Паразитларни сочдан майда тишли тароқ ёрдамида тушириш мумкин. Дорихоналарда педикулёзни даволовчи болалар учун махсус шампунлар ҳам мавжуд. Кичкинтойнинг сочларини калталатинг, имкони бўлса бутунлай олиб ташланг;
– Кўпинча йиғлоқи болаларга сўрғич бериб овутамиз. Табиийки, сўрғичга ўрганган бола ундан воз кечишга қийналади. Аммо мунтазам сўрғичдан фойдаланиш кичкинтойнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, оғиз бўшлиғидаги ўзгаришлар эса талаффуздаги нуқсонларга сабаб бўлиши мумкин.
Шаҳноза МАВЛОНОВА,
Республика ихтисослаштирилган
педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази
реаблитация бўлими мудири