Сабоқ

(Санам момонинг айтганлари)

Илм – тубсиз уммон. Илмнинг тубига етган борми, болам? Олинган илм одамнинг иймонига куч берса, ибодатига қувват бўлса, ҳаётини изга солса, қандай ҳам яхши. Тўғрими? Охирати учун озуқа бўлса, аълодан аъло.

Минг ўқиб олим бўлганларнинг кўпчилиги ҳаёт китобига бепарво қарайди. Одамлар қалбини, юлдузлар ҳолини, гуллар ҳидини, балиқлар турини билмайди. Шолидан буғдойни ажрата олмайди. Ҳаёт китобини равон ўқиш ҳаммага насиб қилмас экан. Аслида ҳаётга ибрат назари билан қараган одам учун – унинг саҳифаларида ҳамма нарса ёзиб қўйилган. Ўт-ўланда, мол-ҳолда, одам кўзи тушган ҳар нуқтада наққошнинг имзоси, котибнинг хати бор. Уларни теран нигоҳ, қалб кўзи билан ўқиш керак, холос…
Ўтган замонларда бир йигит тоғу тошлар, чўл-биё­бонлар ошиб, илм олиш учун узоқ юртларга кетибди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ўқибди. Илм йўлида сочига бирда-ярим оқ ҳам оралабди. У ўз қаричида бўйи билан ўйини ўлчабди. Назарида, илм нури билан нурафшон юзи, ҳикматларга тўла сўзи салобат-савлат касб этгандек кўринибди ўзига. Гоҳида одам адашади: ўзига ўзи «аъло» баҳоларни қўйиб олади; ғурурга кетиб манмансирайди. Ўзини уламо, бошқаларни мундайроқ санайди.

Хуллас ҳалиги йигит бир дунё илмни олганига, олим бўлганига ичдан қаноат этиб юртига қайтаётган экан, йўл устида – уйининг ёнбошида нон ёпаётган бир кампирга йўлиқибди. Кампир эл-элат одатига кўра йўловчига: «Ноннинг тузини тотиб ўтинг», дея марҳамат қилибди. Йўловчи олим энди иссиққина чўрак-нонни қўлига олган экан: «Ҳалолини ҳароми билан мак­руҳидан ажратиб енг», деган гапни эшитибди. Олим йигит ҳайратга тушибди. «Бу нон бўлса, унинг ҳароми, макруҳи бўларканми?». Ўйланиб қолибди. Гап нима тўғрисида кетаётганини англамабди. Нонни бўлиб олганича, ейиш-емасликни билмай, ҳайрат кўзи билан кампирга қараб тураверибди.

Шунда кампир йўловчининг иккиланаётганини кўриб, гапига ўзи изоҳ беришни лозим топибди. «Ноннинг ортига ёпишган тандиркесакни ейиш – бу ҳаромдир. Одам тупроқдан яралган. Ўз этини ўзи еган бўлади. Ноннинг куйган жойларини емоқ эса макруҳ саналади». Юртлар ошиб бориб, шунча йил ўқиган «олим» бу ҳукмни, бу ҳикматни бирор китобда ўқимаган экан. Йигит илми мундайроқ эканини англаб, иссиқ тандир ёнида «изимга қайтсаммикин», дея иккиланиб қолибди…

Б.НУРМУҲАММАД

Яна ўқинг:  Илм ва китоб: эгизак тушунча

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: