Ҳиндистонлик шифокорлар томонидан юртимизда бепул тиббий текширувлар ўтказилди
Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида юқори ва сифатли тиббий хизматни ташкил қилишда Ҳиндистон билан ҳамкорлик кун сайин кенг йўлга қўйилмоқда.
Хусусан куни кеча Тошкент ва Андижон шаҳарларида Ҳиндистондан ташриф буюрган шифокорлар томонидан ўтказилган текин тиббий кўрик, ана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди.
– Бир неча йиллардан буён Ўзбекистонга Ҳиндистондан кучли тажрибага эга тиббиёт мутахассислари келиб беморларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда, – дейди “Afzal Medical tourism” директори Маҳбуб Афзал. Бу йил ҳам шу анъанага содиқ қолган ҳолда ортопед, кардиолог, травматолог, гепатолог, вертегролог, невропотолог, уролог каби мутахассисликка эга шифокорлар томонидан Тошкент ва Андижон шаҳарларида бепул тиббий кўрик ташкиллаштирилди. Мақсадимиз нафақат Ўзбекистондан беморларни Ҳиндистонга олиб бориб даволаш, балки юртингизда ҳам тиббиётни кенг тарзда ривожлантиришдир. Хусусан, кейинчалик кичик-кичик жарроҳлик амалиётлари ҳиндистонлик шифокорлар томонидан юртингизда амалга оширилиши кўзланган.
Ҳиндистонлик мутахассислар кейинчалик юртимизда тиббиёт бўйича турли конференциялар, маҳорат дарсларини ўтказишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган. Шу билан бир қаторда ўзбекистонлик шифокорларни 6 ойлик ва 1 йиллик шартнома асосида Ҳиндистонга олиб бориб малака оширишлари борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хуршида ҲУСЕНОВА