Соғлом ҳаёт тарзи – узоқ умр гарови

Халқимизда “Соғлом руҳ танни даволайди”, деган тушунча мавжуд. Ёшликдаги турли, касалликлар, руҳий ҳаяжонлар кейинчалик ўз асоратларини кўрсата бошлайди. Юнон алломаси Гиппократ томонидан берилган инсон ҳаёти таснифи диққатга сазовордир. Бу тасниф бўйича инсоннинг яшаш даври ўнта ҳаётий даврга бўлиниб, бу эса ҳар етти йилда ўзгариб турар экан. Тибетлик табибларнинг маълумотларига кўра эркакларда турли касалликлар 40 ёшдан 50 ёшгача, яъни Гиппократ фикрига кўра еттинчи ҳаётий даврда кузатиларкан.

Инсон ҳаётининг ёшлик давридаги ҳар қандай вазиятлар, ўз вақтида касалликларнинг охиригача даволанмаслиги сабабли ўз таъсирини кўрсатади. Демак, организмда кечаётган салбий ўзгаришларнинг олдини олиш учун тегишли текширувлар ва даволаш чораларини кўриш зарур. Айниқса, инсонни пала-партиш жинсий ҳаёт кечириш жинсий йўллар билан юқувчи турли инфекцияларга мубтало қилади. Шунингдек, ОИВ (одам иммунтанқислиги вируси)ни ҳам юқишига кенг йўл очади. Бунинг оқибатида организмда ОИТС (одам иммунтанқислиги синдроми) ривожланади.

Бугунги кунда турли усулда даволовчи табиблар барча касалликларни тузата олишларини айтишмоқда. Аммо эркакларнинг мижоз сустлигига олиб келувчи асосий сабабларга катта эътибор қаратиш зарур.

Импотенция – эркакларнинг мижоз сусайиши бўлиб, бу бошқа касалликнинг асорати сифатида юзага келишини ҳамма ҳам билавермайди. Ёшларнинг янги оила қуриши, янгича ҳаёт тарзидаги қаттиқ ҳис-ҳаяжон ва қўрқув ҳам организм учун руҳий зўриқиш (стресс) омили ҳисобланиб, бу ҳолатдан йигитлар руҳий ёндашув ёрдамида чиқиши мумкин. Бунинг учун ҳар бир инсон ўз организмини яхши англаши ва ўз вақтида мутахассисга мурожаат этиши зарур.

1998 йилнинг февраль ойида Женевада Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ташаббуси билан ўрта ёшдаги эркакларнинг тиббий муаммоларига бағишланган I халқаро анжуман бўлиб ўтди. Бу анжуманда қуйидаги қатор масалалар муҳокама этилди. Яъни:

1. Нега энг ривожланган мамлакатларда ҳам эркаклар аёлларга нисбатан 7 йил кам яшашади?

2. Нима учун эркаклар учун махсус шифокорлар (андролог-сексопатолог)лар етишмайди?

3. Аёлларга климакс даврида гормонал препаратлар тавсия этилади (коррекция қилинади) эркаклар эса ўз муаммолари билан кўпинча нега ёлғиз қолишади?

Ушбу халқаро тиббий конгрессда машҳур хорижлик эндокринолог Бруно Люненфельд тадбир иштирокчиларига эркаклар муаммосига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида мурожаат этди.

Аёлларда жинсий гормон эстероген ҳисобланади, эркакларда эса тестостерон бўлиб, 45 ёшдан бошлаб организмда уни ишлаб чиқарилиши камаяди. Айрим кишиларда бу гормон 80 ёшда ҳам бир хил меъёрда ушланиб туради. Улар ташқи кўринишидан бақувват бўлиб соғлиқларидан шикоят қилмайдилар.

Яна ўқинг:  Ота-она бўлишга тайёрмисиз? (давоми)

Илмий изланишлар натижасида шу маълум бўлдики, тестостерон нафақат жинсий аъзолар балки, бутун организмдаги қон айланиш тизими, моддалар алмашинувига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Организмда климакс пайти тушуниб бўлмайдиган бўғим ҳамда суяклардаги оғриқлар, бўшашиб, қувватсиз бўлиб қолиш, тўсатдан юракнинг тез уриб кетиши (бу ҳолатда электрокардиограммада ҳеч қандай ўзгариш аниқланмайди), кечқурунлари бот-бот тер босиши, хотиранинг сусайиши, уйқунинг бузилиши, даҳшатга тушиб қолиш, иштаҳанинг пасайиши, танада ортиқча ёғ тўпланиши, руҳий тажанглик, хўрсиниш ҳоллари кузатилади. Айрим эркакларда климакс қирқ ёшдан ошган вақтда ҳам бошланади. Бу даврда юзага келадиган ҳолатлар натижасида улар жуда тез руҳан эзиладилар, натижада бошқа касалликларни орттириб оладилар.

Оилавий шифокорларига камқувватлик, тез чарчаб қолиш, жаҳлдор бўлиб қолганлиги ҳақида мурожаат қиладилар. Кўпчилик шифокорга мурожаат қилса касаллигини ошкор бўлишидан қўрқиб, бу борада мутахассис бўлмаган таниш шифокорлари, дўстлари, қариндошларининг маслаҳатлари билан турли кераксиз дориларни қабул қиладилар. Бу эса касалликнинг тузалиши ўрнига янада зўрайишига олиб келиши мумкин. Маълумки, ҳаммани бир хил муолажа қилиб бўлмайди. Шу боис мутухассис-шифокорга мурожаат этилса, тўғри ва аниқ ташхис қўйилгач, керакли муолажаларни тавсия этиши мумкин. Бу борада профессор О.Тиктинскийнинг махсус жадвали қўлланилади. Яъни, касалларга маълум вақтгача тестостерон дорилари берилади. Жинсий аъзолар фаолияти соғлом ҳолатга келгач дори бериш секинлик билан тўхтатилади. Организм табиий даражада гормон ишлаб чиқишигача муолажа олиб борилади.

Хасталик белгилари, ташқи кўринишлари ўхшаш бўлганлигига қарамасдан баъзи бир эркакларда мижоз сустлиги асаб тизимининг бузилишлари, гормон етишмовчилиги, эндокрин тизими ва юрак қон томир тизими етишмовчилиги оқибатида келиб чиқади. Агарда ҳар бир оилада оилавий шифокор бўлса, у ҳолда мутахассис беморнинг ҳаёт ритмини, кундалик ўзгаришларни, яъни биоритмни билади. Бундай ҳолатларда мутахассис билан маслаҳатлашиб, айнан керакли муолажаларни олиш эркакларимизнинг умрларини узоқ бўлишига, 80-90 ёшларида ҳам тўлақонли ҳаётдан баҳраманд бўлишларига имкон яратади. Ўз соғлиғингизга эътиборлироқ бўлиш, ёш авлодга ўрнак бўлишини унутманг, азизлар!

Севара КАРИМОВА,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: