Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклади

Бугунги кунда ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш фаолият унумдорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини ташкил этишга, жумладан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, моддий манфаатдорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган ҳолатлар вазирлик томонидан аниқланиб, бартараф этилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасига мувофиқ, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланган бўлса-да, И.Иргашев номли Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонаси бош шифокорининг 2019 йил 26 январдаги 25-сонли буйруғига асосан ушбу шифохонанинг болалар реанимация бўлими ўриндош шифокори С.О. билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 5-бандига кўра бекор қилинган. Ходимнинг вазирликка мурожаатини ўрганиш жараёнида Тошкент вилояти Зангиота туман тиббиёт бирлашмаси 16-сон қишлоқ оилавий поликлиникасининг берган маълумотномаси билан С.О.нинг ҳомиладор эканлиги факти ўз тасдиғини топди.

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан И.Иргашев номли Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонаси бош шифокорининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда чиқарилган буйруғи бекор қилиниб, врач С.О. аввалги ишига тикланди ҳамда мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаб берилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини қўпол равишда бузган бош шифокорга нисбатан интизомий жазо чораси қўллаш масаласини қонунда белгиланган тартибда ҳал этиш Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи зиммасига юклатилди.

Шунингдек, яна бир ҳолат. Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2019 йил 24 январдаги 7т-сонли буйруғига асосан туғруқхона бўлими мудири Баҳром Кўчаров иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча шошилинч тез ёрдам бўлимига шифокор вазифасига ўтказилган. Бунда иш берувчи томонидан ходимдан розилик олинмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 93-моддасига кўра, вақтинча бошқа ишга ўтказишга ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўлган тақдирдагина йўқ қўйилади. Мазкур ҳолатда хам Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Баҳром Кучаров аввалги ишига тикланиши таьминланиб, ходимнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғига нисбатан эса вазир буйруғи билан Меҳнат кодексига мувофиқ ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан нафақат аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, балки ўз ходимларининг ҳуқуқларини ҳар қандай бузилишлардан ҳимоя қилиш, уларни турли тажовузлардан асраш учун бундан кейин ҳам барча қонун йўл қўядиган усуллардан фойдаланилади.

Яна ўқинг:  Китоб – энг яхши совға

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: