Қорин чурраси қандай дард?
Баъзи беморлар қорин чурраси ташхиси қўйилганидан жиддий хавотирга тушишади. “бу чурранинг келиб чиқишига нима сабаб бўлиши мумкин? энди уни даволаса бўладими? кейинчалик бу дард яна қайталанмайдими?” деган саволлар билан бизга мурожаат қилишади.
Қорин чурраси бу – қорин бўшлиғидаги бирор бир аъзонинг қорин пардаси билан биргаликда табиий ёки сунъий тешиклар орқали ташқарига, яъни тери ости ёғ қаватига чиқиб қолишидир. Қориндаги табиий тешиклардан чиқувчи чурралар кўпинча киндик, чов ва сон ҳалқаларидан ёки қорин оқ чизиғидан чиқиб қолади. Сунъий тешиклардан эса бирор бир жароҳат туфайли қорин деворининг зарарланиши оқибатида ноодатий жойдан чурра чиқади. Бошланғич даврда чурралар жисмоний ҳаракат, зўриқиш ва тик турган ҳолатда қорин юзасида бўртиб туради ва ётган ҳолатда ёки бўшашганда ичкарига кириб кетади. Улар асоратланганда эса чурра умуман ичкарига кирмай қолади. Қорин чурраларида очиқ усулда жарроҳлик амалиётлари бажарилса, уларнинг қайталаниш эҳтимоли 10 фоизни ташкил этади. Чуррани кесишда имплантант (сетка) қўйиш амалиётида унинг қайталаниш эҳтимоли 4-5 фоизга камаяди.