Хонадон хазинаси нима бўлиши мумкин?

Уй тўла аёлларнинг кўзи келиннинг сепида. Мезбонлар меҳмонларни холи қолдириши билан аёллар келиннинг мебели, пардаси ёки гиламига “нарх” бера бошлашди. Суҳбатдан келин университетнинг ўзбек тили ва адабиёти йўналишини тамомлаётгани англашилди. Гап орасида отаси вафот этгани, шунданми, тўй ғариброқ ўтгани, сепи ҳам шунга яраша эканини қистириб ўтишди. Бояги ширин ҳисларим ўрнини ғашлик эгаллади. Даврада бегонадай ҳис этдим ўзимни. Ерга урилаётган, ғариблашаётган сеп-сидирғага бир қур назар ташладим. Шунда жавон тўридан таралаётган “нур” кўнглим пучмоқларини ёритиб юборди. Аста турдим-да, ўша томон шошдим. “Воҳ, хонадаги барча нарсага “нарх” уриб чиққан “савдогарлар” наҳотки, энг қимматли буюмни кўра олишмади?”

О, бу бебаҳолик!

Китобларни бирма-бир қўлимга оламан. Бироз оҳори кетган бўлса-да, қимматли.

– Бу кимники? – илкис савол берибман. Бироз истеҳзоли, кинояли нигоҳлар қуршовида ноқулай аҳволга тушган келинчакнинг юзлари бирдан ёришиб кетганини сездим.

– Меники, ҳали ҳаммасини олиб келолганим йўқ, – деди у ийманиб.

Жавон тўрида мен ҳамон етишолмаган Алишер Навоийнинг ўн жилдлик асарлари чиройли терилиб турарди. Шунда бегоналар ичидан қадрдон инсонимни топгандай, келинчакни бағримга маҳкам босдим:

– Сиз энг бой, бахтли келинсиз, чунки сизнинг битмас-туганмас хазинангиз бор экан, – дедим ва хонада ўтирган аёлларга бу китобларнинг нечоғлик қимматли эканлиги ҳақида сўзлаб бердим. Инсон камолотида китобнинг аҳамияти беқиёслигини алломаларимизнинг ўгитлари ва ҳаётий мисоллар орқали тушунтирдим.

Энди меҳмонлар келинчакка ҳавас билан тикилишар, китоблар бутун хонага, давра аҳли чеҳрасига ёруғлик улашганди.

Ҳа, келинчак бахтли ҳаёт кечиряпти. У ўқимишли аёл, уддабурон келин, оқила турмуш ўртоқ сифатида барчанинг меҳрини қозонди. Мен аёлнинг ҳаётда ўрин топишида у ўқиган китобларнинг бемисл ҳиссаси борлигини ич-ичимдан ҳис қилиб тураман. Ҳар гал ўша келинчак ҳақида бир яхши гап эшитганимда фарзандлари қалбида китобга меҳр уйғотган маърифатпарвар ота-оналарга нисбатан ҳурматим ошади.

 

Н. МАННОПОВА

Яна ўқинг:  “Хўрак”ка илинган болалар тақдири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: