Соғлиқни сақлаш соҳасига инновацион ёндашув

Бугунги кунда дунёда соғлиқ шунчаки бойлик эмас, балки улкан салоҳият, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бош ҳаракатлантирувчи кучи, давлат қудратининг кўрсаткичи деб қаралади. Аҳолининг айниқса, ёш авлоднинг саломатлиги – замонавий давлатнинг табиий ресурсларидан ҳам бебаҳо ва қимматли бўлган бойлиги ҳисобланади. Зеро, фақат соғлом аҳолига эга мамлакатгина кучли ва қудратли бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам ўтган икки йил давомида мамлакатимизда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соғлом авлодни шакллантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг бошланғич бўғини ҳисобланган шошилинч тез тиббий ёрдам ва касалликлар профилактикасини замонавий даражага кўтариш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамиятда тиббий маданиятни ошириш масалаларига ҳамда соғлиқни сақлаш хусусий секторининг барқарор ривожланишига, хусусий тиббиётга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб этишни кучайтиришга, хусусий тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантиришга, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга эришилган ютуқлар билан бир қаторда ушбу соҳада соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия мавжуд эмаслиги оқибатида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги сабабли тиббиёт соҳасига инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти.

Бундан ташқари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, энг аввало, республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва лозим даражада сақлаш, уларнинг кўникмалари замонавий талабларга мувофиқлиги устидан таъсирчан мониторинг тизими жорий этилишида камчиликлар мавжуд.

Ҳозирги кунда клиник протоколлар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги, шунингдек, инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги аҳолига тиббий ёрдамни ташкил этишга замонавий услуб ва ёндашувларни жорий этишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар йўқлиги, ҳамда ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси шакллантирилмаганлиги сабабли соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бермаётганлигини кўриш мумкин. Мавжуд муаммолар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилашга, республика соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини оширишга, шунингдек, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жорий этишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Кино 5 кунда

Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 2 августидаги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тиббиёт соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ислоҳотларнинг инновацион моделларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг раиси этиб Равшан Изамов тайинланди.Р. Изамов 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2001 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Шунингдек, бўлажак матахассис 2005 йилда  дерматовенерология йўналиши бўйича магистрликни ҳимоя қилган. Яна у 2006 йилда Буюк Британияда лицензига эга доктор мақомига эришган(GMC registereddoctor). Queen Mary university’да тери касалликлари йўналишини тамомлаган. Эстетик тиббиёт соҳаси бўйича тажрибасини оширган Равшан Изамов малакали, халқаро нуфузга эга мутахассисдир.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг бош мақсади аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, республика соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ушбу тизимга чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жорий этишдир.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига республика соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шу билан бирга зарур статистик ахборот билан таъминлаш мақсадида тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, ҳамда статистик кўрсаткичларни манипуляция қилиш имкониятини истисно этадиган халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш керак.

Республика шифокорлари ва провизорларини рўйхатга олиш тизимини жорий этиш ҳамда умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш,халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратиш замон талабидир. Ушбу миллий палата тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий тиббий асбоб- ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағларни жалб этишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида янги ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашади.

Бундан ташқари тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган аҳолининг ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, ҳамда шифокорларнинг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш ҳам миллий палатанинг вазифалари қаторига киради.

Яна ўқинг:  Истиқлол бунёдкори

Шу билан бирга тиббиёт ходимларининг касбий малака даражаси, уларнинг кўникмалари  жаҳоннинг энг яхши амалиётига мувофиқлиги устидан,шу жумладан, улар фаолиятини якка тартибда лицензиялашни жорий этиш орқали таъсирчан мониторинг тизимини йўлга қўйиш,тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиради.Тиббиёт соҳасига замонавий стандартларни жорий этиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассисларни мамлакатга фаол жалб қилиш, мамлакатимиз мутахассислари ҳамда экспертларининг чет элда стажировка ўташини ташкил этиш Миллий палата фаолиятининг йўналишларидан бири ҳисобланади.

Жаҳоннинг энг яхши амалиётини чуқур ўрганиш асосида шифокорнинг хатолари, касалликларни нотўғри диагностика қилиш ва даволаш ҳолатларини камайтиришнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва уларни соҳага жорий этиш, мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига, шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида хорижнинг энг яхши амалиётини мослаштирилган тарзда жорий этиш фуқароларни тиббий суғурталашни ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш каби вазифаларни амалга ошириш ҳам белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси давлат бошқаруви органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тиббиёт ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, ушбу соҳани фуқароларга мумкин қадар яқинлаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларни барвақт олдини олиш ва ногиронлик даражасини пасайтириш бўйича ҳам ишлар олиб боради.

Шу билан бирга аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ошириш, уни мониторинг килиш мақсадида замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ҳамда даволаш сифатига оид стандартлар ишлаб чиқиш, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилишини мониторинг қилиш каби вазифалар ҳам ушбу миллий палата зиммасига юклатилган.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишда самарали жаҳон тажрибаларидан фойланиш ҳам катта аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам хусусий, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимини жадал ривожлантириш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва уни мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш, хориж тиббиёти ва бошқа ташкилотлар билан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг асосий вазифаларидан биридир. Шу билан бирга ушбу миллий палата республика соғлиқни сақлаш тизимига грантлар, кредитлар, донорлик ва бошқа маблағларни жалб этиш мақсадида учрашувлар, музокаралар ташкил қилади.Жалб қилинган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини мониторинг ҳамда назорат қилиш, салоҳиятли инвесторлар, айниқса, хорижий инвесторларга республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун инвестиция киритиш масалалари бўйича ахборот, маслаҳат, ҳуқуқий ва бошқа шаклларда, шу жумладан, бизнес-режалар ишлаб чиқиш ҳамда таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш манбаларини жалб қилиш орқали ҳар томонлама кўмак кўрсатади.

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2013-39)

Бундан ташқари тиббиёт ва фармацевтика соҳасига оид ташкилотларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағлар жалб этиш, ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашиш каби вазифалар ҳам шубу янги ташкилот зиммасига юклатилган.Миллий палата тиббиёт муассасаларини тиббий жиҳоз ва ускуналар билан жиҳозлаш стандарларини ишлаб чиқишда, уларни жорий этишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда иш олиб боришни режалаштирган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Инновацион  соғлиқни сақлаш миллий палатаси  келгусида жаҳон миқёсида  мамлакатимизнинг соғлиқни сақлаш тизимини инновацион ривожланиши ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишда, соғлом турмуш тарзини қарор топиши ва аҳолининг узоқ  умр кўриш давомийлигининг оширишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиши билан аҳамиятлидир.

Кенжабой ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Инновацион

 соғлиқни сақлаш миллий палатаси

мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: