Кузнинг инжиқ об-ҳавосида: мавсум учун маслаҳатлар

Куз – одам организми қанчалик мустаҳкамлигини жиддий синовдан ўтказувчи давр. Ҳар бир инсон вужуди бу даврда турлича таъсирланади. Кимнингдир маза қилиб ухлагиси келса яна биров уйқусизликдан азият чекади. Айрим кишиларнинг бўлар-бўлмасга жаҳли чиқади.

Мутахассислар фикрича турли касалликлар, айниқса, куз фаслида тез-тез “бош кўтаради”. Улар ҳақида билиб олсак саломатлигимиз борасидаги муаммоларнинг олдини олиш чораларини кўришимиз мумкин бўлади. Йилнинг бу фаслида табиатда жиддий “қайта қуриш” юз беради. Биз эса шу табиатнинг бир бўлагимиз. Умуман олганда буюк табиб, табобот илмининг султони Абу Али ибн Синонинг таъбири билан айтганда кузда хилтлар қўзғалади. Шундай экан организмимиз ҳам кун совушига, қуёшли кунларнинг эса аста-секин камайишига мослашиш учун ҳаракат қилади.

Бу мавсумда ангина (бодомча безларнинг яллиғланиши), ларингит, трахеит, цистит (қовуқ яллиғланиши), бод (ревматизм), пиелонефрит, қалқонсимон без фаолияти ҳамда асаб тизимининг бузилиши каби хасталик-лар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин.

Бу даврда иммунетитни мустаҳкамлаш учун мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда енгил дори-дармонлар қабул қилишингиз ёки халқ табобатида қўлланиладиган табиий дори воситаларидан фойдаланишингиз мумкин. Хазонрезги фаслида депрессия (тушкунлик), стресс (руҳий зўриқиш) иммун тизимга зиён етказади. Шу сабабли қуйида ушбу хасталикларнинг олдини олиш ҳақида тўхталамиз.

Авваламбор, чаканда резавор мевани музлатгичга ғамлаб қўйинг. 1-2 чой қошиқ унинг мевасини шакар билан аралаштириб истеъмол қилсангиз организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини таъминлайди. Яна малина (хўжағат) ва маймунжон мевасининг тенг миқдорда шакарга аралаштирилгани ҳам худди шундай таъсирга эга бўлади.

Яра касалликлари (масалан, меъда яраси) зўрайганда оғриқ хуружини бир чимдим туз қўшилган сут билан қолдириш мумкин. Аммо, бу шошилинч чора ва уни буткул соғайиш учун қўллаш самарасиздир. Бундай ҳолатда озиқ-овқат қўшимчалари ва гиёҳли дамламаларни унутинг. Акс ҳолда ўзингизни жиддий хавфга қўйишингиз мумкин. Бўғимларни эҳтиёт қилинг. Агар бўғимларингизда мавсумий оғриқ юзага келса В гуруҳи витаминларини шифокор тавсияси билан қабул қилинг. Улар асаб толалари ва бўғимларнинг тоғайдан иборат юзалари озиқланишини яхшилайди. Шунингдек, кальций моддаси ҳам суяклар мустаҳкамлиги учун фойдалидир.

Грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лардан эҳтиёт бўлинг. Касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Елвизакли жойлардан қочинг. Ўзингизни иссиқ тутинг. Сув ва бошқа суюқликлардан кўпроқ ичинг. Эпидемия даврида одам гавжум жойлардан узоқроқ бўлинг.

Яна ўқинг:  Қўлингиз асло дард кўрмасин!

 

Сайёра ХОЛОВА,

терапевт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: