Мактаб ўқитувчилари меҳнати қўшимча рағбатлантирилади
Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари меҳнатини қўшимча рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ОАВга тақдим этилди.
Унга кўра республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган умумий ўрта таълим мактаблари педагог кадрлари энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланиши кўзда тутилган.
Фан олимпиадаларининг иккинчи (туман, шаҳар) босқичида 1,2, 3-ўринларни қўлга киритган ўқувчиларини тайёрлаган педагогларга – энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 10,9, 8 баробари миқдорида, учинчи (вилоят) босқичида 1,2, 3,4, 5-ўринларни қўлга киритган ўқувчиларини тайёрлаган педагогларга – энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 20,15,13,11,10 баробари миқдорида, фан олимпиадаларининг тўртинчи (республика) босқичида 1,2, 3-ўринларни қўлга киритган ўқувчиларини тайёрлаган педагогларга – энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 40,35,30 баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши лойиҳага киритилган.
Халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари соҳиблари бўлган умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларини тайёрланган педагоглар – энг кам ойлик иш ҳақининг 50,45,40 баравари миқдорида мукофотланиши ёзилган. Шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тақдим этилган буюртмаларга асосан таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш йўлланмаларини ўрнатилган тартибда ажратилишини таъминлайди.