Урганчда замонавий Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий ва ҳудудий кенгашлари раислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёш авлод жамиятнинг ташаббускор ва фаол қатлами сифатида доимо қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Амир Темур номидаги истироҳат боғи ҳудудида ташкил этилган марказда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. “Ёш чеварлар”, “Ёш рассомлар”, “Ёш шахматчилар”, “Ёш ижодкорлар”, “Ёш сартарошлар” каби ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган анжуманлар зали замонавий жиҳозланган.

– Марказ ёшларнинг вақтини кўнгилли ўтказиши билан бирга, уларни қизиқишига қараб муайян касбга ўргатиш, спорт билан шуғулланишига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши раиси М.Машарипов. – Уларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлайди. Вилоятимизда навқирон авлод вакиллари ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли йўналишлари – ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда фаол иштирок этиб, замонавий масканларда таълим-тарбия олмоқда, спорт билан шуғулланмоқда.

Ёшлар марказининг фойдаланишга топширилиш маросими Хонқа туманида ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишга бағишланган мулоқот, Урганч тумани Комилжон Отаниёзов номидаги ижод марказида ёш ижодкорлар учрашуви, Урганч шаҳрида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-юридик лицейнинг ташкил этилиши, “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти Хоразм вилояти филиалида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиши, Ҳазорасп туманидаги педагогика коллежи биноси негизида Ёшлар маркази иш бошлаши каби тадбирларга уланиб кетди.

Тадбирлар доирасида Урганч шаҳридаги “Ёшлик” массивида 32 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли “Ёшлар» уйи ўз эгаларига топширилди.

– Бугун бизнинг оиламиз учун қўшалоқ байрам, – дейди ёш оила бекаси Латофат Юсупова. – Яқинда фарзандли бўлдик. Фарзандимизни туғруқхонадан тўғри мана шу янги уйимизга олиб келдик. Уй жуда замонавий ва кўркам. Қўшниларимизнинг барчаси ижтимоий фаол ёшлар экан. Биз, ёш оилаларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Шу кунга қадар Хоразм вилоятининг Гурлан, Хонқа, Хива, Урганч тумани ва Урганч шаҳрида 256 ёш оилага мўлжалланган “Ёшлар” уйи топширилган.

Яна ўқинг:  «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди: фаолият қисқа сатрларда

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: