Тоғ бургути

Тоғ бургути – йирик ва қудратли қуш. Кўринишдан тўқ қўнғир, аммо бизга узоқдан бир хил қора тусда бўлиб кўзга ташланади. У офтобда исинаркан қанотларини парваришлаб, кафт ва панжаларини тозалаб туради. Унинг кенг қанотлари ўзига хос. Патлари жуда зич бўлганлигидан вазмин ва узоқ муддат уча олади. Кўзлари ўткир. Бу эса унинг муваффақиятли ов қилиш гаровидир.

Ҳар гал қуёш бўй кўрсатганда бургутлар товуши осмон билан бўйлашган Бахмалнинг баланд Ойқор тоғи ва чўққилари узра акс-садо беради. Бу мағрур қушлар атрофда қад ростлаб турган улкан қоялар оша кучли шамолларга ҳам басма-бас шиддат билан парвоз қиладилар.

Тўғри танланган марра омадли ов ҳисобланади. Абжирлик, чаққонлик ва мерганлик ҳам талаб қилинади, албатта. Бургутларнинг қулай имкониятни бой бермай, бехосдан қилган ҳаракатлари самарасиз кетмайди. Уларнинг аксар қиёфаси ҳавода намоён бўлади. Бу юмушлар устасига чикора.

Бургут – этхўр жонивор бўлиб, ҳар гал йирик ўлжа тутиш пайида бўлади. Бу сафар чангалига кутилмаганда товушқон илиниб, омад унинг фойдасига ҳал бўлди. Ўлжа бор жойда қирғий, калхат, тасқара каби йиртқич қушлар ҳам ҳозиру нозир.

Бироқ тоғ бургути палапонларига аталган ўлжа уядаги энг йирик ва кучлиларигагина насиб этади. Ота-оналар уларга ғамхўрлик кўрсатиб, куни бўйи меҳнат қилишдан чарчамайдилар. Кичкинтойларни озиқлантириш баробарида мустақил ҳаёт учун яшаш ва курашга ўргатиб борадилар.

Катта палапонлар кичикларини турткилаб, шовқин солиб уядан тушириб юборишга ҳаракат қилишади. Бу воқеа ота-оналар кўз ўнгида содир бўлса-да, улар пинагини ҳам бузмайдилар. Айниқса, кичкинтой ҳали овқатдан умидвор, унга ота-оналар ғамхўрлиги зарур бўлади. Вақт ўтган сари палопонлар улғайишиб, яшаш учун курашга интиладилар.

Бир жуфт бургутнинг бир нечта уялари бўлиб, ота-оналар ҳар йили чўп, хас-ҳашак ташиб, уларни тузатиб ва янгилаб туришади. “Таъмирланган” уялар вақт ўтган сайин катталашиб, кичкинтойлар учун иссиқ ва қулай бошпана вазифасини ўтайди.

Бировни аяш йўқ. Ҳаёт бешафқат. Ота-оналар сўнгги вақтларда нимагадир палапонларига озуқа келтиришга шошилишмаяпти. Улар кичкинтойларни узоқдан кузатишар, ғайритабиий товуш чиқариб безовталанишарди. Афтидан, она бургутнинг танлаш вақти келди: у палапонларининг фақат бирини меросхўр сифатида уяда қолдириш ниятида. Она бургутнинг биргина нигоҳи вояга етган палапонлардан ажралиши кераклигини англатарди. Негаки, унинг бошқа юмушлари ҳам бор.

Яна ўқинг:  БАҲОР КЕЛДИ

Айрилиқ – ёш бургутлар учун аянчли ва оғир. Балки улар таҳликали кунлардан кейин биргаликда яшамас, бир-бири билан учрашмаслар ҳам. Кичкинтойлар ноласини эшитиш ота-оналар учун осон бўлмайди. Улар бесаранжом бўла бошлади. Айниқса, энг кичиги ҳали нимжон, ночорлигидан қанот қоқишга ҳам мадори йўқ. Катталар орасида ожизлиги шундоққина сезилиб турарди. “Катталари уни уядан тушириб юбормасмикин? Балки унинг сўнгги кунлари яқин қолган бўлиши мумкин…” Дарҳақиқат, кичигини очлик батамом ҳолдан тойдирганди. Бу фожеа билан баробар. Она бургут назарида ушбу ўтаётган таҳликали ва ташвишли кунлар гўё бир умрга чўзилиб кетгандек эди.

Куз яқинлашгач, ёш бургутлар пари тўкилиб, уларда асл қанот пайдо бўлабошлади. Пат – улар соғлиғи учун ҳам жуда муҳим. Вақт келиб ёш авлод бўйга тортиб, илк тетапоя қадамларини ташлай бошладилар. Бехавотир жой ахтаришиб дарахт шохидан-шохига сакраб учишга шайланишар ҳамда мустақил яшашга интилишарди. Шу таҳлитда улар ҳаёт тарзи яхшиланиб, яшашга бўлган иштиёқлари кундан-кун ортиб борарди.

Вақт ўтган сайин ёш бургутлар ўзларини эркин тутиб, ҳавода бардам ва чаққон ҳаракатланадиган бўлишди. Лекин ҳаёт учун курашда кўп нарсани билишлари, муваффақиятга эришишда қанотлари мустаҳкам бўлиши лозим. Улардан матонат, сабр-тоқат ва қатъиятлик ҳам талаб этиларди.

Куз охирлаб, ўрнини изғиринли совуқ кунлар эгаллай бошлади. Ёш жониворлар учун масъулиятли кунлар яқин. Ҳадемай қиш қаҳрини сочиб, улар учун оғир синовлардан ўтиш палласи бошланади. Қисқаси, қушлар ҳаёт тарзининг аччиқ ҳақиқати – яшаш учун курашдан иборат.

 

Қандим СУЯРОВА,

Жиззах шаҳридаги 19-умутаълим мактаби ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: