Боланинг бегонаси бўлмайди, аммо ўз фарзандимиз бегоналашса-чи?

Жорий йил 20 сентябрь. Соат тонгги 04: 25лар чамаси. Чилонзор туман Ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисмига қўнғироқ бўлди. Мурожаатга кўра пойтахтимизнинг Чилонзор кўчаси, 85-уйда жойлашган гўзаллик салони қаршисида давлат рақами 01 Н 006214 бўлган “Каптива” русумли автомашинанинг олд эшиги ойнаси номаълум жисм ёрдамида синдирилиб, салон ичидаги виза карталар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, ҳамда 1 миллион 500 минг сўм, 500 АҚШ доллари ва 600 турк лираси ўғирлаб кетилди.

Суриштирувлар натижасида мазкур жиноят Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги 160-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, 2002 йилда туғилган Олим Олимов томонидан содир этилгани маълум бўлди. Соҳа ходимлари томонидан ҳуқуқбузар ушланиб, унга тегишли чора кўрилди…

Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан тақдим этилган ушбу маълумот вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг бир кўриниши, холос. Афсуски, бундай мисолларни ҳаётимизда кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, ёшлар томонидан содир этилаётган қонунбузарликларга нима сабаб бўлмоқда?

 

Фарзандингиз ҳозир қаерда ва кимлар билан?

Ўтган асрда АҚШда вояга етмаган ёшларнинг уйдан қочиб кетиш ҳолатлари тез-тез қайд этилган. Асосан оиласида зулм кўрган, ота-она жанжалидан безор бўлган болалар уйни тарк этишган. Ўша вақтда катталар бу вазиятни демократлашув дея атайди ва фарзандларини эътиборсиз ўз ҳолига ташлаб қўяди. Натижада ёшлар кўча ҳаётига мослаша бошлайди. Улар мактаб ва коллежга бормасдан кун давомида майда безориликлар билан шуғулланади. Натижада бундай безори болаларнинг сафи кундан кунга кенгайиб боради. Улар кўприклар остини макон қилади ва ўзларини “Бахтлилар” (Happy) деб аташади. Майда безориликлардан зериккан ёшлар аста-секин йирик жиноятларга ҳам қўл уришади.

Европа ёшлари орасида оммалашган “Halloween” ўйини ҳам айнан кўприк остида яшовчи “бахтлилар” томонидан ўйлаб топилган. Аввалига кун кўриш учун жиноят йўлига кирган ёшлар энди кўнгилхушлик учун одамларни қўрқувга сола бошлайди. Ваҳимали тасвирлар акс этган ниқобларни ясаб, қовоқ ниқобида рақс тушишади. Шўхликлар чегарадан ошгач, безориларга нисбатан қатъий чоралар кўрилган. Бу пайтда улар каби “бахтлилар” Европа бўйлаб кенг тарқалиб улгурганди.

Бу ёшларни бежиз мисол келтирмадик. Айтмоқчимизки, ўша “бахтлилар” ҳам дастлаб оддий оила фарзандлари бўлган. Ота-оналарнинг болалари тақдирига эътиборсизлиги уларни шу кўйга солган.

Яна ўқинг:  “Ёрдамга муҳтож” вирус: у ҳақида нималарни биламиз?

Кейинги вақтлар ёшларимизнинг кийиниш маданияти, уларнинг юриш-туриши, ахлоқ-одоби ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали кўп ва хўп гапирилмоқда, турли радио ва теле дастурлар эфирга узатилмоқда. Афсуски, бу қилинаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, аксарият ота-оналар фарзандлари тақдири, уларнинг қизиқишлари, интилишлари, қолаверса, дилбандини қийнаётган ташвишларга бефарқ муносабатда бўлмоқда. Ана шу лоқайдлик ва назоратсизлик алалоқибат боладаги ижтимоий муҳитнинг ёмонлашувига олиб келади. Аввалига кийиниш борасида Ғарб ёшларига тақлид қилганлар энди уларнинг мустақил яшаш тарзини ҳам ўзлаштиради. Қолаверса, рўзғор ташвишлари сабаб бола тарбияси иккинчи ўринга тушиб қолгани ҳам уларни оиладан узоқлашишга, кўнгли тусагандек яшашга ундайди.

 

Бола тетапоя қилишни бошлагандан сўнг унинг ижтимоий ҳаётга мослашуви жадаллик билан ривожланади, – дейди психолог Дурдона Сайфуллаева. – Айрим ота-оналар фарзандим мустақил фикрлашга ўргансин дея, унинг “қўлини қўйиб юборади”. Натижада бола бошқа узатилган қўлларни тутади. Биз ўтиш даври деб атайдиган ўсмирлик пайтида озгина назоратсизлик ҳам болада ёт менталитетга қизиқишни орттиради. У дўстларини лол қолдиришни, атрофдагиларга ўзгача эканини исботлашни истайди. Ўғил болалар “зўравон” қиёфада юришга интилса, қизлар катта ёшли аёллардек пардозланишни хоҳлайди. Яқинда ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган рейдларнинг бирида тунги клубдаги “Шоу-балет” қизларини назорат хонасига олиб келишди. Психолог сифатида менга улар билан ишлаш вазифаси топширилди. Дастлаб қаршимда турган қизларни 25-26 ёшлар атрофида бўлса керак, дея тахмин қилгандим. Лекин улар билан суҳбатлашгач, қизлар ўсмир ёшида эканини билиб, лол қолдим. Сўнг рус ва ўзбек миллатига мансуб бу қизларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашдим. Шунда муаммо аслида оила катталарида эканини тушундим. Улар фарзандлари учун “демократик” жамият яратмоқчи эканини ҳеч иккиланмай айтишди. Наҳотки, қизларимизнинг беҳаё кийиниши, кечалари клубларда назоратсиз юриши демократия бўлса?! Шу сабаб мен мактаб психологи сифатида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан мунтазам суҳбатлар ўтказаман. Унутманг, керакли назорат остида улғайган фарзандгина ёт менталитетни ўзига эп билмайди!

 

Дарҳақиқат, назоратсиз қолган бола очиқ сандиқ кабидир. Унинг ичидаги зийнатларни атрофдагилар ўғирлашга уринади ва ўрнига зиён келтирувчи нарсаларни беркитишга ҳаракат қилади.

Яқинда пойтахтимиздаги бозорларнинг бирида айланиб юрсам, одамлар орасида шовқин кўтарилди. Бориб қарасам, бозор нозири бир ёш йигитнинг қўлидан тутиб, уни хонаси томон тортқиларди. Ёнимдаги аёлдан нима бўлганини сўрасам, “Кекса кампирнинг сумкасидан пул ўғирлабди”, дея жавоб берди. Кўринишидан 13-14 ёшлар атрофидаги бу бола ҳам ўз-ўзидан ўғри бўлиб қолмаган. Шу ишга қўл ургунига қадар унинг бошидан кўп “иссиқ-совуқ” ўтгани аниқ. Қолаверса, шу куни бозор айланиб, мактаб ёшидаги болалар айни ўқиш пайтида савдогарлик қилаётганига гувоҳ бўлдим. Хўш, нега ўқувчи дарс вақтида синфда эмас? Бунга эса ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам бепарво.

Яна ўқинг:  Хотин-қизлар спорт ҳафталиги старт олди

 

Мен назорат қилаётган тумандаги мавжуд 32 та мактабда 43 минг 759 нафар ўқувчи таълим олади. Биз ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга интиламиз, – дейди Чилонзор туман ИИО ҲПБ МПТ инспектори капитан Абай Досмуҳамедов. – Аммо бунда бизларга оила катталари, қолаверса, устозларнинг ёрдами жуда зарур. Биз қонунбузарлик бўлган жойга етиб борамиз, сабабни ўрганиб, безори билан тушунтириш ишларини олиб борамиз. Бу ҳақида ота-онасига хабар берамиз. Лекин бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Аслида оилалардаги носоғлом муҳитни яхшилаш, ота-оналарнинг маънавиятини юксалтириш лозим. Қолаверса, бугун таълим масканларидаги айрим ўқитувчилар “гап тегмасин” дея ўқувчилар давоматини асоссиз тўлиқ ёзишаётганига гувоҳ бўламиз. Бу билан улар масъулиятдан қочади. Натижада дарсда бўлмаган боланинг қинғир ишлар билан машғул эканлигидан жиноят содир бўлгандагина хабар топамиз. Лекин унда жуда кеч бўлади.

 

Дарҳақиқат, фарзанднинг соғлом ва баркамол улғайиши учун ҳамжиҳатликда ишлаш жуда муҳим. Ана шундагина ўсиб келаётган ёш авлод юртимиз келажаги, унинг эртаси учун хизмат қиладиган етук инсонлар бўлиб камолга етади.

 

Маълумот ўрнида

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Тошкент шаҳрида вояга етмаганлар томонидан 56 та жиноят содир этилган. Ўтган йили бу рақам 132 тани ташкил этган.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: