Қоратоғ этагидаги зиёратгоҳ

Қўчқорли ота зиёратгоҳи ҳақида халқ ичида турли ривоятлар юради. Тарихий манбаларга қараганда, IX-X асрларда Дўстқора деган овчи шу ерни макон тутиб, атрофда ов қилган. Соғлиғи бироз ёмонлашгач, жўшиб турган булоқ сувидан ичиб турган.

Бу ҳол бир неча бор так­рорлангандан кейин у бутунлай соғайиб кетган. Бу янгилик қишлоқ аҳлига тарқалган. Айтишларича, шифобахш булоқ сувидан ичган ҳар бир одам у ёки бу даражада тетиклашиб, даво топган экан. Шу-шу Қўчқорли ота зиёратгоҳига эътибор, унга бўлган эътиқод кучайган.

Нуробод ва Нарпай туманини ажратиб турувчи Қоратоғ этагидаги мазкур зиёратгоҳни кўриш учун йўлга тушдик.

Яхши ҳамроҳ суҳбатдошингиз бўлса, йўл узоқлиги билинмайди, дейишади. Ям-­яшил кенгликларда турналар ҳам пастлаб-пастлаб учади. Гоҳ-гоҳида сурув-сурув қўй ва эчкилар кўзга ташланади. Катта йўлни гоҳ тошбақа имиллаб кесса, гоҳ типратикан ва калтакесаклар зипиллаб ўтади. Қирларда митти-митти бўлиб гуллаган, қизил, сариқ, оқ, сиёҳранг, кўк рангдаги митти гуллар моҳир гиламдўзлар яратган чаманзор кашталарни эслатади.

Қўчқорли ота қишлоғи – жаннатмакон гўша. Мўъжаз зиналардан кўтарилиб, қўчқор ҳайкали қўриқлаб турган зиёратгоҳга етиб келдик. Ҳовлида ўзгача тароват ва файз мужассам. Зилол сувли ҳовуз устида қурилган сўриларда зиёратчилар дам олиб ўтиришибди. Дастлаб, балиқлар ўйнаган тип-тиниқ булоқдан эзгу ниятлар билан сув ичдик.

– Бу булоқ суви жуда фойдали, – дейди ҳамроҳимиз.  – Айниқса, овқатни тез ҳазм қилади. Балиқларга эътибор қилинг, ҳаммаси майда, лекин бир қарич бўлгач, улар ғойиб бўлади. Қишлоқ нуронийлари бир балиққа қизил ип боғлаб синаб кўришса, ўша балиқ бу ердан бир неча чақирим узоқликдаги Нурота зиёратгоҳидан чиқади. Ўртада қандайдир сирли боғлиқлик бордек.

Эътиборимизни бир дарахтнинг антиқа томири тортди. Айтишларича бу туйнуксимон томир орасидан белини юқорига теккизиб ўтса, бел оғриғи даф бўлар экан. “Бу ердан ўтиб, тузалиб кетдим”, дея хурсанд ҳолда қайта зиёратгоҳга келганлар кўп.

Қўчқорли отага олис вилоятлардан, ҳатто, чет эллардан ҳам зиёратчилар келиб туришар экан. Чунки тоза ҳаво, эртакнамо гўзал табиат, шифобахш булоқ суви танангизни яйратади. Ихлос ва ишонч кишига руҳий мадад беради. Биз ҳайрат ва тилсимлар манзилидан қайтар эканмиз, атрофни тун забт эта бошлади. Аммо бугунги кундан олган таассуротларимиздан қалбимиз тобора ёришиб борарди. Йўл тугади-ю, Қўчқорли ота хаёллари тугамайди. Кўрганларимизни Cиз, азизларга илинишга шошилдик. Чунки Қўчқорли ота бу атрофдаги олтита катта зиёратгоҳлар – Нурота, Аработа, Остонабобо, Оқота, Кўкоталарнинг бири бўлиб, бориб кўришга, қалбларни поклашга, эзгу тилаклар билдиришга арзийдиган республикамиздаги жаннатмакон гўшалардан биридир.

Яна ўқинг:  Оилага тиргак бўлган мустаҳкам устун

 

Тоҳир НОРҚУЛОВ,

фахрий журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: