90 нафар одам овқатдан заҳарланди: беморларнинг аҳволи қандай?

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган “Ширин ният барака” МЧЖга қарашли “Бахтли оила” тўйхонасида 90 нафар одам овқатдан заҳарланиб, ўткир гастроэнтерит ташхиси билан касалхонага ётқизилганидан хабарингиз бўлса керак.

Айтиш керакки, сўнгги кунларда ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кимдир мазкур ҳолатда тўйхона эгасини, яна кимдир маросим соҳиб­ларини, баъзилар эса жабрланувчиларнинг ўзларини айбдор сифатида кўрсатишмоқда. Ҳатто, айримлар беморлар орасида ўлим ҳолати қайд этилганлигини айтиб, «миш-миш» тарқатишга уринмоқда. Хўш, аслида вазият қандай? Беморларнинг аҳволичи?

Айни пайтда барча беморларнинг ҳолати қониқарли, – дейди Қашқадарё вилояти, соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Шербой Шеров. – Ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақидаги барча хабарлар ёлғон. Шу кунларда беморларнинг 48 нафари соғлом ҳолда ўз уйларига жўнатилди. Қолган 42 нафари яна бир кун шифокорлар назоратида бўлади ва шундан сўнг улар ҳам оиласи бағрига қайтади. Шунинг­дек, тўйда иштирок этган қолган фуқаролар ҳам ўзлари яшайдиган ҳудуддаги шифохоналарда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, айни пайтда Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг малакали мутахассислари ушбу штабга жалб этилган. Мутахассислар воқеани ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди: тўйхона ошхонасида маҳсулотларга ишлов бериш цехлари (хоналари) ташкил этилмаган. Озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, тез бузиладиган гўшт ва гўшт, сут ва сут, қандолат маҳсулотларини сақлаш учун совутгичлар етарли эмас. Мавжуд 1 та совутгич камерада хом ва тайёр маҳсулотлар уларни сақлаш қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда бирга сақланмоқда. Ошхона асбоб-ускуналари (столлар, тахтакачлар, пичоқлар, челаклар, кас­трюлькалар ва бошқалар) маркировка қилинмаган. Идиш-товоқларни ювиш учун шароит яратилмаган, кетма-кетлик қоидасига риоя қилинмаган. Тўйхона ходимлари тиббий кўрикдан ўтмаган, улар санитария минимум ўқув курсларида ўқимаган. Текшириш вақтида 21 нафар ошхона ишчи-ходимидан биологик намуналар ҳамда ташқи муҳит объектларидан 158 та намуна олиниб, лабораторияга топширилди.

Тўй маросимидаги 3 хил салат Қарши шаҳар, Боғобод мавзеси, 1/26 коттежда яшовчи фуқаро ­М.Шукуров хонадонида тайёрланган бўлиб, бу ерда ҳам санитария назорати ўтказилганда салат тайёрлаш учун умуман шароит яратилмаганлиги аниқланди. Жумладан, салат тайёрлаш 1 та хонада амалга оширилган, хом маҳсулотларни ювиш учун 1 та ваннадан фойдаланилган, фуқаро М.Шукуров тиббий кўрикдан ўтмаган ва ушбу фаолият учун тегишли рухсатнома олмаган. Санитария-эпидемиологияга қарши  талабларни бузганлиги учун фуқаро М.Шукуровга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, энг кам иш хақининг 5 баробар миқдорида жарима солинди.

Яна ўқинг:  Биз 25 ёшдамиз

Мазкур муаммо келажакда қайтарилмаслиги учун мутасадди ходимлар шаҳардаги тўйхона эгаларини жамлаб, тренинг ўтказмоқда.

 

Дилдора МУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: