“Зукко болажонлар” – кичкинтойлар маскани
Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланиб, у боланинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу даргоҳда бола қалбида мактабдаги ўқишга бўлган иштиёқ шаклланади, яшириниб ётган истеъдод ва иқтидор тарбияланади. Муҳими, фарзандлари меҳрибон, ғамхўр ва ширинсўз тарбиячилар қўл остида тарбияланаётганини кўрган ота-оналар дилбандининг келажаги ишончли қўлларда эканлигидан мамнун бўлади.
Бугун мамлакатимизда замонавий услубда бунёд этилган, барча шароитларга эга кўплаб МТМлар фаолият юритмоқда. Куни кеча Тошкент вилояти Қибрай тумани Тузел ҚФЙда ҳам ана шундай таълим муассасаларидан бири қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Зулайҳо Маҳмудова раҳбарлик қилаётган «Зукко болажонлар» нодавлат мактабгача таълим муассасасида машғулотлар рус, инглиз ва ўзбек тилларида олиб борилади. Бундан ташқари муассасадаги мавжуд машғулот хоналари, лингофон, компьютер синфлари ҳамда спорт-соғломлаштириш бўлимлари тарбияланувчиларнинг таълим олиш, саломатликларини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, болажонларнинг соғлиги шифокор томонидан доимий назоратда бўлиб, улар ҳар куни тиббий кўрикдан ўтказилади ва саломатлиги ҳақида ота-оналарга мунтазам ахборот бериб борилади.
– Ҳар бир бола ўзга бир олам. Шу сабабдан биз жажжи болажонлар билан индивидуал тарзда машғулот олиб боришга ҳаракат қиламиз, иқтидори ва истеъдодига қараб тўгаракларга йўналтирамиз, – дейди биз билан суҳбатда муассаса раҳбари Зулайҳо Маҳмудова.
Мактабгача таълим муассасаси ҳовлисида манзарали боғ ҳам барпо этилган бўлиб, замонавий чўмилиш ҳавзалари болажонлар ихтиёрида.
Ҳомийлик асосида бунёд этилган ушбу таълим муассасаси Тошкент вилояти Қибрай тумани Тузел ҚФЙ аҳолиси учун энг улуғ энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 22 йиллигига муносиб совға бўлди.
Фарҳод ТОЛИПОВ