Пўртана

(Воқеий ҳикоя)

 

Июнь ойи эди. Қишлоғимизда барча йиғим-терим ишлари билан овора. Маҳалладошлар бир-биримиз билан иноқмиз. Кимнинг юмуши бўлса, баравар ёрдамлашамиз. Бугун қўшнимизнинг уйида ҳашар, бошқа болалар қатори ўғлим Аҳрор ҳам ўша ерда. У ҳали ёш бўлишига қарамай, уддабурон, эпчил бола. Катталардан қолишмай меҳнат қилади, ишдан қочмайди. Тили ҳам бийронгина, ёшу қари билан сўзлашганда ҳеч ким уни бола демайди. Маҳаллада ҳамма уни мақтайди. Тўнғич фарзандим Аҳрордан кейин икки қизим ва эмизикли ўғлим бор.

 

* * *

– Ая, мен келдим, ҳашарни тугатдик. Сомонни ташиб, оғилхонага йиғиб қўйдик. Болалар каналга чўмилгани кетишяпти, мен ҳам борсам майлими? – деди Аҳрор уйга кирар-кирмас.

Аммо мен рози бўлмадим.

– Ая, баданимга хас-чўп ёпишган, оқар сувда чўмилганим яхши-да. Амакимнинг ўғли Расул акам ҳам боряпти. Кўп қолмайман, тез келаман.

– Хўп, ўртоқларинг билан борақол, – деди юз-қўлини юваётган дадаси.

– Рухсат берманг, дадаси, бормайди. Ана, ҳаммомни иситиб қўйганман, ўша ерда чўмилади, – дедим норози оҳангда. Ўғлим қўярда-қўймай дадасини кўндириб, кўчага отланди. Юрагим бироз безовталаниб, фарзандимнинг ортидан қараб қолдим.

Қишлоғимизнинг паст тарафидан Ангрен канали оқиб ўтади. Ёзда унинг атрофи одамлар билан гавжум бўлади. Айниқса, тушлик маҳали даладан қайтаётган деҳқонлар, пода боқаётган болалар сувга бир шўнғиб олишади. Каналнинг айрим ерлари саёз, баъзи жойи ўта чуқур. Ўйноқи тошқинларнинг қай вақт жумбушга келишини эса ҳеч ким билмайди. Мени мана шу нарса хавотирга солади. Ҳар йили “Фалончининг боласи чўкибди”, деган совуқ хабар шамол тезлигида тарқаларди. Шу сабаб ўғлим Аҳрорни ҳеч қачон Ангрен канали ёқасига юбормаганман.

 

***

– Маннон амаки, Маннон амаки… – ҳовлида Расулнинг хавотирли овози эшитилди. Идиш-товоқларни ювиб тургандим, унинг ҳайқириғидан чўчиб кетдим.

– Нима гап, Расул?

– Янга, янга қаердасиз, Аҳрор сувда оқиб кетди!!! Мен улгурмадим, ўзи қўйиб юборди, унга айтгандим…

Расул яна нималардир деди, аммо қолган гаплари қулоғимга кирмади. Жон ҳолатда кўчага югурдим. Хўжайиним ҳам югуриб, мендан ўзиб кетди. Назаримда йўл ҳар доимгидан-да олис туюлди. Ахийри узоқдан сув кўринди.

Яна ўқинг:  Бизда ҳам қўллаш мумкин-ку!

Эрим ўзини сувга отди. Мен эса нажот излаган кўзларим билан унга боқардим. Зум ўтмай, қўшнилар ҳам етиб келишди. Уларнинг ҳам фарзандлари Аҳроржон билан бирга эди. Менинг жигаргўшамдан бошқа ҳамма бола шу ерда. Келганлар ҳам сувга шўнғишди.

Расулни чақириб, нима бўлганини қайта-қайта сўради:

– Ҳаммамиз чўмилаётгандик. Бир пайт шиддат билан катта сув кўтарилиб келаётганига кўзим тушди. Бор овозим билан бақирдим. Болалар соҳил томон сузишди. Аҳрор эса орқароқда эди. Мен тезда унинг ёнига сузиб, елкамдан маҳкам ушлаб олишини айтдим. Уни опичлаб, қирғоққа суза бошладим. Тўлқин бир зумда етиб келди. Қандайдир пўртанага ҳам ўхшарди. Орасида ўтлар, майда тош ва қум аралаш оқарди. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Соҳилга етай деганимизда Аҳрорнинг қўли сирпаниб, елкамдан чиқиб кетди. Ортимга ўгирилдим. У менга тикилди-ю, бирдан қўллари билан юзини беркитиб олди. Сўнг сув уни оқизиб кетди. Бақириб-чақирдим, аммо у қайтиб сув юзида кўринмади. Кейин уйга қараб югурдим…

 

***

Шарқ томон қизариб, қуёш ботмоқда. Ўғлимдан эса дарак йўқ. Ҳамма титраганча сувдан чиқиб келди. Мен нажот истаб, уларга боқиб турардим. Қани энди бирортасидан сас чиқса. Уларнинг кўзларига, оғзига қарадим: ҳамма жим! Бошини қуйи солганча, айбдор одамдек ёнимдан жим ўтиб кетишарди. Ортда келаётган эримнинг кўксига ўзимни отдим:

– Боламни топиб беринг, қани мени болам?! Ҳаммасига сиз айбдорсиз, уни сиз юбордингиз, бирга бормадингиз…

Мен ўзимни буткул йўқотиб қўйдим. Ёнимдаги аёллар мени тинчлантиришга уринарди. У кишида айб йўқлигини қайта-қайта айтишарди.

Ойдин ой ёғдусида ҳамма уйга қайтди. Фақат мени ҳеч қаёққа кетгим келмасди. Боламнинг ёлғиз қолдириб кетолмайман-ку. У қоронғидан қўрқади…

Шаҳардан ғаввосларни чақиртирдик. Улар асбоб-ускуналари билан етиб келишди ва тезда ўз вазифасига киришди. Анча жойгача ўғлимни қидириб боришди, бироқ улар бир парча мато ҳам топа олишмади…

 

* * *

Кечаси бир ўзим яна канал томон йўл олдим. Сувга етгач, соҳил бўйлаб югуриб, телбалардек бақирдим:

– Аҳрор!!! Чиқ сувдан. Сени Аллоҳим суйиб, ўз бағрига олган экан, розиман, болам, фақат сувдан чиқ! Юрагим тўлиб кетди, бағрим куйиб кетди, чиқ, болам! Эмизикли уканг бор, икки кундан бери кўкрагимда сут йўқ, уканг оч қоляпти. Аҳрор, чиқ сувдан! Ё, мен олдингга борайми, кутяпсанми мени? Бирор нима дегин, жоним болам, – овозим пастлаб, ҳолсизликдан чўккалаб қолдим. Кўзимдан “дув-дув” ёш томарди.

Яна ўқинг:  Илмга интилиш юракни асрайди, мияни эса ёшартиради

– Яхши кўрган овқатингни пишириб бераман, туғилган кунингда ёқтирган компьютерингни совға қиламан, футбол клубига қатнамоқчи эдинг, рухсат бермагандим. Чиқ сувдан, болам, ўша клубингга борамиз. Хоҳлаган ишингни қил, индамайман. Сувдан чиқ, Аҳрор, Аҳрор…

Қирғоқда қанча ўтирганимни билмайман. Этим совуқдан жунжикиб, ўрнимдан турдим. Ортимга ўгирилсам, турмуш ўртоғим Маннон ака ҳам чўккалаб ўтирган экан. Улар ҳам елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Ёнига бориб ўтирдим. Елкасига бошимни қўйиб, яна йиғладим.

Ўшанда эътибор бермаган эканман. Икки кун ичида озиб, елкаси чўкиб қолибди. Бор аламимни улардан олдим, бақирдим, уришдим. У киши эса “миқ” этмади. Ўзини ростдан айбдор билиб, ич-этини ебди. Тонгача нурсиз осмонга тикилиб, иккаламиз ҳам тўйиб йиғладик. Сув эса ҳеч нарса бўлмагандек сокин оқарди.

Тонгда бутун маҳалла одамлари йиғилиб келишди. Қўлларида узун арқон, бир-бирининг белига боғлаб, сув кеча бошлашди. Анча жойгача қидириб боришди. Ғаввослар етиб бормаган жойларни ҳам ахтаришди. Сувнинг чуқур тубига шўнғиб, қум ва лойларни тепиб, қайтиб чиқишарди. Тинкаси қуриб, мадорсизланишса-да қидирувни тўхтатишмади. Бир пайт тоғамнинг ўғли бақирди:

– Оёғим нимагадир тегди…

Ё, Аллоҳим, у нима деяпти?! Ичимда яратганга нола қилдим: “Худойим, ортиқ бардошим етмайди…”

Сув юзига нимадир кўтарилди!

– Бу, Аҳрор!!! – дея барча бақириб юборди. Уни сувдан олиб чиқишди. Болажоним уч кун сув остида қолган бўлса ҳам бирор жойи лат емаган ё тирналмаган эди. Худди оппоқ фариштадек ширин “ухлаб” ётарди…

 

Муаттар Олимованинг сўзларини Дилдора ФАЙЗИЕВА оққа кўчирди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: