Ўзбекистон – истеъдодлар юрти
Урганч туманидаги 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Шоҳруххон Азамат ўғли шу йил апрель ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган 7-халқаро танловда фортепиано йўналишида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланди.
Ёш мусиқачи 2017 йил декабрь ойида ўтказилган “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти республика фестивалининг Хоразм вилояти босқичида I даражали диплом соҳиби бўлган. Айтиш керакки, Чаккашоликор қишлоғида туғилган ёш мусиқачининг ютуқлари мамлакатимизда ёш авлод вакилларига яратилган кенг имкониятлар туфайлидир.
Шоҳруххон эндигина ўн икки ёшга қадам қўйди. У бу йил 19-умумтаълим мактабининг 6-синфига ўтди. Ёш мусиқачи таълим масканида аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, бўш пайтларида болалар мусиқа ва санъат мактабида фортепиано йўналишида таҳсил олади. Ўтган қисқа вақт ичида у кўплаб кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритди. Шоҳруххон ёзги таътил бўлишига қарамай, ҳозирда устози Зокир Атажанов билан фортепиано бўйича машғулотларни давом эттирмоқда.
Ж. САЪДУЛЛАЕВ