Тинчлик, бағрикенглик ва дўстлик тараннуми

Самарқанд шаҳрида 27 август куни «Шарқ тароналари» тўққизинчи халқаро мусиқа фестивали бошланди.Санъат кўнгилларни, миллатларни бирлаштирувчи жуда кучли таъсир воситасидир. Айниқса, мусиқа санъати қайси тилда ижро этилишидан қатъий назар, агар у дилдан янграса, кўнгилларга етиб боради ва уни тушуниш учун ҳеч қандай таржимоннинг кераги йўқ.

Мамлакатимизда ана шундай дилдан чиққан мусиқа ижрочиларининг «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш анъанага айланиб улгурган.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Шарқ тароналари» хал­қаро мусиқа фестивали халқлар ўртасида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, мусиқа ва қўшиқ орқали одамлар қалбида эзгу туйғуларни уйғотиш, муштарак томирларни бир-бирига яқинлаштиришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мазкур анжуман дунё халқларининг ноёб мусиқий мероси ва анъаналарини ривожлантириш, унутилаётган услуб ва мактабларни тиклаш, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётир.

27 август куни мазкур анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Муҳташам Регистон майдонининг қадим миноралари, нилий гумбазлари ранго-ранг чироқлар ёғдусида жилоланади. Улуғвор обидалар қалбларга байрамона руҳ, анжуманга шукуҳ бағишлайди. Майдондаги улкан амфитеатр анъанавий «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан тўлган. Улар орасида фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат намояндалари, мусиқашунос олимлар, санъат ихлосмандлари, чет эллик журналист­лар, сайёҳлар бор.

Давлатимиз раҳбари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур фестивалнинг мазмун-моҳияти, жаҳонда тинчлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль иштирокчиларига ижодий зафарлар тилади.

Маросимда сўзга чиққан ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини, Президент Ислом Каримов томонидан асос солинган «Шарқ тароналари» фестивали ана шу эътиборнинг юксак намунаси эканини таъкидлади.

«Шарқ тароналари»нинг мазмун-моҳиятида ана шундай умуминсоний қадриятлар мужассамлиги боис ҳам бу фестиваль дунё жамоатчилиги эътиборини тобора кенг қозонмоқда. Фестиваль жаҳондаги нуфузли мусиқа анжуманлари қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Кўплаб мамлакатлар, халқаро маданият ташкилотлари, машҳур санъат намояндаларининг бу фестивалга қизиқиши ва эътибори ортиб, иштирокчи мамлакатлар сафи кенгайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Хусусан, 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга Осиё, Африка, Европа ва Америкадаги 52 давлатдан санъат намояндалари ташриф буюрди. Фестиваль Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани ҳам анжуманнинг юксак мақом ва нуфузини кўрсатади.

Яна ўқинг:  Аёлларда бепуштлик

Ушбу фестиваль янги номларни кашф этиш, санъат ва санъаткорларни қўллаб-қувватлаш, айни чоғда миллий мусиқа санъатимизни, мамлакатимиз тараққиёти ва сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёга намойиш этишда муҳим омил бўлмоқда.

Фестиваль санъаткорларнинг ижодий изланиши, ўзаро фикр ва тажриба алмашишида ҳам муҳим аҳамият касб этаётир. Анжуман доирасида ўтказиладиган турли маданий тадбирлар, «Шарқ мусиқа анъаналари замонавий маданият тизимида» мавзусидаги илмий конференция бунинг учун кенг имконият яратади.

Фестиваль қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, шаҳардаги «Мўъжиза» ва «Ниҳол» амфитеатрлари, «Ёшлик» истироҳат боғи, Самарқанд, Пастдарғом, Жомбой, Оқдарё туманларида концерт дастурларини намойиш этиши, санъат ихлосмандлари билан учрашувлар кўзда тутилган.

Анжуман иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанднинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, афсонавий Шарқ тимсоли бўлмиш бозорларимизни кўриш, истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва меҳмондўст халқимиз билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Халқаро мусиқа фестивали очилишига бағишланган театрлаштирилган томошалар анжуман иштирокчилари ва меҳмонларида катта таассурот қолдирди. Фестиваль сунъий йўлдош орқали кўплаб хорижий мамлакатларга узатилди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: