Офтоб уришидан қандай ҳимояланиш мумкин?
Инсон шундай яратилганки, қаҳратон совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам унинг тана ҳарорати бир хил даражада туради. Одам организми ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эга. Ўзбекистон иқлимига хос бўлган ҳавонинг қуруқлиги ҳамда мўътадил эсиб турадиган шабада танадан терлаш сабабли иссиқлик ажралишига ва тананинг иссиқ иқлим шароитига мослашишига ёрдам беради.
Шуни унутмаслик керакки, ёзнинг жазирама иссиғи айниқса, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳамда ортиқча вазнга эга беморлар саломатлигига салбий таъсир қилиши ва уларда сурункали кечаётган касалликларнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Негаки, иссиқ иқлимда юқори ҳарорат сабабли организм кўп суюқлик йўқотади. Натижада юрак-қон томир тизимининг зўриқиб ишлайди.
Шунинг учун турли хил нохуш асоратларнинг олдини олиш мақсадида жазирамада ўз вақтида тўғри дам олиш ва меҳнат қилиш ҳамда овқатланиш тартибига эътибор қараштиш зарур.
Маълумки, жисмоний зўриқиш танада иссиқлик ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Бу эса тананинг янада қизишига сабаб бўлади. Шунинг учун очиқ ҳавода олиб бориладиган жамики жисмоний меҳнат фаолиятини куннинг салқинроқ вақтига (эрта тонгдан соат 1100 гача) ёки кечки салқинга (соат 1700дан – 2000 гача) мўлжаллангани маъқул. Туш вақти яъни, куннинг энг иссиқ вақтида салқин хонада дам олиш мақсадга мувофиқдир.
Кунлик таомномадаги овқатлар енгил ҳазм бўладиган егуликлардан иборат бўлиши керак. Ёғлик таомлар ҳамда ширинликлар танада энергия ҳосил бўлишини кучайтиради ва тана қизиб кетишига сабаб бўлади. Шунингдек, иссиқлик таъсирида сустлашган меъда-ичак тизими фаолиятини зўриқтиради. Жазирама иссиқ кунларида суюқ таомлар, айрон, қатиқ, кефир каби сут маҳсулотлари, сархил мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш лозим. Улар терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар, оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплайди.
Кўк чой чанқоқни қондиради. Унинг таркибидаги витамин ва минерал моддалар инсонга куч бағишлайди. Бундан ташқари кўк чой меъда-ичак йўлидаги касаллик қўзғатувчи микробларни нобуд этади. Организмни дизентерия (ичбуруғ) ва бошқа юқумли меъда-ичак касалликларидан ҳимоя қилади.
Шакарсиз компотлар, айрон, нордон меваларнинг шарбатлари кучли чанқовбости ичимликлар бўлиши билан бирга терлаш натижасида йўқотилган витамин ва минерал моддаларнинг ҳам ўрнини қоплашда ёрдам беради. Ширин ва қуюқ мева шарбатлари (ўрик, шафтоли ва узум) аксинча чанқоқни кучайтиради.
Лимонли чой – дастлаб танани бироз қиздириши ва сўнгра эса кучли терлатиши билан анча вақтгача танани исиб кетишидан сақлайди. Шунингдек, организмнинг сув ва туз балансини меъёрида сақланиб туришига ёрдам беради.
Турли хил ширин ичимликлардаги сунъий буёқлар ва турфа рангдаги маза берувчи қўшимчалар ҳамда шакар чанқоқни кучайтиради. Уларни кўп истеъмол қилиш эса зарардир.
Зинҳор қайнатилмаган сувни ичманг. Унда турли хил юқумли меъда – ичак тизими касалликларини келтириб чиқарувчи микроб ва вируслар бўлиши ва улар қорин тифи, вабо, вирусли гепатит, ичбуруғ кабиларни юзага келтириши мумкин. Газланмаган минерал сув, қайнатиб совутилган сув ичиш керак.
Табиий толали либос жазирамага хос
Аввало, ҳар бир инсон иссиқ кунларда ҳаво ўтказадиган табиий толали матолардан кийим – кечак кийиши зарур. Бу либослар ҳавони яхши ўтказадиган, терни шимадиган ва қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ҳамда танага ёпишиб турмайдиган бўлиши керак. Ип газлама айнан шундай хусусиятга эга.
Қора ва жигарранг газламадан тикилган кийимлар эса иссиқ ва улар қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга эмас. Имкон даражасида кийим танлашда газмолнинг рангига эътибор бериш лозим.
Қуёш нури таъсирида организмда рахит касаллигининг олдини олувчи Д витамини ҳосил бўлади. Бироқ, бош кийимсиз тик қуёш нурида узоқ туриш офтоб уришига, баъзида кўзда катарактанинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Терини жазирама иссиқда ҳимоя қилмаслик унинг куйишига, бу жараённинг узоқ давом этиши эса тери ракига ҳам олиб келиши мумкин.
Айниқса, болалар қуёшнинг салбий нурларига ўта таъсирчан бўлишади. Шунинг учун уларни ёзда соя жойларда бўлишига катта аҳамият бериш керак. Соябони кенг бош кийимлар кийиш ва офтобдан сақловчи қора кўзойнаклар тақиш қуёшнинг зарарли нурларидан асрайди.
Ҳаво ҳароратининг мунтазам кўтарилиши, организмни мослашув жараёнини издан чиқариши ва тананинг қизиб кетиши натижасида юзага келадиган касалликларга олиб келиши мумкин. Одамни иссиқ урса, унинг тана ҳарорати жуда ҳам кўтарилиб кетиши мумкин. Натижада офтоб урган кишида алаҳсираш, тиришиш – тортишиш ва баъзида унинг ҳушдан кетиши кузатилади. Бу ҳолат қария ва болаларда организмнинг юқори ҳароратга мослашув жараёнларининг сустлиги натижасида кузатилади. Айниқса, юрак қон – томир тизимида касалликлари мавжуд бўлган одамларда ҳам иссиқ уриш хавфи юқори бўлади. Иссиқ уришида биринчи ёрдам тана ҳароратининг меъёрда туришига қаратилган бўлиши керак. Беморда кўнгил айниши, бош айланиши, қулоқнинг шанғиллаши юзага келади.
Беморга қандай ёрдам кўрсатиш зарур?
Офтоб урган одамга ёрдам кўрсатиш учун зудлик билан “Тез ёрдам” чақириш лозим. Шифокор келгунга қадар хастани тезда салқин жойга олиб ўтиш ва уни ёнбошлатиб ётқизиш зарур. Иссиқ урган одамнинг бошига сочиқни ҳўллаб қўйиш керак. Унинг бўйнини сиқиб турган тугма ёки ёқадан бўшатиш шарт. Тор ва сиқиб турган кийимларни ечиш даркор. Бемор ўзига келса, унга сув ичириш зарур бўлади.
Гулчеҳра ЖУМАЕВА,
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш
илмий-тадқиқот институти бўлим мудири