Халқнинг ишончли вакили ёхуд фирибгарга айланган депутат

Депутат – халқ вакили. Унга одамларнинг ишончи сабаб муҳим вазифалар юклатилади. Шу ишонч эвазига у халқ манфаатларини ҳимоя қилади. Бироқ, бугунги кунда ана шундай юксак ишончни суистеъмол қилаётган депутатлар ҳам учрамоқда. Ачинарлиси, улар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишончини оқлаш ўрнига мавқе ва ишончдан фойдаланиб, фирибгарликка қўл урмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулбаҳор Алиева (исм-фимилиялар ўзгартирилган) депутатлик олий мақом эканлигини яхши биларди. Чунки бу мақом остида унга ҳеч ким шубҳаланиб қарамасди. Айниқса, унинг сўзамол, гапга чечанлиги бу борада янада қўл келди ва режасини амалга оширишни пайсалга солиб ҳам ўтирмади.

Г. Алиева депутат сифатида фуқаролар томонидан келган аризаларни ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳ раҳбари сифатида вилоятдаги туманларнинг бирига боради. Унга ҳамроҳлик қилган Халқ таълими бошқармасида фаолият юритаётган Зоир Иномов ва унинг ҳамроҳи Тўлқин Ирисбоев билан ўзаро суҳбат асносида Ирисбоевнинг Қибрай туманидан ҳовли-жой излаётганини билиб олади. Ирисбоев буни турмуш ўртоғининг соғлиги ёмонлашаётгани сабабли яшаб турган уйини иложсиз сотаётгани ва шаҳар чеккасига, баҳавороқ жойга кўчиши зарурлигини айтади. Қарангки, иложсизлик сабаб ўз уйини сотишга мажбур бўлаётган Ирисбоевни депутат ўз қармоғига илинтиради. У Г. Ирисбоевга ёрдам беришини, иложи борича арзонроқ ва яхшироқ ҳовли-жой топиб беришини айтади. Табиийки, чўкаётган одам хасга ҳам ёпишгани каби Т. Ирисбоев унга ишонади. Алиева учун эса бу айни муддао эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Г. Алиева Т. Ирисбоевдан 1500 АҚШ доллари қарзга сўрайди. Т. Ирисбоев эса унинг ҳожатини чиқараётган Г. Алиевага “йўқ” деёлмай, Иномов билан маслаҳатлашиб, қарзга сўралган пулни бериб юборади. Пулни қайтариш муддати келганида эса Алиева Ирисбоевга Қибрай туманида ҳовли-жой учун мўлжалланган иккита ер майдони борлигини, бироқ улар айрим сабабларга кўра бошқа шахсларнинг номига расмийлаштирилганини айтади. Агар бу жойлар унга ёқса сотиши мумкинлигини ва берилган қарз чегириб қолиниши ҳақида келишишади. Алиева ўйлаган режаси иш бераётганидан, Ирисбоев эса тезроқ муаммоси ҳал бўлаётганидан хурсанд эди. Депутат ҳамма ишни шошмасдан, ўз маромида бажарар эдики, Ирисбоев бу ишнинг қинғирлигини сезмайди ҳам.

Г. Алиева унга Қибрай тумани “Янгиобод” қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган саккиз сотихли ер майдонни кўрсатганида Т. Ирисбоевга маъқул келади. У келишилган пулни Алиевага беради. Бироқ, айбдор мулкни жабрланувчига ҳужжатлаштириб беришни пайсалга солади. Давомли баҳоналардан безиган Т. Ирисбоев суриштирганида бу ер бошқа бировга тегишли экани маълум бўлади.

Ҳам уйидан, ҳам пулидан айрилган Т. Ирисбоев тегишли жойга мурожаат қилишини айтгандагина у типирчилашга тушади. Негаки, унинг бу қилмишидан юқори ташкилотлар хабар топса, оқибати қандай бўлишини жуда яхши биларди. Шу сабаб у Ирисбоевга ундан олган пулларининг бир қисмини қайтариб беради. Унинг гўёки инсофга келаётганини кўрган Т. Ирисбоев мурожаат қилмай туришга қарор қилади. Бироқ, Г. Алиеванинг навбатдаги найранги яна уни эсанкиратиб қўяди. Депутат унга пулнинг қолган қисмини қайтараман деб учрашув белгилайди. Аммо у пул олиб келиш ўрнига “Каптива” русумли машинада келади ва уни 5000 АҚШ долларига баҳолаб, Т. Ирисбоевнинг турмуш ўртоғи номига ўтказиб беришини айтади. Қолган пулни эса ҳужжатлаштиришдан кейин беришини таъкидлайди. Аммо Алиева ҳужжатлаштириш ишларини яна пайсалга солади. Ўн кунча вақт ўтиб эса машина Алиевага тегишли эмаслиги аниқ бўлади. Чунки унинг ҳақиқий эгаси, ҳужжатларини кўрсатиб, машинани Ирисбоевдан олиб кетади. Шундагина у фирибгарга чув тушганини англаб етади. Бироқ, энди кеч эди. Г. Алиева унинг ишончига кириш учун пулнинг кам қисмини қайтариб берган, қолган 10 минг 200 АҚШ долларини ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган эди.

Яна ўқинг:  Ўзбек халқ болалар ўйинлари

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Гулбаҳор Алиевага Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддасининг 1-қисми билан, жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима жазосини тайинлаш, Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, жабрланувчи Тўлқин Ирисбоев фойдасига етказилган зарарни ундириш ҳақида ҳукм чиқарди.

 

Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: