Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов: “Тиббиёт ходимини мажбурий меҳнатга жалб этиш энди тарихда қолади”
Ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилаётгани, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан қонунбузарлик ва кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинмоқда. Ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этган ҳар бир раҳбар қаттиқ огоҳлантирилган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузилишининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тиббиёт ходимларини қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга олиш бўйича шифохоналар кесимида доимий ишловчи комиссиялар ташкил қилиш белгиланди.
Видеоселектордан сўнг соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этилишининг ачинарли оқибатлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Президентимиз ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб этиш, кўзбўямачилик билан шуғулланишни давлат раҳбарининг сиёсатига хиёнат дея баҳолади. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу ҳақида алоҳида таъкидланди. Илгари шифокору ҳамширани турли жамоат ишларига олиб чиқишга йўл қўйилгандир, лекин бугун замон ўзгарди, ёндашув ўзгарди. Тиббиёт ходимини мажбурий меҳнатга жалб этиш энди тарихда қолади. Соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғиндаги раҳбарлари шуни англаши лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати мажбурий меҳнат деган иллатни таг-туги билан йўқотишга, халқ манфаатини бирламчи ўринга қўйишга қаратилган. Тизимда фаолият юритаётган ҳеч бир ходим энди мажбурий меҳнатга жалб этилмайди. Кўзбўямачилик, бир-биримизни алдаш билан бугун ўтиши мумкиндир, лекин бу билан келажакни қура олмаймиз.