Касбдан топилган бахт

«Ўзбекистон» НМИУ аллақачон унинг қадрдон гўшасига айланиб қолган. У ҳар куни ишга отланар экан, юраги завқ-шавққа тўлади. Ишхонадаги қадрдонлари ва қадрдон матбаа дастгоҳлари томон ошиқади. У корхона ҳовлисига кирганда дастлаб келинчакдай очилиб турган ям-яшил арчалар жамолига ҳайрат билан боқади. Гиламдай тўшалган кўм-кўк майсаларга қараб дили яйрайди. Ҳовлидаги дарахтлар ҳам уни эҳтиром билан кутиб олаётгандай баргларини силкитади.

Жийда гуллари тароват таратса, тут ва ўриклар эса ширин-шакар меваларини кўз-кўз қилади. Ҳовлининг гўзал манзараси корхонанинг ҳар бир ишчи-хизматчисига ҳузур-ҳаловат бағишлайди, ғайрат билан ишлашларига ил­ҳом беради, уларнинг кайфиятларини кўтариб, иш унумдорлигини янада оширади. Буни яхши англаган корхона раҳбарлари ҳовлини янада чиройли ва гўзал қилишга астойдил бел боғлаганлар…

У ана шу гўзал ва хушманзара ҳовлини бир неча бор айланиб, цехларга, бўлимларга ва таҳририятга кириб-чиқади. Ишчи-хизматчилар аҳволидан хабар олади, улар билан суҳбатлашади. Шундай кезларда танлаган касбига нисбатан меҳр-муҳаббати янада ошади. Матбаачилик касби билан сийлангани учун тақдиридан қайта-қайта миннатдор бўлади, шукроналар айтади…

Донишмандлар касбинг-бахтинг, деган ҳикматни бежиз айтмаган. Агар одам бирор касбга астойдил меҳр қўйиб, унинг сир-асрорларини эринмай пухта ўрганса, ўша касб уни ҳақиқатан бахтли қилади, эл-юрт орасида обрўйини янада юксалтиради, қут-баракали қилади. Ва ўз соҳасининг юксак билимдонига айлантиради, устоз мақомига етказади.

Сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган инсонимиз ўз касбининг билимдони Муҳамаджон Зайтаев ҳам ўз касбидан барака топиб, республикамиз матбаачилиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли мутахассислардан бири. У матбаа соҳасини танлагунча бирор бир касбга алоҳида қизиққан эмас. Лекин болаликдаги шиори; қайси соҳа ёки касбда бўлмасин – ҳамиша биринчиликка интилиш эди. Ҳеч бўлмаганда биринчилар сафида юришни яхши кўрарди. Уни иккинчи, учинчи ўринлар унчалик қизиқтирмасди.

Ўз меҳнат фаолиятини 1970 йилда Тошкент матбаа корхонасининг босма цехида чопчиликдан бошлаган Муҳамаджон Зайтаев аввал, Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги университет), кейин эса Москва полиграфия институтини тамомлади. Унинг чопчи сифатида биринчи иш бошлаган дастгоҳи «Виктория» босма машинаси бўлди. Чопчиликнинг сир-асрорини пухта ўрганган бу ёш ва ғайратли – мутахассис қисқа вақт ичида биринчилар қаторидан ўрин олди. Техникага қизиқиши боис тажрибали усталар, механиклардан бир кўрган нарсасини тез ўрганар ва ёдида сақлаб қоларди.

Яна ўқинг:  Тафаккур сандиғидан

Бир сўз билан айтганда, у даст­лабки қадамлари билан матбаа соҳасининг чинаккам фидойи­сига айланди. Техника, яъни босма машиналари билан «тиллашиш», уларнинг сир-асрорларини ўрганиш унинг севимли машғулоти бўлиб қолди. У баъзан ишдан кейин­ ҳам қолиб, баъзан эса ишга эрта келиб, янги дастгоҳларни ипидан-игнасигача ўрганишдан эринмади.

– Танлаган касбимга ҳақиқий меҳр қўйишимда раҳматли устозим Марат Ғойибовнинг ҳиссалари беқиёс, – дейди Муҳамаджон Зайтаев яқинда қазо қилган устозини эслаб. – У киши матбаачилик соҳасини зўр биладиган йирик мутахассислардан эди. Устоз узоқ йиллар Тошкент матбаа корхонасига раҳбарлик қилган даврда соҳанинг кўплаб етук мутахассисларини тарбиялади. Мен ҳам шундай фидойи, бағрикенг, жонкуяр, билимдон устознинг шогирди бўлганимдан ҳамиша фахрланаман. У кишини Оллоҳ раҳматига олган бўлсин, илоё!..

Шогирднинг ғурурланиб айтган гапларида жон бор. Ҳақиқатан Марат Ғойибов матбаачиликда ўз мактабини яратиб кетган устозлар сирасига киради. Собиқ шўро даврида маҳаллий кадрларни соҳага жалб этиш анчагина қийин эди. Шу сабабли Марат ака маҳаллий кадрларни кўпроқ тайёрлаш ва миллий ишчилар сафини кенгайтириш мақсадида уларни Москва, Киев полиграфия институтларида ўқишлари учун ҳар томонлама ёрдам берди. Ўқишни битириб келган ёш мутахассисларни иш билан таъминлади. Бугун ўзбек матбаачилиги ривожига муносиб ҳисса қўшаётган соҳанинг етук мутахассислари ­Марат акани ўзларининг чин устозлари, деб биладилар ва у кишининг хотирасини ҳамиша ҳурмат билан эслайдилар.

Муҳамаджон Зайтаев матбаачилик сирларини пухта ўрганиб бориб соҳанинг етук мутахассислари сафидан ўрин олди. У матбаа корхонанинг цех бошлиқлигидан бош муҳандиси бўлди. Қисқа вақт Ўзбекистон–Британия «Растр» қўшма корхонаси бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлади. Сўнг «Давлат белгиси» корхонасида ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари бўлиб фаолият юритди. У 2005 йилдан буён «Ўзбекистон» НМИУ директорининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари вазифасида самарали ишлаб келаётир.

– Муҳамаджон ака билан ишлаш ҳамиша ҳам мароқли, ҳам завқ­ли, – дейди «Ўзбекистон» НМИУ директори Зоир Исажонов, – у киши ҳаммага бирдай, каттаю кичикнинг ҳурматини жойи­га қўяди. Камтарин ва оддий инсон. Ишчи-хизматчиларнинг кўнглига йўл топади. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, масалаларини ижобий ҳал этишга ҳаракат қилади. Нашриёт уйимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатли чиқишида, китоблар ва газета-журналларнинг сўнгги технологиялар асосида чоп этилишида Муҳамаджон Зайтаевнинг муносиб ҳиссаси бор. Ёшларга касб сирларини ўргатишда у киши ҳақиқий ва фидойи устозлик қилмоқда.

Яна ўқинг:  Ilm va hunar yo`li

Ҳақиқатан ҳам шундай. М. Зайтаев матбаа корхонасига ишга келганида 17 ёшда эди. Шунга ҳам 43 йил бўлибди. Бугунги ёшларнинг ғайрат ва шижоатида ўзининг оловли ва жўшқин ёшлигини кўради. Устозлари унга касб сирларини қанчалар меҳр билан ўргатган бўлса, у ҳам ана шундай меҳр ва фидойилик билан ёшларга матбаачилик касби сир-асрорларини ўргатмоқда. Шу боис ҳам «Ўзбекистон» НМИУда ёш ишчи-хизматчилар сафи кенгайиб бормоқда.

Умрининг олтмишинчи бекатига соғ-саломат, куч-ғайрат билан етиб келган Муҳамаджон ака Зайтаев 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Икки ўғли унинг изидан бориб, ота касбини танлади. Қизларидан бири олима, иккинчиси молиячи. Шунингдек 3 нафар ширин набиранинг бобожониси

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйининг ишчи-хизматчилари, ходимлари ишга маъсулиятни, фидойилик, ҳалоллик ва талабчанликни, касб сирларини, матбаа янгиликларини қолаверса, ҳамкасбларга бўлган самимий меҳр ва инсонийликни Муҳамаджон Зайтаевдан ўргансалар кам бўлмаслигини яхши биладилар. У киши хонада муқим ўтирадиган раҳбар эмас. Муҳим ҳужжатларга имзо қўйгач, Муҳамаджон ака гоҳ ишлаб чиқариш бўлимида, гоҳ иқтисодчилар орасида, гоҳ наш­риёт бўлимида, гоҳ даст­гоҳлар ёнидаги ёшлар даврасида бўлади. Ўз касбидан бахт ва барака топаётганлар сафида камтарин инсон, меҳрибон устоз, самимий дўст Муҳамаджон Зайтаевнинг борлигдан биз, ҳамкасблари узоқ-узоқ йиллар қувониб юрайлик.

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: