Дастурхон – тўкинлик рамзи

Бугунги кунда пазандалик тиббиёт билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, билиб исътемол қилинган таом шифобахшлик хусусиятини ўзида уйғунлаштиради. Зеро, соғлом турмуш тарзининг бир йўналиши тўғри овқатланишдир. Ҳар бир киши ўз мижозини билган ҳолда таомномасини тузиши кераклигини бундан бир неча аср олдин яшаб ўтган Шарқ табобатининг султони, аллома бобокалонимиз ибн Сино ҳам тавсия қилган.

Соғлом турмуш тарзига бўлган эътибор она Ватан мустақиллиги шарофати билан янада кучайди. Пазандалик маҳоратини улуғлаш мустақилликдан кейин анъанага айланди.

Сармишсой дарасидаги ёзги ошхона шийпони. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 16 нафар ошпаз пазандалик маҳоратини намойиш этди. Байрам иштирокчилари учун очиқ осмон остида мўъжазгина ошхона бунёд этилди. У ер манқал, тандир ва миллий ўчоқлар билан жиҳозланди. Олов учун ўтинлар тахланди. Бир томонда сумалак, бир томонда ҳалим, яна бир ўчоқда ош, яна бирида мошкичири, яна бирида жуянкуртук, тандир кабоб каби неъматлар тайёрланаяпти. Дара узра пишаётган овқатларнинг турфа ҳиди таралади, иштаҳани қитиқлайди. Ошпазларнинг қўли қўлига тегмаётган шийпон ён-атрофи томошабинлар билан гавжум.

Биз бу ерда Ҳусниддин Ҳамидов, Шуҳрат Бекназаров, Равшан Қўзиев ва Гулистон Иброимова билан танишдик. Тўртталаси ҳам бобою момолардан мерос қадриятлар – миллий таом тайёрлаш санъатини улуғлаб келишаётган етук мутахассислардир.

Улар деярли бир соҳада, турли жойларда ишлаган бўлса-да, ҳар бирининг ўз ҳаёт йўли, ўзига хос истеъдоди, пазандалик маҳорати бор.

Ҳусниддин Ҳамидов Ватан мустақиллигидан кейин якка тадбиркорликка кенг йўл очилганида миллий ширинликлар тайёрлаб сотиш фаолиятини йўлга қўйди. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бу борада донг таратди. Вилоятда бўлиб ўтадиган Наврўз байрами ва бошқа турли хил тантаналар унинг қандолатчилик маҳсулотларисиз ўтмайди.

– «Асрлар садоси» фестивалига таклиф қилишганида бошим осмонга етди. Буни меҳнатимнинг элимиз томонидан тан олиниши деб тушундим. Тупроққалъада бўлиб ўтган фестивалда тантананинг улуғворлигини кўриб лол қолдим. Менга миллий таомлар танловининг иштирокчиси эканлигимнинг ўзи катта бахт эди. Сов­риндор бўлганимни эшитганимда эса ғоят хурсанд бўлдим. Гилам ва диплом билан сийлашди. Ҳозир диплом уйимнинг тўрини безаб турибди, – дейди ҳаяжонини яширмай Ҳусниддин Ҳамидов.

Навоий вилоятининг Кармана туманидан келган Шуҳрат Бекназаров «Аср­лар садоси» 6-фестивалининг сов­риндори бўлди. У Кармана туманидаги «Бахт» ресторанида бош ошпаз бўлиб ишлайди. Унинг фестиваль иштирокчилари учун пиширган палови ҳайъат аъзоларига ҳам, томошабинларга ҳам маъқул келди.

Яна ўқинг:  Cарф-ҳаражатсиз саёҳат

– Карманадаги кўпгина тўй-томошалар менинг ошимсиз ўтмайди. Ўзбек таомларининг юздан ортиқ турини маромига келтириб тайёрлай оламан. Шунинг учун шогирдларим ҳам кўп. Бугунгача йигирмадан ортиқ шогирд тайёрладим, – дейди бош ошпаз фахр билан

Гулистон Иброимова «Асрлар садоси» фестивалидаги танловда қатнашиш учун Нукус шаҳридан келган. У «жуянкуртук» деб номланувчи хамирли овқати учун ўтган йили Тупроққаълада ўтказилган фестивалнинг совриндори бўлган эди. «Жуянкуртук» – бу жўхори унидан тайёрланадиган бешбармоққа ўхшаш хамирли овқат. Бу сафар Гулистон «жуянкуртук» билан бирга қорақалпоқ халқининг миллий овқати оқ савлоқ, бешбармоқ, тўғрамаларни ҳам пишириб, уларнинг ҳам таъмини туйишни таклиф қилди.

Мамлакатимиз мустақиллиги шарофати билан асли касби инженер-технолог бўлган Г.Ибрагимова узоқ йиллик тажрибасини тадбиркорликда ҳам қўллай бошлади. У ташкил қилган «Парвоз-Нукус» хусусий корхонаси юқори суръатда фаолият олиб бормоқда. Бу хусусий корхона оилавий турмушнинг обод бўлишига муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

– Уч фарзандим, тўрт неварам бор. Ана шу хусусий корхонада уларга касбимиз сирларини ўргатаяпман. Ҳам оиламизни моддий жиҳатдан таъминлаймиз, ҳам элга муносиб хизмат қилишга интиламиз, – дейди у.

Гулистон Иброимова Халқ демократик партиясининг аъзоси бўлиб, ижтимоий-сиёсий майдонда ҳам фаол қатнашади.

– Мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Бироқ, мамлакатингиз, жумладан, фестиваль ҳақида кўп ўқиганман. Ўқиш бошқа, бироқ, ўз кўзинг билан кўриш бошқа. Ранг-баранг тадбирлар, гўзал қадимий қадриятлар, миллийлик мени лол қолдирди. Миллий таом-паловнинг таъми оғзимда қолди. Дунёда бундай кўчма тадбирлар, халқ сайли жуда кам ўтказилади. Чунки, уни ташкил қилиш ниҳоятда қийин. Ишонч билан айтиш мумкин-ки, бу тадбир катта аҳамиятга эга, – дейди россиялик журналист Антон Коробков-Землянский

Жамиятимизнинг бугуни ва келажагини қуёш, ер, осмон, ҳаво, сув, олов, ҳайвонот ва наботот олами каби табиий қадриятларсиз тасаввур этиб бўлмаганидек инсонни яхшилик, адолат, ҳақиқат, саховат, меҳр-мурувват ва ижодкорлик каби маънавий қадриятларсиз яшашини ҳам тасаввур этиб бўлмайди. Маънавий қадриятлар кишининг ҳаёт мезонларини белгилайди. Яхшиликка, эзгуликка, покликка ундайди.

Фестиваль халқнинг ўзига хос фазилатлари – ўзбекона қадриятларни улуғлаб келаётгани ва эзгуликка чорлаши билан элга манзурдир.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: