“Татуаж” ва “ботекс” нима ёхуд “гўзаллик” қурбонлари хусусида

Бу дунёда барча қиз гўзал ва мафтункор бўлишни истайди. Табиий гўзаллик яхши, аммо бугун Яратган берган бу неъматдан кўнгли тўлмай, турли йўллар билан гўзал бўлишга интилаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Аёллар ва қизлар орасида “татуаж”, “ботекс”, “маникюр”, “педикюр” ҳамда сунъий йўллар билан сохта қош ва киприклар эктириш урфга айланмоқда. Афсуски, бу борада олтин меъёрни билмай, ўзига турли ташвишларни орттириб олаётган опа-сингилларимиз кам эмас. Келинг, бугун шу ҳақида суҳбатлашамиз.

 

Феруза АРИПОВА, дерматовенеролог:

Татуаж – пергамент пардоз, яъни юздаги аъзолар – лаб, кўз, қошни бир неча йилгача ўчмайдиган қилиб бўяш. Бу жараёнда юқоридаги аъзолар терисига игна ёрдамида махсус бўёқлар юборилади. Бу пигментларнинг узоқ вақт сақланишини таъминлайди. Пергамент муолажаси оғриқли бўлиб, бир-икки соатгача чўзилади. Татуаж пардоз буюмларидан фойдаланмай, лаб, кўз ва қошга керакли шакл бериш, тери нуқсонлари бўлган чандиқ ва пигмент доғларни яшириш имконини беради. Лаб татуаж қилинганда оғиз атрофида турли хил шишлар пайдо бўлиб, улар узоқ вақтгача битмайди. Инфекцион касалликларга чалиниш хавфи ортади. Кўзда кўриш қобилиятининг пасайиши ҳамда тери сезувчанлиги, мимикага салбий таъсир этади. Юзнинг асаб томирларини жароҳатлаб, баъзан сурункали аллергияни ҳам келтириб чиқаради.

Ботекс – мазкур препарат ботулин токсинидан тайёрланадиган кучли заҳар ҳисобланади. У юз териси остига юборилгач, юз мушаклари фалажланиб, ҳаракатдан тўхтайди, натижада гўзаллигимизга соя солувчи ажинлар йўқолади. Муолажа қисқа муддатда ўз таъсирини кўрсатади, лекин такрор-такрор юборилганда юз сезгилари аста-секин йўқола бошлайди. Ботексдан сўнг терида янада кўпроқ ажинлар пайдо бўлади.

Шунингдек, киприк ва қош эктириш амалиёти асосан гўзаллик салонларида амалга оширилади. Мавжуд киприклар орасига сунъий киприклар тутами киритилиб, махсус елимга экилади. Киприк белгиланган муддатидан олдин тўкилишни бошлайди. Қош ҳам яккам-дуккам бўлиб қолади. Кейин мижоз уни яна қўшимча маблағ сарфлаб, муддатидан аввал олиб ташлашга мажбур бўлади. Бунинг натижасида табиий қош ва киприклар толаси нимжон бўлиб, тўкилади.

 

Мафтуна ВАЛИЕВА, ЎзМУ талабаси:

– Ҳар бир замоннинг ўзига хос муаммо ва камчиликлари бор. Лекин ҳамма даврда ҳам бундай муаммолар марказида биз каби ёшлар туради. Сабаби, айни қизиқувчан ёшда тақиқланган нарсаларга интиламиз.

Яна ўқинг:  Қўл тўпи тез ва аниқ фикрлай олишга ўргатади

Бугун қизлар ва аёллар турли усуллар билан гўзал бўлишга интилмоқда. Лекин бундан азият чекаётган ва турли касалликларга чалинаётганлар талайгина. Унинг зарарли оқибатлари ҳақида маълумотларга ҳам эгаман.

Бир куни гўзаллик салонига борганимда бир қизга ботекс учун инекцияни юборилганда унга аллергия бериб, юзида турли тошмалар пайдо бўлди. Ўша кундан эътиборан табиий воситалардан фойдаланишга қарор қилдим. Ахир момоларимиз ҳам азал-азалдан ўсма, сурмалардан қош-кўзларига суриб, қўл ва оёқларига хина қўйиб табиий гўзалликка интилганлар-ку.

 

Сунъий гўзалликка қизиқиш қаердан пайдо бўлмоқда?

 

Бу саволлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Жавобни эса атрофимиздан излаймиз. Бу борада тенгдошларимнинг фикрларини ўрганиб чиқдим. Буни қарангки, “ёшлик эликсири”нинг зарарли эканлигини билсада, гўзаллик қурбонларига айланишга тайёр “қаҳрамонларимиз” сони кўпчиликни ташкил қилар экан. Аммо, вақтинчалик чирой нима учун керак?

Буни айтишим қанчалик тўғри билмайман-у аммо қизларнинг борган сари чеҳралари бир хил бўлиб бормоқда. Кино актёрларга тақлид авж олиб, ўзлигини йўқотаётганлар ҳам бугунги жамиятимизда кўплаб топилётгани кишини ранжитади. Кимлардир никоҳ тўйида кечанинг маликасига айланишни истаб, бундай усулда гўзал бўлишга рози бўлса, яна кимдир машҳур хонанда, актрисаларга тақлид қилиб, уларга ўхшашга ҳаракат қилмоқда. Кўриб турганингиздек, асосан тенгдошларимиз орасида бу каби косметологик амалиётларга интилиш кучли. Хўш, ота-оналарнинг бу ҳақда фикри қандай?

 

Фотима УЛУҒМУРОДОВА, уч қизнинг онаси:

– Ўсмир ёшида бўлгани учун катта қизим Ноиланинг юриш-туришини доимо назорат қиламан. Унинг муаммоларини эшитиб, биргаликда бартараф этишга ҳаракат қиламан. Лекин шу билан бирга, бироз қаттиққўлман. Унга бўлган бундай муносабатим яхши натижа берди. Ҳозирда қизим рус ва инглиз тилларини мукаммал билади. Бўш вақтини унумли ташкил қилганман. Ҳафтасига икки кун тикувчилик тўгарагига боради, қолган кунларда эса дарслари ва уй ишлари билан машғул бўлади. Қизимни ботекс ёки татуаж қилишига рухсат бермайман. Нафақат мен, балки уч акаси ҳам бунга йўл қўймайди. Мақтанишга йўйманг-у қизим бу каби воситаларсиз ҳам мафтункор.

 

Нигина ПАРПИЕВА, уй бекаси:

– Ёшим ўттиз иккида. Шунга қарамай, атрофдагилар ёшимга нисбатан кичикроқ кўринишимни кўп айтишади.

Бир куни синглимнинг тўйига бориш учун сочимни турмаклатиш учун уйимиз ёнидаги гўзаллик салонига кирдим. Сочимни тарар экан сартарош қиз юзимдаги ажинларни санай кетди. Бир дақиқада ўзимни ўттиз ёшга қаригандек ҳис қилдим. Сўнгра бу ажинлардан қутилишнинг йўли осонлигини ва ўз хизматини таклиф этди. Айтишича, бор йўғи, бир инекция ва мен йигирма ёш қизга айланар эканман. Бу мени жуда қизиқтириб қўйди. Аммо, хўжайинимдан сўроқсиз ўзим қарор қабул қила олмайман. Шунинг учун у кишига қўнғироқ қилдим. Лекин турмуш ўртоғим бунга рухсат бермади.

Яна ўқинг:  Тупроқдан зар топган олим

Буни қарангки, бугун аёллар ва қизлар орасида “оммавий маданият”ни тарғиб қилаётганлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Кўр-кўрона тақлид орқали ўзлигини унутиб, жамиятда кемтиклар пайдо бўлишига замин яратишяпти. Шундай экан атрофдагиларга ва яқинларимизга бунинг зарарли ва кераксиз эканлигини уқтиришимиз лозим. Унутманг, ташқи гўзаллик эмас, қалб поклиги муҳим.

 

Дилфуза ЖАМОЛОВА,

ЎзМУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: