Улуғвор тоғлар абадияти

Меҳр, самимийлик, ишонч, садоқат… Луғатимиздаги шу сўзларни яхши кўраман, қадрлайман. Улар ортидаги муносабатлар ва ҳаракатлар инсон деган номни улуғлаши бежиз эмас.

Айтингчи, шу сўзлар кўз ўнгингизда қандай жонланади? Албатта, уларнинг ижрочилари гавдаланиши, табиий. Кўз ёшларингизни артиб, сизга ҳаёт нақадар гўзал эканини кўрсата олган, йиқилганингизда қўл бериб турғазиб қўйган, сизга тош отишаётганда қалқон бўлиб турган ёки тоғ чўққисига чиқишингиз учун қўлингиздан тутиб тунда ой, кундузи қуёш бўлиб йўлингизни ёритган инсонлар айнан шу мавҳум тушунчаларнинг ҳаётдаги яратувчилари. Ҳа, уларни ҳам том маънода бунёдкор дейиш мумкин. Улар инсонларга ўзига ишониш туйғусини бунёд қилувчилар, ирода кучини қайта тикловчи саховатли шахслар. Юқорида айтилган мавҳум тушунчалар улар билан ҳаётга киради, уни гўзаллаштиради.

Ўтган ойда 70 йиллигини тантанали нишонлашимиз керак бўлган, аммо шу санадан бир кун олдин бу ёруғ дунёни тарк этган профессор, буюк инсон (мен бу сўзни таъкидлаб ишлатмоқчиман) Зуҳра Умарованинг ҳаёти давомида қўйган барча қадамлари эзгулик билан йўғирилганига асло шубҳа йўқ.

Тўғрисўз, ўз ишининг фидойиси, ғамхўр ва талабчан устоз.

У кафедра ходимлари ва яқинларининг том маънодаги онаси эди. Ўзбек педиатрия соҳаси дарғаларини етиштириш тарихида ҳам бу инсоннинг ҳиссаси беқиёс.

 

Болалар саломатлиги ҳимоясида

Ҳа, ўшанда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки кунларида профессор З. Умарова кафедра ходимлари билан ҳамкорликда биринчи марта соғлиқни сақлаш амалиёти учун мамлакатда болалар ва гўдаклар ўлимини камайтириш мақсадида республикада шошилинч педиатрияни ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Кейинчалик 10 йил давомида ЮНИСЕФ ва СДСнинг “ЖССТ тавсиялар бўйича тирик туғилиш мезонларини киритиш” лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори сифатида фаолият олиб борди ва тирик туғилиш мезонларини киритишга бошчилик қилди. Бу эса мамлакатимиз бўйлаб оналар ва болалар соғлиғини сақлаш сифатини оширишга, бўлажак оналар соғлиғини патронаж қилиш хизмати сифатининг яхшиланишига ва гўдаклар ўлимининг кескин камайишига олиб келди.

У Бухорода Лихачев жамғармаси фаолиятини бошлаганди. Ўша пайтда болалар ўлими республика бўйича ҳар 1000 та болага 48тани ташкил қилар ва бу кўрсаткич Бухорода, айниқса, юқори эди. Жамғарма томонидан “Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш амалиётида шошилинч педиатрия, услублари” лойиҳаси устида иш олиб борилар эди.

Яна ўқинг:  Доривор ўсимликлар хорижга экспорт қилинади

 

Меҳрибон ва талабчан

Зуҳра Султановна учун шогирдлари, ўқувчилари, кафедра аъзолари фарзандлари эди. У меҳрибон онадай ҳар дақиқа уларнинг аҳволидан бохабар ва ҳар бир ёшдаги инсоннинг дардини ўз дардидай қабул қиларди. Унинг бу сифатидан ҳамма ҳайрон қоларди. У инсонлар дарди билан яшаб ўз дардини унутар эди. Илмий иш қилаётганларга, дард чекаётганларга қандай бўлмасин моддий ё руҳий ёрдам кўрсатишни билар эди.

У биринчилардан бўлиб таълим жараёнида илғор педагогик технологияларни жорий этиб, фаоллик кўрсатган. Фидойи устоз ролли ўйинлар, мураккаб бир неча босқичли тест топшириқлари ва шошилинч ҳолатдаги бемор болани кузатишнинг шакллантирилган харитаси каби ўқитишнинг бир неча интерфаол усулларини ишлаб чиқди ва уларни мукаммаллаштириб борди. Талабалар Зуҳра Султановна томонидан амалий машғулотлар, маърузалар ва беморларнинг профессор иштирокидаги тиббий-кўрикларига катта ҳурмат ва эътибор билан қатнар эди.

Устоз илмий иш қилаётганларга ҳам ниҳоятда талабчан эди. Аммо бу талабчанлик ғамхўрлик билан йўғрилгани учун бўлажак олимлар Зуҳра Султановнага нисбатан аввал бироз хафа бўлсалар-да, кейинчалик миннатдорлик туйғусини туяр эди.

 

Миннатдор шогирд

Бу фидойи инсон ўз устозларини жуда ҳурмат қилган. Устоз деган улуғ сўз маъносини чуқур англарди. Улар 1987 йилда академик Л. Исаева раҳбарлиги остида “Болалардаги сурункали пневмонияда функционал гиперреактивлик” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1988 йилда Москва тиббиёт академиясида йиллик малака оширишдан ўтиб, И. Сеченов номидаги Москва тиббиёт институти I болалар касалликлари кафедрасига докторантурага кирди. 1992 йилда “Болалардаги бронхиал астмада психомотор бузилишларни клинико-функционал ташхислаш ва мувофиқлаштириш усуллари” мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Илмий ишларига раҳбарлик қилган Людмила Александровна Исаевадан Москвага борганда доим хабар олар эди. Устоз касал бўлганида эса бориб парвариш қилишга ҳам вақт топган. Академик Л. Исаева “Мен Ўзбекистонни Зуҳра туфайли яхши кўриб қолдим” деган сўзларини такрор-такрор айтганини кўпчилик эшитган.

Бу устоз шогирдига бир васият қолдирган эди. Ҳар йил ўзининг туғилган куни – 7 апрелда уни эслаб дастурхон ёзишни ва ҳатто таомнома ҳам тузиб берган эди. Албатта дастурхонда настарин гуллари, қуймоқлар ва қуритилган олхўри билан димланган гўшт бўлиши керак. Зуҳра Султановна устозининг васиятларини сўзсиз бажарар эди. Шу куни Москвада ҳам Людмила Исаеванинг шогирдлари дастурхон тузашган бўларди. Умуман, Зуҳра опа учун садоқат сўзи жуда муқаддас бўлиб, бу дўстликка нисбатан ҳам юксак эди.

Яна ўқинг:  Бадиий гимнастика

 

Чет элллик ҳамкасблари тан берган

Зуҳра Умарова республикамиз ва халқаро миқёсдаги педиатрлар конгресслари, симпозиумлари ва съездларининг доимий ташкилотчиси ёки қатнашчиси сифатида бир неча марта ўз илмий ишлари билан чиқишлар қилган. У кўп чет эл сафарларида бўлар, болаларда учрайдиган касалликларга даво излаш, уларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни биринчи галдаги вазифаси, деб биларди.

Ана шундай сафарлардан бирида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Асомиддин Комилов бошчилигидаги шифокорлар Туркияда бўлганида клиникани айланишади. Кўрик пайтида турк шифокорлари 2 ҳафтадан бери ташхис қўя олмаган болани кўрсатишади. Боланинг бўғимлари атрофида тошмалар бўлиб, қорни оғриётганидан шикояти бўлган. Зуҳра Султановна 1 дақиқага ҳам қолмасдан ташхис қўяди: “Шейнлейн Геноха” касаллиги дейди. Турклар бир муддатдан сўнг ташхис тасдиқланганлигини айтади ва профессорга ҳайратларини билдиришади.

 

Ибрат мактаби

Зуҳра Султановнанинг нафақат илми ёки таълим бериши, балки ҳар бир қилган иши, босган қадами ибрат мактаби вазифасини ўтарди. Улар феноменал хотирага эга бўлиб, телефонларида бирор рақам сақламай, барини ёддан билар, барчани ҳайратга солар эди. Агар ёшлар рақам зарурати билан телефонга тикилиб қолишса, ёддан бирпасда айтиб берарди. Бундан ҳайратланганларга “Ҳа, мияни ривожлантириш керак, бадиий китоб ўқиш керак, шеър ёдлаш керак” дея таъкидлаши ҳамма учун дастуриламалдай бўлиб қолганди. Устоз бугунги ишни эртага қолдирмасликни, ҳар бир масалани жойида ҳал қилишни яхши кўрарди. “Бу ишни эртага қиламан” деган йўл “йўқлик томон етаклайди”, дерди. Энг яхши хислатлари: бировни ёмонлаб кирган одамни ёқтирмас эди. Агар шундай ходиса юз берса, ўша одамни бу ҳолат ҳақида чуқурроқ ўйлаб, ўзидан ҳам нима ўтганлигини таҳлил қилиб кўришга ундар эди. Агар кимдир орқаваротдан нимадир деганини билса, буни ҳам оддий, табиий қабул қиларди ва ўч олишни ёмон кўриб, бу ишга вақт кетказишни истамас эди. Яна бир ажойиб хислатлари ўта зукко, эътиборли бўлиб, буни бошқалардан ҳам талаб қиларди.

 

Меҳрибон фарзанд

Зуҳра Султановна нафақат меҳрибон устоз, шогирд балки сўзлаб тугатиб бўлмайдиган меҳрга эга фарзанд ҳам эди. Оналарига ниҳоятда ғамхўр бўлиб, хасталаниб ётиб қолганларида сингиллари иккиси навбатма-навбат парвариш қилишар эди. Онаси учун алоҳида бозор қилиб, энг сара маҳсулотлар ва мевалар харид қилганида албатта сотувчиларга “Менга энг яхшисидан беринглар, ахир буларни онамга оляпман” дер эди. Бу гапни шунчалик меҳр билан айтар эдики, сотувчилар ҳам ҳайратга тушишар ва яхши сабоқ олишарди.

Яна ўқинг:  Наманганда илк бор эгилган умуртқа операция қилинди

Оналари 4 йил тўшакка михланиб қолганда у кишини ҳар бир кунини қандай қилиб мазмунли ўтказиш ҳақида ўйлар эди. Ана шу тадбирлар қаторида ҳар кеч онажонисига бадиий асарларни ўқиб беришдан чарчамасди. Сўнг эса бадиий асар, уларнинг қаҳрамонлари ҳақида ҳам мулоҳаза юритишар эди. Опа учун пул ҳеч қачон биринчи даражали бўлмаган. Асосийлари меҳр, қадр ва инсонийлик ва ундан кейин моддийлик турган.

 

Ҳаёт давом этади…

Ҳаёт давом этади… Инсонлар бу дунёга келиб кетаверади.

Қизиқ, аммо айнан ўтгандан кейин инсоннинг бу ҳаётдаги ўрни билинар экан. Ана шу ўринни уларнинг ҳаёти давомида бажарган эзгу ишлари, атрофдаги инсонларга муносабати, меҳнати, илми, ижоди белгилар экан.

Буюк инсоннинг буюклиги кейин билинаркан. Ахир ёнида туриб тоғнинг юксаклигини билиш қийин. Унинг баландлиги узоқдан яққол кўринади.

Бешафқат ўлим зукко инсон, буюк олима, меҳридарё моҳир устоз, билимли шифокор, жамиятимизнинг, илмнинг равнақ топиши, инсонларнинг том маънода маънавиятли бўлиши учун ўз ибрати ва сўзи билан толмас курашчи Зуҳра Умаровани орамиздан олиб кетди. Аммо унинг ибрати қанча шогирдларига уни билган инсонларга сабоқ бўлди. Ҳамманинг Зуҳра Султановнадек олима раҳбар, устоз, шогирд ва фарзанд бўлгиси келаверади… Эзгу ишлар устознинг бу дунёда йиғган энг катта савоблари бўлиб қолаверади.

 

 Кавсар ТУРДИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: