БЎЛАЖАК ОНАЛАРГА ТАВСИЯЛАР
Ҳомиладор аёлнинг ҳаёт шароити, гигиенаси, кун тартиби дунёга келадиган боланинг тўғри ўсиши ва ривожаланишида муҳим аҳамиятга эга. Хўш, аёл киши ҳомиладор бўлганидан бошлаб, то кўзи ёригунга қадар нималарга эътибор бериши керак?
Озодалик жуда муҳим:
– Иложи бўлса, аёл эрталаб ва кечқурун илиқ душда чўмилиши, болалар совунини ишлатиш керак. Ҳомиладорлик даврида иссиқ ванналар қабул қилиш ёки сауналарга бориш тавсия этилмайди. Чунки иссиқ буғ ҳомиладорликнинг кечишига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.
– Ҳар гал овқатлангандан сўнг оғиз илиқ сув билан чайилса милкларда инфекция тўпланмайди.
– Ҳомиладор аёл калта қирқилган сочларни икки уч кунда, узун сочларни эса беш-олти кунда бир марта ювиб, фен билан қуритгани маъқул.
– Ётоқхонани тез-тез шамоллатиб, нам латтада артиб туриш лозим. Хона ҳарорати 18-20 даража бўлгани мақсадга мувофиқ.
Қанча ухлаш керак?
– Аёл ухлашга ётишдан олдин дарчаларни ярим очиқ ҳолда қолдириши лозим. Ҳар куни 8-9 соат ухлаш шарт. Кундузи бир-икки соат ухлаб олса, янада яхши.
– Ётоқ жой ўта юмшоқ бўлмасин, аёл текис ва қаттиқроқ ўринда ўнг ёнбоши билан ухлагани маъқул.
– Эрталаб соат 8 ва 11 оралиғида, кечқурун эса соат 17 ва 19 оралиғида очиқ ҳавода қуёш ванналаридан баҳраманд бўлиши керак. Чунки, бу пайтларда қуёшнинг ультрабинафша нурлари аёл терисидаги бактерияларнинг ривожланишига қаршилик кўрсатади ва организмда D витамини ҳосил бўлишини таъминлайди.
– Хомиладор аёл кундалик ишларини одатдагидек бажаравериши, фақат қалтис ҳаракатлардан ва оғир юк кўтаришдан сақланиши зарур. Эрталабки махсус бадантарбия машқлари эса ҳомиладорликнинг кечишига ижобий таъсир кўрсатади.
Кийиниш ҳам муаммоми?
– Бўлғуси онанинг либослари унинг ҳаракатига халақит бермайдиган, яъни кенгроқ қилиб тикилиши керак. Тор кийим нафас олишни ва овқат ҳазм қилиш жараёнини қийинлаштиради, томирларда қон айланишини сусайтиради. Белбоғни сиқиб боғлаш, кўкрак қафасини сиқадиган сийнабанд тақиш ва резинали пайпоқлар кийиш ҳам соғлиқ учун зарарли.
– Йилнинг совуқ фаслида жун газламадан тикилган кийимлар, ёз кунларида эса ҳаво ўтказувчан енгил либослар қулай. Сунъий толалар ўзига нам сингдиради, электростатик зарядлари ҳам кўп. Бу зарядлар терида ёқимсиз ҳид пайдо қилади, ёзда баданни қуёш тиғидан, қишда эса совуқдан сақлай олмайди.
– Айниқса, сунъий толалардан тикилган ич кийимларни ҳомиладор аёллар умуман киймаганлари маъқул. Ип, зиғир толаси ва ипак газламалардан тикилган либослар, айниқса, ички кийимлар ҳомилани ҳар хил нохуш таъсирлардан ҳимоя қилади.
Сифатли овқат – соғлик кафолати
– юкли аёлнинг овқати доимо янги пиширилган, оқсил ва витаминлар, минерал тузлар ҳамда углеводларга бой бўлиши керак. Организмнинг оқсилга эҳтиёжи ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида тахминан 50 фоизга ортади. Шунинг учун бу пайтда аёл кунига беш-олти маҳал оз-оздан овқатланиши керак.
– Қувватли таомлар, масалан гўшт, балиқ, тухум, пишлоқни эрталаб ва кундузи истеъмол қилиши, кечқурунлари эса енгил ҳазм бўладиган сутли ва сабзавотли овқатларни егани маъқул.
– Ҳомиладорлик вақтида аёл организмида кальций ва фосфорга бўлган талаб ҳам ортади. Улар ҳомила суягининг шаклланишида ва тананинг кислородни ўзлаштиришида муҳим аҳамиятга эга. Сабзавот ва мевалар, гўшт, кепакли ундан ёпилган нон, гречка ёрмаси, сут маҳсулотларида минерал тузлар кўп бўлади.
– Тузни меъёрдан ортиқ ишлатиш танада шиш пайдо бўлишига олиб келади. Айниқса, ҳомиладорликнинг кейинги ярмида ош тузини кам ишлатиш керак.
Танадаги нохушликлар…
– Айрим ҳомиладор аёллар то кўзи ёригунича ўзларини нохуш сезадилар. Чунки, бу пайтда юрак қон томир тизими ва буйракларда ўзгаришлар юзага келади. Баъзи пайтларда ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида қон босими бироз пасайса, кейинги ярмида эса сал кўтарилиши мумкин.
– Ич равон юришиб туриши учун аёл наҳорда оч қоринга мева ейиши, сабзи, карам, лавлагини тўғраб, аралаштириб истеъмол қилиш фойда беради. Агар шифокор буюрмаган бўлса, ич сурадиган дорилардан фойдаланмаган маъқул. Умуман, ҳомиладорликдаги барча нохушликлар туғруқдан сўнг ўтиб кетади ва аёл соғлиғи аслига қайтади.