Яхшиям борсиз, яхшилар!

Яхши одамлар бўлмаганида она Ер ўз ўқи атрофида айланиб турармиди? Қуёш сайёрамиз атрофида парвонадек куну тунни таъмин этармиди? Дунё ўз мувозанатини ниманинг устида қурган? Одамзот жуда қаттиқ чарчаганда, ҳаёт синовларига, тўсиқларларга дуч келганида яшашга қандай куч топади?

…2015 йилда дадам оламдан ўтди. Бошимизга тоғ қулади, ўшанда. Мен ва синглим мурғак қалбимиз билан падаримнинг йўқлигига, энди ҳеч қачон бу дунёда кўришмаслигимизга кўникишимиз керак бўлди. Лекин қандай кўникиш мумкин? Қийин экан. Шундай оғир дамларда яхши одамлар ёрдамга келди.

Биринчи ўринда яқин қариндошлар албатта. Лекин раҳматли дадажонимнинг ўртоқлари, бизга амаки қаторида саналадиган инсонларнинг меҳрли муносабатлари қаддимизни кўтарди. Бизга кўп меҳрибонлик қилишди. Ҳаммалари ўз аёллари билан келиб, кўнглимизни кўтариб, далда бўлдилар, таскин бердилар.

Ўтган йили туғилган кунимдан бир кун олдин дадажоним бўлсалар табриклар эди, совғалар ўз йўлига, лекин у кишининг юзини юзимга босиб эркалаб қўйишларини жудаям соғиниб, йиғлаб, ухлаб қолдим. Эрта тонгда эшик қўнғироғи чалинди. Ойим эшикни очса, дадамнинг ўртоқлари – меҳрибон инсонлар бир дунё совғалар билан туришибди. Биз кўз ёшларимизни тия олмадик. Бу ғам аралаш қувонч ёшлари эди. Бу меҳрибон инсонлар мана қарийб 3 йилдирки, бирор байрамда, яхши-ёмон кунларда бизни унутишмади, ташлаб қўйишмади. Минг бор раҳмат, ташаккур ва таъзим уларга! Улғайиб, юртимга наф келтирадиган инсон бўлиб, насиб этса, уларнинг барча яхшиликларига яхшилик билан жавоб қайтараман.

“Яхши одамлар дунёда кўп эмас” дейишса ишонма, яхшилар кўплиги учун дунё турибди, – дейди бувим. Шундай яхши инсонлардан яна бири раҳматли дадамнинг Дўмбирободдаги ҳовлисида яшаганимизда қўшнимиз бўлган, ойимнинг жонажон опаларидан бири Одинахон холажоним ҳам ҳаётимизда юксак қадр-қимматга эга инсон. Оддий ўзбек аёли, юзида офтоб кулиб турадиган бу аёлни эсласам, кўрсам, яхшилик фариштаси, деган сўз хаёлимдан ўтади. Мен ва синглим худдики уларнинг оила аъзосидекмиз, ўз фарзандига нимани раво кўрса, бизга ҳам шундай меҳр кўрсатади. Дунё қизиқ экан, дейди ойим, меҳрни кимдан кутасан-у, кимдан насиб этади?! Баъзан яқин инсонларинг арзимас нарсаларни деб сендан юз ўгиради. Лекин қариндошлик маъносида бегона бўлсада, қалби қалбингга туташ инсонлар сенга ҳаёт йўлингни топишингда ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Болалар футболи: орзулар рўёби сари

Ҳаёт оиламиз бошига катта ташвишни солганда, қийинчиликлар ичида яшаётганимизда ёнимизда кўп одам қолмади. Лекин қолганлар орасида устозим Гулжамол опа ҳақида ҳаммадан кўп гапиргим келади. Чунки бу жонфидо инсон ҳам худдики ёрдам қўлини чўзишни ўз вазифасидек қабул қилиб, бизни руҳан ва маънан қўллаб-қувватламоқда. Устозимга гапим кўп, лекин таърифга сўз ожиз. Раҳмат, раҳмат, минг бора раҳмат дея оламан, холос!

Тўғри, дунё шундай одамлар борлиги учун турибди. Дадажонимнинг имонли, инсофли ва виждонли дўстлари каби одамлар борлиги учун, Одинахон опа каби яхшилик фаришталари, Гулжамол опам каби эзгулик элчилари борлиги учун ҳам турибди, дунё!

Дунёдаги жамики китоблар, энг зўр асарлар, мусиқалар, суратлар, барча-барчаси аслида яхшилик ва яхшилар ҳақида, уларга бағишланган. Мен ҳам улғайиб, яхши ижодкор бўла олсам, албатта яхши одамлар, эзгуликнинг қудрати ҳақида китоблар ёзмоқчиман! Борлигингиз қанчалар бахт яхшилар!

Яхшиям борсиз, яхшилар!

 

Мадина УМРЗОҚОВА,

пойтахтимиздаги 91-умум таълим мактаби ўқувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: