Ватанга муҳаббат, туғма қобилият, улкан жасорат

Бу дунёда абадий қолмоқ мумкин эмас, бироқ яхши ном қолдирмоқ катта саодатдир.

Алишер НАВОИЙ

 

Авлодларга мерос қолган хайрли ишлар, эзгу амаллар инсон ҳаётини мангуликка муҳрлайди. Бу сўзларнинг нечоғли ҳақиқат эканини Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлганимизда яна бир амин бўлдик.

Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Бутун оламни жо қилган юрак” номли кўргазмада давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари устоз-мураббийлари, талабалар, ўқувчилар, оилавий ташриф буюрган инсонлардан тортиб, кичик ёшдаги болажонлар, нуроний отахону онахонларни учратиш мумкин.

 

– Музей ўз фаолиятини бошлаганига ҳали унча кўп вақт бўлмаган бўлсада, бу ерга келувчиларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти таваллудига атаб ташкил этилган илк кўргазма экани билан янада аҳамиятлидир. Кўргазмадан нафақат ўзбекистонлик, балки хориж ижодкорларининг санъат асарлари ўрин олган. Уларда Биринчи Президентимизнинг оилавий ҳаёти, халқ билан мулоқот жараёнлари, глобал муаммоларнинг ҳал қилишдаги иштироклари тасвирланган турли мавзудаги суратларни кўриш мумкин. Шунингдек, санъат асарларида Биринчи Президентимизга халқнинг ҳурмати, бу буюк шахснинг элимизга кўрсатган чексиз меҳр-муҳаббати, юртдошларимизнинг миннатдорлик туйғулари ўз аксини топган. Кўргазма 2 залга бўлинган. Биринчи залда рассомлар ва ҳайкалтарошларнинг асарлари намойиш этилмоқда. Иккинчи залдан фоторассомларнинг 80 та ижодий иши ўрин олган, – дейди музей ходимаси Нилуфар Абдуллаева.

 

Кўргазма катта залидаги суратлар билан таниша туриб, ўткир нигоҳ эгаси бўлган Ислом Абдуғаниевичнинг машҳур рассом Баҳодир Жалолов томонидан маҳорат билан ишланган сурати эътиборимни ўзига тортди. Рассомнинг бу санъат асарида Буюк Йўлбошчимиз йўлбарс билан бирга тасвирланади. Маълумки, йўлбарс куч-қудрат, буюклик, иқтидор рамзидир. Икки қудрат фалсафасини ўзида жо қила олган бу композицияни шунчаки томоша қилиб бўлмайди. Ундаги таъриф этиш мушкул бўлган, ўзгача бир куч томошабинни ўз оламига ғарқ қилади.

 

– Музейга оила аъзоларимиз билан бирга келдик, – дейди Феруз Рўзиев. Бу ерда Биринчи президентимиз сўзлаган нутқлари намойиш этилаётган видео тасвирлар, ҳаётий фаолиятлари акс эттирилган суратлар мен ва фарзандларимда жуда катта таассурот уйғотди. Ислом Каримов доимо юртимиз фарзандларини билимли, донo ва албатта ҳеч кимдан кам қилмай камол топишини истаган. Ҳозир ўзбек фарзанларининг қатъияту шижоати, билими, жаҳон ареналарида қўлга киритаётган ютуқларини кузата туриб, уларнинг эзгу мақсадлари рўёбга чиқаётганини кўрамиз.

 

Яна ўқинг:  “Indian Open”да етти нафар боксчимиз финал йўлланмаси учун баҳслашади

Чиндан ҳам Истиқлолимиз асосчисининг ҳаёт йўли фидойилик, матонат, халқига бўлган улкан садоқат билан йўғрилган эди.

 

– Ушбу маданий тадбирга курсдошларим билан келдик, – дейди биз билан суҳбатда Тошкент давлат юридик университети талабаси Суюнбек Содиқов. – Бу ердаги суратларни кузата туриб, бир олам таассурот олдим. Буюк инсоннинг ҳаёт йўли билан суратлар орқали таниша туриб, уларга бўлган ҳурматим янада ортди. Бугун мустақил Ўзбекистон деб ғурурланиб айта олишимиз учун пойдевор яратган, ўз умрини халқ хизматига камарбаста қилган, юрт равнақи учун беқиёс ишларни амалга оширган бу буюк инсон биз ёшлар қалбида доимо барҳаёт. Уларнинг ёшларга қарата “Ёшлар, сиз менинг фарзандларимсиз. Нима керак бўлса, мана мен сизларга яратиб бераман. Сиз, эртамиз эгалари, шу юртнинг ҳақиқий ворисларисиз” деган сўзлари бизларга катта куч бағишлайди.

 

Фоторассомлар ижодий ишлари ўрин олган кичик залга ўтар эканмиз, Буюк Йўлбошчининг мева тераётган, спорт билан шуғулланаётган, инсонлар билан самимий мулоқоти акс этган фотосуратларини диққат билан томоша қилаётган отахонга кўзимиз тушди. Қизиқишимиз устун келиб, уларни суҳбатга тортдик.

 

Қизим, мен собиқ Иттифоқ даврида Ислом Каримов Қашқадарё вилоятида обком скретари бўлган пайтда Китоб туманида қишлоқ совети раиси эдим, – дейди Эркин ота Саидов. – Бу инсон мен учун нафақат миллат отаси, балки бирга фаолият юритган буюк шахс сифатида ҳам қадрли. Ҳаёт деб аталмиш эшикдан кириб, унда яшаб кетгувчи меҳмонлар сони бисёр, аммо унда ўз номини абадиятга муҳрлаганлар бармоқ билан санарли. Миллат отаси, ўзбек халқининг қалбидан жой олган буюк шахс, элим деб, юртим деб ёниб яшаган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам ана шундай инсонлардан бири эди.

 

Суҳбатга гувоҳ бўлганлар Эркин отадан Биринчи Президентимизнинг қатъияти, унинг инсонлар билан ўзаро муносабати, ишга бўлган масъулияти хусусида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Мажмуадан қайтар эканмиз, турли ўй-фикрлар хаёлимизни чулғайди. Шоир томонидан битилган сатрлар ёдимизга келади:

 

Бугун жудолик бор гар қалбимизда,

Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.

Абадият ўсди кўз олдимизда,

Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

 

Яна ўқинг:  Мариянинг музаффарона қайтиши

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: