Ўзбекистон – чорак финалда!

Туркияда ўтказилаётган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг нимчорак финал учрашувлари ҳам ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг мазкур босқичида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Европа вакили бўлган Греция терма жамоасига қарши майдонга тушди. Учрашувда 3:1 ҳисоби қайд этилиб, ўзбекистонлик футболчиларнинг ғалабаси билан якунланди.

Мусобақа кашфиёти дея эътироф этилаётган жамоамиз кутилганидек ҳужумкор ўйин бошлади. Қанотларда амалга оширилган ҳужумларимиз хавфли тус олиб турди. 26-дақиқага келиб, Аббосбек Махсталиев чиройли тарзда ҳисобни очди. Чап қанотда рақиб футболчиларидан ўтиб кетган Владимир Козак, тўпни ҳаводан жарима майдончасига етказиб берди. Махсталиев тўпни дарвозага йўллади.

Ушбу голдан сўнг футболчиларимиз бир оз хотиржамликка берилишди ва бу ўз навбатида грекларга шиддатли ҳужумлар уюштириш имконини берди. Тез орада бу ўз самарасини бера бошлади. 33-дақиқада футболчиларимиз ўз жарима майдончаларида қўпол ўйнашди. Белгиланган пенальтини Стафилидиз маҳоратли ижро этиб, орадаги фарқни йўққа чиқарди, 1:1. Биринчи бўлим шу ҳисобда якунига етди.

Иккинчи бўлимнинг бошларида греклар ташаббусни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилиб туришди. 50-дақиқада хавфли ҳужум бартараф этилди. Ўзбекистон футболчилари ҳам рақибларига қарши имкон қадар ҳавфли вазият содир этишга ҳаракат қилишди, якуний зарбалар ёки узатмалар манзилга қадар етмади. 62-дақиқа вакилларимиз учун омадли келди. Козак жарима зарбасини ижро этаётган пайтда грециялик Коурмпелис Игор Сергеевни ушлаб қолганди. Ҳакам дарҳол унга сариқ карточка кўрсатиб, 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Игорь Сергеев пенальтини ажойиб тарзда ижро этиб, Ўзбекистоннинг иккинчи голини киритди. Шундан сўнг 10та бўлиб қолган греклар асосан ҳимоя ва қарши ҳужум тактикаси остида ўйинни давом этиришди. Биздан Туропов – Козак – Сергеев триоси анча ишончли ҳаракатларни амалга оширди. Махсталиев икки-уч вазиятда тўпни қизғониб қолди, акс ҳолда ҳужумчиларимиз қулайроқ вазиятда туришганди. 83-дақиқада Ўзбекистон учинчи голини ҳам киритди. Заҳирадан майдонга тушган Забиҳулло Ўринбоевга нисбатан жарима майдончасида қўполлик ишлатилди. Сардор Раҳмонов пенальтини чиройли тарзда амалга ошириб, жамоасининг муҳим голини киритди. 85-дақиқада Бобурбек Йўлдошевга қизил карточка кўрсатилди. Айтиш керакки, жамоамиз чорак финалда мазкур икки марказий ҳимоячиларсиз ўйнашга мажбур.

Ёшларимизнинг чорак финалдаги рақиби Европанинг яна бир вакили Франция терма жамоаси бўлади. Франция ёшлар терма жамоаси мусобақа мезбони бўлган Туркия ёшлар терма жамоасини йирик 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди. Шундай экан футболчиларимизни олдинда мураккаб ўйин кутиб турибди. Йигитларимизга келгуси ўйинларда ҳам омадлар тилаб қоламиз.

Яна ўқинг:  Шприць қандай кашф этилган?

Ф.ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: