Яхши сўз-ла ёд этиб

Дўст ҳақида хотиралар ёзиш, унинг ижодий, ижтимоий фаолиятини ёритиш ва айни пайтда муштарийларни ишонтира билиш жуда катта меҳнатни талаб этади. Талабаликнинг ҳаяжонли дамлари… Табаррук даргоҳ ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факулътети 1-босқич талабаси бўлганмиз. Ҳеч ким бир-бирини яхши танимайди. Ҳамма бир-бирига мулозамат билан муомала қилади. 39 нафар курсдошмиз.

Орамизда водийча талаффузда сўзлайдиганлар кўпроқ эди. Шуларнинг орасида сутга чайиб олгандай, оппоқ юзли қалампирнусха дўппи кийган, ёшига нисбатан анча сипо, қўлларини пахса қилиб гапирадиган, ҳамманинг эътиборни тез тортадиган курсдошимиз Зуфаржон Жўраев ҳам бор эди.

Талабаликнинг «олтин» даври аллақачон бошланиб кетган. Ҳамманинг ўзига яраша ташвиши бор. Кимдир ижарада, кимдир ётоқхонада, шаҳарлик курсдошлар эса ўзининг хонадонида қўним топган. Хуллас, ҳаёт қайнайди. Ўтилаётган сабоқлар бир-биридан қизиқарли.

Озод Шарофиддинов, Умарали Норматов каби устозларнинг суҳбатини жонли тинглаш, баҳсга киришиш, беҳисоб саволлар билан талабалик даври ҳам орқада қолиб кетди.

Орадан беш йил ўтиб қўлимизга университет ҳужжатини олиб, илк мус­тақил ҳаётга қадам босиб, йиғлашиб хайрлашган кун ёдимизда муҳрланди.

Биров ўз юртига, биров марказда, яна биров бошқа республикага ишга кетди.

Зуфаржон Жўраев ўз меҳнат фаолиятини Тошкентда «Бир сафда» журналида бошлади. Катта нуфузли ташкилот, турмуш ташвишлари ва айни пайтда бу дўстимиз китоб ёзиш, илмий иштиёқини намойиш қилиш билан ҳам тезда шуғулланиб кетди. Асли Фарғонанинг сўлим гўшаси бўлмиш Риштонда туғилган дўстимиз 1978 йили марғилонлик қиз билан турмуш қурди. Кўп ўтмай бирин-кетин уларнинг фарзандлари дунёга келди. Болаларга Бахтиёржон, Дилбархон, Жаҳонгир деб исм қўйишди.

Тошкентда маҳаллалар ва кўчалар жуда кўп. Шундай кўчалардан бири Зуфаржон Жўраев яшайдиган кўча Оғабегим деб номланган. Тинч ва сокин, тоза, шовқинсиз, ижодкорларга мос ҳовли. Бу хонадонда 40 йилга яқин курсдошлар, устозлар суҳбат қўрганмиз, мириқиб дам олганмиз.

Элимизнинг севимли ижодкор шоирлари Акиф Азалп, Йўлдош Эшбеклар таниқли олим Адҳам Алимбеков, профессор Малик Муродовлар билан учрашувлар қизғин суҳбатлар мана шу хонадонда бошланган.

Зуфаржон Жўраев мана шу йилларда баракали ижод қилди, унинг «Инсон – барчанинг сарвари», «Қизил гул“нинг қора иши», «Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар» каби илмий китоблари чоп этилди. Ўнлаб китобларга муҳаррирлик қилди. Кўплаб адибларнинг китобларига сўзбоши ёзди. Буларнинг барчаси ижодкордан қолган мерос.

Яна ўқинг:  Изланишлар кенг имкониятлар яратади

Дўстимиз марҳум олим Малик Муродов бошчилигида «Алпомишнома» асарининг I-II жилди Қашқадарё ва Сурхондарё жилдларини яратишда фаолият олиб бориб, устоз билан бирга халқ маданий меросини тўплаш учун ойлаб, йиллаб ижодий сафарда бўлганлигини, айниқса, Азим шоир Хўжаев, Шомурод Тоғаев, Қодир шоир, Шоберди бахши достончилик мактабини тад­қиқ этишда кўплаб хайрли ишларни амалга оширди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Зуфаржон Жўраев 1995 йили давлатимиз раҳбари томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

«Ўзбекистон» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир, сўнгра «Меҳнат» нашриётида бош муҳаррир, умрининг сўнгги йилларида эса «Минтақавий сиёсат жам­ғармаси»да бош эксперт лавозимида фаолият олиб борган талабчан устоз шогирдларига йўл-йўриқ кўрсатиб, улардан ёрдамини аямас эди.

Умр оқар дарё, дейдилар. Дарҳақиқат, Зуфаржон Жўраев босиб ўтган умр йўллари эзгулик нури ила йўғрилган.

Бугун бу инсон орамизда йўқ. Аммо илм йўлида нина билан қудуқ қазиганчалик амалга оширган эзгу ишларни шогирдлари, фарзандлари давом эттирмоқда. Зеро, ўзидан яхши ном қолдирган киши борки, эл орасида яхши сўзлар билан ёдга олинур.

Кўчар ЭШНОРОВ,

Қашқадарё вилояти

Чироқчи тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: