Протеин моддалар хатари
Инсонлар ўз саломатликларини асраш, касалликларнинг олдини олиш йўлида кўз кўриб-қулоқ эшитмаган тадбирларни қўллашади-ю, аммо киши соғлиғи учун асосий хатар ва зарба қайси томондан келиши ҳақида унча бош қотирмайди. “Инсон ўз саломатлигининг душманидир”, деган гап бежиз айтилмаган.
Афсуски, бугунги кунда ёшлар ўртасида оммалашаётган протеин моддалари, даставвал, 1934-йилда америкалик олим К. Рендир томонидан спорт тиббиётига олиб кирилган эди. Бу моддани кашф этишдан кўзланган мақсад спортнинг энг оғир турлари билан шуғулланувчиларга кучни қайта тикловчи махсус ваксина сифатида қўлланилган. Бироқ вақт ўтиб, протеин моддалари такомиллашиб, спортчи ва турли ёшдаги аҳоли ўртасида кенг тарқала борди. Аслида протеин кукунлари инсон организми учун оқсил компонентини ўтаб берувчи дори тури ҳисобланади. Аммо бундай моддаларни шифокор ёки мутахассис тавсиясисиз меъёрдан ошиқ қабул қилиш жиддий оқибатларга олиб келади.
– Протеин моддалари, даставвал, жигар ва буйракларда моддалар алмашинувига жиддий таъсир кўрсатади. Шунингдек, ёш қизларнинг эрта балоғатга етиши ва бошқа кўпгина касалликларнинг келиб чиқишига олиб келади, – дейди профессор Муродали Тўйчибоев.
– Протеин моддалари мунтазам ишлатилиши эрта қаришга олиб келади. Бунга сабаб, ташқаридан моддалар кириб келиши натижасида организмдаги зарур гормонал статуснинг пасайиб кетишидир. Шунинг учун ҳам тери ва қулоқлар осилиб, ёғ босиб, ҳаракат чекланиб қолади, – дейди уролог Қўчқор Деҳқонов.
– Тўғри, протеин моддалари терини таранглаштиради. Натижада тери тўқималари ораси очилиш ҳолати кузатилади. Структура бузилади. Бунда тери орасида оқ-оқ чизиқлар ҳосил бўлади (бу ҳолат тиббиётда стрия дейилади). Иккинчи салбий томони, аллергик реаксиялар пайдо бўлиши ва натижада терида қайтмас аллергик реаксиялар, ҳар хил шишлар пайдо бўлиши кузатилади, – дейди эндокринолог Феруза Мирҳайдарова.
Бугун ёшларимиз спортнинг Бодибилдинг тури билан шуғулланишлари яхши, ҳам саломат, ҳам алпқомат бўлади. Аммо девқоматликка қизиқиб, мушакларни кенгайтириш ва таранглаштириш мақсадида ҳар хил бўтқа ҳамда протеин дори воситаларидан фойдаланиш саломатлик учун салбий таъсир кўрсатиши тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
– Ўзим бунга қаршиман. Ундан фойдаланадиган танишларим бор. Истеъмол қилгандан кейин шишиб кетишади. Бора-бора тери осилиб қолади, – дейди талаба Акмал Умаров.
– Менинг назаримда бу фойдали. Чунки протеин кукунларини қабул қилгандан кейин қомат ўзгаради. Ўртоқларим доимий равишда қабул қилишади, – деди талаба Мухсинжон Азимов.
Спорт дўконларида сотилаётган бу турдаги препарат ва таблеткалар ҳамда кўриниши буғдой уни сифат креатин кукунларини инсон саломатлигига ҳеч қандай хавф туғдирмайди деб, ким кафолат бера олади? Афсуски, бу каби моддаларни истеъмол қилгандан сўнг ёш организм руҳиятидагина эмас, балки юрак, қон-томири ва ошқозон-ичак тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар юзага келади. Шунингдек, ошқозон-ичак тизимида ҳам турли ўзгаришлар сезилади. Муқовасига турли хил девқомат одамларнинг сурати туширилган бу каби кукунлар ёшларнинг иштиёқини ҳамда қизиқишини орттириши билан бир қаторда, уларда бошқаларга нисбатан зўрлик қилиш, жанжалкашлик хислатларини ҳам келтириб чиқаради.
– Бунинг энг ёмон томон, ўзлари билиб-билмай ичгандан кейин уларда табиий қон қайнайди, жисмоний ҳаракатларнинг ортишига сабаб бўлади. Натижада, тенгдошларидан ўзларини устун қўйиш каби иллатлар келиб чиқади. Бора-бора бу ҳолат қандайдир жиноятларга олиб келади, – дейди уролог Қўчқор Деҳқонов.
Ачинарлиси, бу хилдаги сохта қувват дориларидан фойладаниш тобора оммалашиб бораётгани сари жиддий муаммолар ҳам юзага келмоқда. Афсуски, буни меъёридан ортиқ қабул қилиш организмдаги баъзи жинсий ўзгаришларга сабаб бўлади. Бу эса жинсий гормонларнинг кескин пасайишига, бора-бора бепуштликка олиб келади. Энди тасаввур қилинг, ҳар қандай миллатнинг келажаги ёшлар. Ўз саломатлигимизга чанг солаётган ғайритабиий қувват дорилардан фойдаланишнинг охир-оқибати нафақат йигитликнинг жисмоний ҳолатига, шу билан бирга, бутун бир миллат генофондига зарар етказишини инобатга оладиган бўлсак, масала нечоғлик жиддий экани ўз-ўзидан ойдинлашади.
– Кукунлардан фойдаланиш, дастлаб, оз-оздан бошланади, кейин организм ўзи кўпроқ талаб қила бошлайди. Даставвал, битта кукун, сўнгра иккита ва ундан кўпроқ харид қилади. Табиий, протеин кукунларини меъёридан ошиқ қабул қилиб боргани сари сийдикчил кислотаси ажралиши камайиб боради. Бу эса баданда қичиш, териларнинг ёрилиши, яраларнинг пайдо бўлиши, охир-оқибат инсоннинг ногирон бўлиб қолишига олиб келади, – дейди уролог Қўчқор Деҳқонов.
Шу ўринда бир мулоҳаза: балоғат ёшидаги ўспирин атрофдаги айрим “девқомат” кишилар ёхуд фитнес заллари кириш эшикларидаги ясама полвонлар суратини кўриб ҳавас қилиши, уларга тақлид қилиш ҳоллари кўп учрамоқда. Тўғри, қомати келишганларга тақлид қилиш жуда яхши, лекин ҳар хил дори воситалари ёрдамида эмас, албатта. Ёшларимиз баъзи ҳолларда билиб-билмасдан ўз соғлиғига зарар етказибгина қолмай, атрофидаги яқинларини ҳам ташвишга қўймоқда.
– Афсуски, гапингизда жон бор. Протеин моддаларини истеъмол қилаётган ёшларда, биринчи навбатд, меъда-ичак тракти, жигар, ошқозон ости бези зарарланади. Ачинарлиси, уларда бу ҳолат қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради, қон ивиш тизимида ҳам муаммо пайдо қилади, – дейди эндокринолог Феруза Мирҳайдарова.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу модда қатъий тақиқлаган. Бугунги кунда жаҳон спорти ареналарида кўплаб спортчиларнинг тақиқланган моддаларни яширинча истеъмол қилиши оқибатида спорт ареналаридан четлатилгани ҳақидаги маълумотлар матбуотда бот-бот янграмоқда.
– Бу ҳолат нафақат бизни, шу билан бир қаторда, бутун дунёни ташвишга солиб келаётган энг жиддий муаммолардан бири саналади. Протеин моддаларни қабул қилаётган кўпчилик спортчилар 35-40 ёшида ногирон бўлиб қолаётгани тажрибамизда кузатилмоқда. Умуман, мана шу ҳолат спорт этикасига, спортдаги ахлоқий меъёрларнинг бузилишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти, – дейди мураббий Нуржон Тастанов.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги спортчи ёшларнинг тобора эътиборини тортаётган бу каби сохта қувват воситалари нафақат уларнинг жаҳон ареналарида тутган ўрнига, шунингдек, соғлиғига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Психологларнинг маълумотига кўра, кўпчилик машҳур спортчилар бу ясама кукун воситаларининг ўткинчи қувватини бир марта ҳис қилганидан сўнг бора-бора бу восита асирига айланар экан. Мисол учун, Италия допингга қарши кураш трибунали 28 ёшли велопойгачи Рикардо Риккони 12 йилга четлаштиришга қарор чиқарди. Ушбу спортчи 2011-йилнинг феврал ойида ҳам ана шундай тақиқланган кукунни истеъмол қилган. Оқибатда аҳволи оғирлашганди. Мазкур воқеадан сўнг Ваcансолеил-ДCМ жамоаси у билан амалдаги шартномани бекор қилган. Гўёки кимёвий моддалар билан етиштирилган мева-сабзавотлар сингари таранг ва кўркам қоматларга эга бўлган айрим ясама полвонлар ундан фойдаланишаётганда мазкур моддаларнинг таркиби ҳамда соғлиқ учун зарарли экани ҳақида ўйламаган эди.
– Протеин моддаларидан фойдаланган кишиларни кўрганман. Улар фақат ташқи кўриниши учун интилишади, бу орқали нафақат ўз соғлиғини, балки фарзандлари саломатлигини ҳам таҳликага қўяди, – дейди спорт устаси Шукуржон Гайзиев.
Тиббиёт мутахассисларининг фикрича, протеин моддалар нафақат инсон ички организмига, балки тери, соч, тирноқ фаолиятига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Тўғри, бу жараён бир ёки бир
неча ойда эмас, йиллар мобайнида содир бўлади. Натижада соч тўкилиши, тирноқларнинг кўчиши, терида эса турли доғларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Қолаверса, эндигина улғайиб келаётган болаларда бўй ўсмай қолиш ҳолати ҳам кўп кузатилмоқда. Боиси протеин кукунлари суяклардаги ўсиш зоналарини тезлаштириб юборади ва суяклар каттариб, бўйи кичик бўлиб қолади. Шунингдек, ёш ўсмир йигитлар протеин моддаларини истеъмол қилганидан сўнг организмда жинсий ўзгаришлар содир бўлиб, уларда аёллик гормони ошиб кетади. Бунинг оқибатида эса ўз-ўзидан эркаклик гормони пасайиб кетади ва бепуштлик юзага келади.
РАСТАДАГИ ХАТАР
Илм-фан ривожлангани сайин дори ишлаб чиқариш (фармацевтика) саноати ҳам тараққий этмоқдаки, одамлар соғлиғи эвазига мўмай даромад топаётган компаниялар ўзлари
тўхтовсиз чиқараётган дориларини кимга сотишни билолмай ҳайрон. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда 300 минг хилдаги турли дори-дармон ва
малҳамлар ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ уларнинг ҳаммасини ҳам соғлиққа фойдали, касалликни
тузатади, деб ўйлаш нотўғри. Замонавий дори-дармонларнинг 40 фоизи депрессия билан
касалланганларда, 70 фоизи турли яраларда, 75 фоизи бронх астмаси ва қандли диабетда, 60
фоизи кучли бош оғриғи (мигрен)да, 50 фоизи артрозда умуман фойда бермайди. Маълумотларга кўра, протеин моддалари ҳам шу каби таъсирсиз, оқибати зарар билан якунланувчи дори воситаси сифатида тилга олинган. Мутахассислар эътирофича, кейинги пайтларда бундай дориларнинг тури беш мингдан ортган. Афсуски, айрим ватандошларимиз протеин кукунларини шифокор маслаҳатисиз қабул қилгани боис бугунги кунда жабрини чекмоқда.
– Мураббий машғулотга қатнаб юрган шогирдига протеинли коктейл тавсия қилган. Бу болани оилавий бюджети яхши бўлгани ва ота-онаси уни доимий равишда қўллаб-қувватлагани учун бу коктейлни ҳеч қандай тўсиқсиз қабул қилиб юрган. Маълум вақт ўтгач, протеинли коктейлни сотиб олиш имкони бўлмай қолади. Бу эса унда буйрак етишмовчилигини келтириб чиқарган. Натижада унда қаттиқ шиш ҳолати юзага келди. Бу вақтда на замонавий технология, на дори-дармон унга ёрдам бера олган, – дейди эндокринолог Феруза Мирҳайдарова.
Бу каби ҳолат нафақат инсон соғлиғига, балки оилавий бюджетга ҳам ўз таъсирини
кўрсатмасдан қолмайди.эътибор бериб қаралса, бундай кукунлар бугунги кунда айрим
тоифа кишиларнинг мўмай даромад манбасига айланиб қолганини кўриш мумкин. Афсуски, буни истаганча сотиб олаётган мижозлар ҳам йўқ эмас. Бу турдаги дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона ёки фирмалар бугунги кунда ўз маҳсулотини сотиш мақсадида интернет тармоқларидан, турли реклама баннерларидан унумли фойдаланишмоқда.
Сўзимиз аввалида протеин моддалари таъсиридан спорт олами вакиллари кўпроқ азият чеккани ҳақида фикр юритдик. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, бугун протеин моддаларидан
фойдаланувчиларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Таассуфки, бу ўсмирлар сохта қувват воситаларидан бирор-бир спортда муваффақият қозониш учун эмас, балки атрофидаги тенгдошлари олдида ўз қомати, мушакларини кўз-кўз қилиш мақсадида қабул қиляпти, холос. Афсуски, бундай ҳолатга баъзи ота-оналарнинг ўзлари имкон бераётгани ёки бефарқ муносабатда бўлаётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Меҳнат инсонни улуғлайди. Улуғ инсонлар эса доимо халқ, миллат келажагини қуришни
бирламчи вазифа деб билган. Шундай экан, аввало ёшларимизнинг барча жабҳаларда ҳаммадан кучли, билимли ва соғлом бўлиши учун биз катталар масъулмиз. Спортдами ёки бошқа турдаги фаолиятда ёш авлод вакиллари ақлий ва жисмоний меҳнатни чин дилдан бажаришса, уларда кўркамлик ҳам, маънавий етуклик ҳам ўз-ўзидан юксалиб бораверади.
Миржамол ҲОТАМОВ
“Соғлом авлод учун” журнали сайтидан олинди.