Дунё бир, орзу бир

Болалигидан туғма болалар церебраль фалажи (ДЦП) билан дунёга келган Моҳира ҳаётнинг бешавқат синовлари олдида бўйин эгмади.

Бугун 42 ёшни қаршилаган ушбу спортчи яқинда пойтахтимизда ўтказилган шашка бўйича мусобақада кумуш медални қўлга киритди.

Ҳайратланарлиси, у спорт билан шуғулланаётганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Айтиш жоизки, ҳаётга, яшашга бўлган кучли хоҳиш ва интилиш у қўлга киритаётган муваффақиятларнинг калити бўлмоқда.

Оиламдаги яқинларим, устозим Рашид ака мени доимо қўллаб-қувватлаб туради. Ҳозир шашка билан бирга, спортнинг югуриш тури билан ҳам шуғулланяпман. Муҳими, спорт ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб улгурди, – дейди М. Қўлдошева.

Моҳира спорт туфайли кўплаб муваффақиятларга эришди. Қаҳрамонимизнинг шижоати, вақтни қадрлаши ўрнак олса арзийдиган фазилатдир. Бу эса интилиш ва шижоат олдида жисмоний имкониятларнинг чеклангани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигига ёрқин далил бўла олади.

Моҳирани бир сўз билан ҳаётни севувчи инсон деб таърифлаш мумкин. У доимо ўз устида ишлайди. Яқинда Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан ўтказилган мусобақанинг шахмат-шашка йўналишида II ўринни қўлга киритди. У бундан жуда хурсанд, – дейди Моҳиранинг устози, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Рашид Сафариев.

Юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаш, қизиқиш ва интилишига қараб касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу йил юртимизда голбол спорт турини ривожлантириш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқдамиз, – дейди Р. Сафариев. – Шу мақсадда ҳозир ёш йигитлар, хусусан, олий таълим муассасида таълим олаётган кўзи ожиз талабалардан гуруҳ ташкил қилиб, машғулотларни бошлаб юбордик. Ҳозир Зиёдулла Усмонов, Улуғбек Мансуров, Ойбек Шодиев ва Умарбек Мелибоевдан ташкил топган голбол гуруҳи аъзолари билан машғулотлар олиб боряпмиз.

– 2020 йил Японияда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида голбол спорт тури бўйича ғолиб бўлишни мақсад қилганмиз. Мен дарвозабон сифатида жамоадошларимга ёрдам бераман, – дейди Умарбек Мелибоев.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, голбол кўзи ожизлар учун мўлжалланган футбол тури бўлиб, унда 3 нафар иштирокчи тўп суради. Тўп кимда бўлса иштирокчи “менда” деб копток унда эканлигини билдиради. Қўлида тўп йўқ одам эса “мен” деб унга ёрдам беради. Бу голболдаги калит сўзлар саналади. Ўйин давомида футболчиларнинг кўзида махсус қора боғич бўлади. Тўп ҳам голбол спорт тури учун махсус ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг ичига овоз чиқариб турувчи махсус қўнғироқча жойланади. Тўпнинг овозига қараб футболчилар ҳаракатланади.

Яна ўқинг:  Дўлана

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: