Ҳаддидан ҳадлаётган тўй(чи)лар

Тўйлар халқимизнинг узоқ асрлик анъаналари, урф-одат ва удумларини ўзида мужассам этганки, уни маънавий мерос сифатида қадрлаймиз, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатамиз. Чунки, миллий тўйларимиз шунга муносиб.

Бироқ, сўнгги йилларда ҳаётга енгил қарайдиган айрим ота-оналар истаги, балоғат ёшидаги бўлажак келин-куёвларнинг тизгинсиз хоҳиш-иродаси туфайли барқарорлашган гўзал анъаналар ва халқчил урф-одатларга путур ета бошлади. Бу иллат кундан-кун кучайиб, миллий қадриятларга ёт, ёш авлод ахлоқи, тарбиясига зид ўта зарарли удумлар оммавий тус ола борди.

Шу сабабли Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўйларни тартибга келтириш, уларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, миллий анъаналарни асраган ҳолда тарбиявий таъсир кучини ошириш вазифасини кун тартибига қатъий қилиб қўйди. Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам: “Келин танлашни давлат сиёсати даражасига кўтардим”, деганда оила қуриш, тўй қилиш шахсий хоҳиш эмас, умумдавлат доирасидаги улкан вазифа эканлигини уқтирган эди. Дарҳақиқат, ҳар бир янги оила – давлатнинг бир бўғини. Чунки, унда фарзандлар камол топади, келажак бунёд бўлади.

Бироқ, бугунги тўйлар мана шу ҳақиқатга зид ўлароқ кимўзарга беллашиш, ўзини кўз-кўз қилиш майдонига айланиб қолгани ачинарли. Қуйидаги мулоҳазаларимиз айни шулар ҳақида.

СОВЧИЛИК

Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарида ёзилишича, Ҳумоюн Мирзо Ҳиндол саройида Ҳамидабонуга кўзи тушиб, унга совчи қўйдиради. Аммо қизни кўндиргунча совчилар қирқ кун қатнашига тўғри келади. Кўрамизки, ҳукмдор бўлса ҳам Ҳумоюн Мирзо асрий удумга амал қилади. Сабру бардош билан Ҳамидабону ва унинг хонадонига ҳурмат сақлайди.

Ҳатто, подшолар амал қилган совчи танлаш ва совчи қўйиш одатини сўнгги ўттиз йилда айрим ота-оналар бузиб ўтишди. “Сув сойга оқар, бой бойга боқар”, деганларидек, икки оила ўзаро келишиб олади-да, халқдаги удумларни ҳисобга олмай, уларни эскилик сарқити санаб кўнгилларига келганини қилишади. Бундайларда маслаҳатлашиш, кўпни кўрганлар фикрига қулоқ солиш йўқ. Ўғил (қиз) меники, тўй меники, хоҳлаганимни қиламан, деб ўйлашади. Бу нотўғри. Чунки тўйни ота-она ташкиллаштирса-да, у халқники, халқ учун. Шу боис, халқона одатларни бузиш, менсимаслик, кўпчилик амал қиладиган тартибга риоя этмаслик элдан чиқишдир.

Совчи дегани фақат бўлғуси қуда томонни кўндирувчи эмас, шу билан бирга, тўйни дабдабаларсиз, исрофгарчиликларсиз, камхарж ўтказишга икки томонни кенгаштирадиган киши ҳамдир.

Тўй харажатларини эса ҳозиргидек аёллар эмас, совчилар ва оталар маслаҳатлашиб ҳал этгани ҳар томонлама маъқул.

Яна ўқинг:  Nega insonning barmoq izlari takrorlanmas?

Бундан ташқари, бир хонадонга совчи бориб, иш (келишув) ҳал бўлмагунча, иккинчи жойдан совчи қўйилмайди. Бу ҳақда ҳадисларда шундай дейилади: “Биров қўйган совчи устига улар ўзаро битишгунча ёки тарк қилишгунча совчи юборманглар”. Аммо ҳозир совчи келганини эшитган уйга гоҳо басма-басига совчи қўйилаверади. Ҳатто, айрим йигитлар қизникига бориб, ота-онасига: “Совчиларни қайтаринг, мен қизингизни севаман”, деб безрайиб туришни одат қилиб олди. Буларни ёқлаб ишланган киноларимиз шунчалик кўпки, ҳайрон қоласан, киши. Севдингми, аввал совчи қўй, дейдиган мард йўқ.

Гапнинг қисқаси, ота-оналар ва йигитларнинг ўзи совчилик қилиш одатидан воз кечиб, бу вазифани илгаригидек элда обрўли, оиласи тинч, “етти ўлчаб бир кесадиган” совчиларга топшириш лозим. Чунки бунда ҳам хислат мужассам.

ОТАЛАРДА ОРИЯТ КАМАЙСА…

Ўзбекларнинг кўпчилик уруғида қизини узатган ота куёв томон ўтказаётган тўйда қатнашмаган. Айни вақтда қизи етти-саккиз ёшга етгандан бошлаб очиқ-сочиқ кийинтирмаган. Қиз эса балоғатга етган сайин ота, ака олдида ёқавайрон, тиззасигача очиқ ҳолда ўтирмаган, танасини кўз-кўз қиладиган кийим киймаган, ҳаёли, иболи бўлган. Ҳозир-чи?

Айрим ҳолатларда қизнинг отаси тўйхонада, зиёфатнинг зўр, дастурхон нозу неъматларининг мўл жойида, ҳали тўй бошланмасдан қадаҳлар уриштирмоқда. Экранда қизининг бўлғуси куёв билан гоҳ тоғда, гоҳ боғда, гоҳ сув бўйида термулиб, ўйнашиб, қувишиб, қучоқлашиб ва… турган ҳолатларини кўриб қизармаяпти, бўзармаяпти, балки: “Буни шунча пулга ишлатган”, деб мақтанаяпти. Шу пайт келин-куёв кириб келишди. Беш юз одам оёққа турди. Ҳамма шод, хурсанд. Куёв одатдагидек костюм-шимда. Оқ либосдаги келиннинг билаклару елкалари, орқаси белигача очиқ. Ота ва қайнота мағрур…

Тавба, дейсан. Уйда қизингни шу ҳолатда кўрганмисан йигирма йил тарбиялаб? Кўрмаган бўлсанг, майли суққа ишонма, кўзга ишонма, нега ёшу кекса, эркагу аёлнинг олдига бу ҳолатда чиқардинг? Нега ўзинг ҳам термулиб турибсан? Оиланг ориятини, номусини элга шу алфозда кўрсатиб, фахрланаяпсанми?

Тўйлардаги сарф-харажатларнинг ошиб кетиши, миллат менталитетига тўғри келмайдиган одатларнинг кириб келишига хотинининг сўзидан чиқолмайдиган эркаклар, боласини бўлар-бўлмас орзу-истаклардан қайтара олмайдиган оталар айбдор эмасми? Аччиқ ҳақиқат шуки, тўйларни ташкиллаштириш, ўтказишда эркаклар ўз бурчини унутиб, ҳамма яхши-ёмон ташвишларни хотинларига бериб қўйгани тўйлардаги салбий ҳолатларнинг катта сабабидир.

Яна ўқинг:  Тошкент автобусларида ҳам тўловларни автоматлаштириш бошланди

Энди қиз чиқараётган ёки келин тушираётган оталар учун эрлик, оталик ориятини, масъулиятини сақлаб тўйлар ўтказиш, ўзининг ё қуданинг бойлигини эмас, фарзандларининг бахтини ўйлаб иш тутиш вақти келди.

ЁШЛАР ҒУРУРИНИ САҚЛАСА…

Қизлар – оиланинг, элнинг ор-номуси, йигитлар – орият ва ор-номус қўриқчилари, деган гапни ёшларга кўп такрорлайман ва изоҳлаб тураман. “Бир марталик тўйимда хоҳлаганимни қиламан, ота-онамни ҳам айтганимга мажбур этаман. Истаганча машиналарни тўплаб, кийиниб (ёки ярим яланғоч кийиниб), зўр санъаткор (отарчи)ларни чорлаб, дастурхонни нозу неъмат, спиртли ичимликлар билан тўлдириб, довруғли тўй ўтказаман”, дейиш худбинлик ва ақлсизлик, ўйловсизликдир. Чунки бундай ёшларнинг маблағ қаердан, қандай келаётгани, оила қанча қарз ботқоғига ботаётгани билан иши йўқ…

Бундайлар ориятни англашмайди, ғурур остонасидан ўтишмаган. Ориятли бўлса, улар тўйхонанинг ўртасида қайнота-қайнонаси билан рақсга, вальсга тушмасди. Ғурури бор куёв ҳали чимилдиққа кирмаган, очиқ-сочиқ либосли келиннинг ўзга йигитлар билан ўйнашига йўл қўймасди. Иболи, ҳаёли келин дугоналари билан куёвнинг ўпишиб сўрашганига бефарқ, бетуйғу қараб турмасди.

Ёшларнинг ўзи бу ҳақида чуқур, атрофлича ўйлаб, фикрлаб кўриши, куёв ва келин фақат бир-бирига дахлдор ахлоқий меъёрлардан хабардор бўлиши, улар миллат давомчилари сифатида миллий қадриятларни сақлашга масъул эканини ҳис этиши шарт. Ўшандагина тўйлар файзли ўтади ва оилада ҳам барака бўлади.

Абдиолим ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: