Чақалоқларда киндик парвариши

Янги туғилган чақалоқни неонатолог шифокор илк бора тиббий кўрикдан ўтказади ҳамда уни биринчи марта гигиеник парвариш қилади. Миттивойнинг киндигидаги томир уриши тўхташи билан барча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда унга спирт билан ишлов берилиб, резина ҳалқа ёрдамида қаттиқ қисилади.

Шифокор ҳар куни гўдакни кўрикдан ўтказишни киндик қолдиғига 70 фоизли этил спирт эритмаси билан ишлов беришдан бошлайди. У киндик тушишини назорат қилиб боради. Меъёрда гўдакнинг киндиги 3-5 кундан сўнг тушади. Бу аъзодаги яра бутунлай 12-14 кундан сўнг битиши мумкин. Мутахассис онага киндикни тўғри парвариш қилиш ҳақида батафсил маълумот беради. Гигиеник қоидаларга риоя қилинмаганда боланинг баъзи тери касалликларида (пиодермия, фолликулит) киндик ярасига инфекция тушишига, бу эса ўз навбатида омфалит хасталиги авж олишига сабаб бўлади.

Омфалит – киндик яраси соҳасидаги тери ва унинг остидаги ёғ қаватининг яллиғланишидир. Бундай дардга чалинишга кўпроқ чала туғилган чақалоқлар, муддатидан ўтиб туғилган гўдаклар, ҳомила ичи инфекцияси мавжуд бўлган ҳолатларда мойиллик кучли бўлади. Яна бошидан кислород етишмовчилиги каби салбий ҳолатни ўтказган миттивойлар ҳам хавфли гуруҳга киритилади.

Касаллик қўзғатувчиси-стафилококк, стрептококк, 30 фоиз ҳолатларда ичак таёқчаси ва клебсиелла каби микроорганизмлар ҳисобланади. Бирламчи омфалит – бевосита киндик ярасига инфекция тушиши ва иккиламчи туғма нуқсонлар оқибатида вирус тушиши ҳисобига ривожланади.

Катарал омфалит – касалликнинг энг кўп учрайдиган тури. Киндик ярасининг бутунлай битиши меъёрда туғриқдан сўнг 12-14 куни кузатилса, бу касалликда ярадан сероз, сероз – геморрагик, баъзан сероз – йирингли суюқлик ажралиб туради. Яра пўстлоғи тушади. Аммо унда битиш жараёни бошланмайди. Терида қизариш ва шиш кузатилади. Киндик ярасининг намланиши 2 ҳафта ва ундан узоқ давом этса грануляцион тўқиманинг ҳаддан ташқари ўсиб кетиши – киндик фунгусининг ривожланишига олиб келиши мумкин. Боланинг умумий аҳволи катарал омфалитда деярли ўзгармайди. Баъзан унда тана ҳароратининг бироз кўтарилиши кузатилади.

Флегмоноз омфалитда – яллиғланиш жараёни атроф тўқималарга тарқаб кетади. Бу катарал омфалитнинг узоқ давом этишидан келиб чиқади. Боланинг умумий аҳволи оғирлашади, унинг тана ҳарорати 38 С даражага кўтарилади. Гўдак ланж бўлиб, унинг эмиши сустлашади. Уйқуси нотинч бўлади. Тана вазнинг ортиши камаяди. Чақалоқнинг озиб кетиши, иммунитетининг пасайиши флегмоноз омфалитнинг зудлик билан некротик (яранинг чириши) турига ўтиб кетишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Аёллар, кўп чой ичманг!

Касалликка ташхис қўйиш учун тезкорлик билан неонатолог – шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, юмшоқ тўқималар ва қорин девори УТТ тиббий текшируви, киндик яраси ажралмасининг бактериологик экмасини таҳлил этиш зарур. Хасталик давосида унинг тури ва чақалоқнинг умумий ҳолати ҳисобга олинади. Фақатгина омфалитнинг катарал турида педиатр назорати остида амбулатор даволаниш мумкин. Ушбу хасталикнинг қолган барча турларида чақалоқ шифохонада даволаниши шарт. Киндик ярасига кунига 3-4 маҳал ишлов берилади ва физиотерапевтик муолажалар қўлланилади.

Дилфуза ТУРДИЕВА,

Тош ВМОИ “Неонатология” кафедраси доценти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: