Она тилимизнинг тиниқ тийнати

Одам боласининг инсон мақомида улуғланиб, эътибор-у эҳтиромга мушарраф бўлиши она Ватан, ота-она каби муқаддас тушунчалар қаторида эъзозланадиган она тили деб аталмиш муҳтарам неъмат билан жипс боғлиқки, унинг сир-синоатлари, бениҳоя ҳадсиз ифода ва истифода имконларини чуқур ўрганиш нафақат тилшуносларнинг, балки барча миллатдошларимизнинг муқаддас бурчидир.

Ана шундай машаққатли юмушни сидқидил адо этиб, ўзбек тил илми ва таълимини юксалтириш йўлида тер тўкаётган фидойи инсонлар ҳамда жуда кўплаб бошқа касб эгалари учун 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун қутлуғ сана ҳисобланади. Мустақиллик солномасининг дебочаси бўлмиш “Давлат тили ҳақида”ги қонун том маънода миллий ўзликни англаш йўлидаги дадил қадамдир.

Аслида ХХ асрнинг сўнгги чорагида тилшуносликда тил ва маданият масаласининг кун тартибига чиқиши халқларнинг миллий ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурни янгилашга бўлган эҳтиёжи натижаси эди. Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз “… ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир”, – деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, ўзида миллат руҳини, унинг ўтмиши, бугуни ва эртасини акс эттирадиган она тилимиз ҳар қанча эъзоз-у эҳтиромга, шараф-у шонга муносибдир.

Тилнинг фавқулодда қудрати, дунёларни англашдаги ўрнини ўз вақтида англаб етган маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар шундай тараннум этади:

Ҳар тилни билув энди бани Одама жондир,

Тил воситаи робитаи оламиёндир.

Дарҳақиқат, тил одам боласи учун жон каби зарур, икки оламни боғловчи кўприк бўлиб, инсонни мавжудотларнинг гултожи сифатида шарафга буркаган, шу аснода ўзи ҳам олий мақом касб этган илоҳий неъматдир. Шу маънода 2012 йил декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам таълимнинг турли бўғинларида хорижий тилларнинг ўқитилишини янги ўзанларга буриб юборган эди. Бугун юртимиз таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг инглиз ёки бошқа хорижий тилда бийрон сўзлаётганини кўриб, кўнгил ғурурга тўлади. Ана шундай ишларнинг мантиқий давоми сифатида “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон ўзбек халқи тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган қутлуғ сана бўлиб кирди, она тили ва адабиётимизнинг кейинги камоли ва бардавомлигини таъминлади.

Яна ўқинг:  Кунида синган кўза

Ўзбек тили чиндан миллатимиз руҳи, миллий маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Она тили ҳар қайси халқнинг маданияти, аждодлардан авлодларга ўтиб кетиб келаётган миллий анъана ва урф-одатларини рост ва расо сақлайди, олис аждодларни келгуси авлодлар билан боғлаб туради. Муайян тилдаги сўз ёки иборалар орқали ҳар қайси халқнинг тарихи, ўтмишини билиш, маълум тасаввурлар ҳосил қилиш мумкин. Масалан, тилимизда “қозон осмоқ” ибораси бор. Яхши биламизки, ҳозир қозон осилмайди, балки ўчоққа ўрнатилади. Аммо қадимда, олис аждодларимиз ҳали ўтроқлашиб улгурмаган даврларда қозоннинг икки четидан сим ўтказиб, олов тепасига осиб қўйиб, таом тайёрланган. Ўзбек турмуш тарзининг ана шундай тутуми натижаси ўлароқ “қозон осмоқ” ибораси пайдо бўлганки, бу ўзбек тилининг қадимий тиллардан бири эканининг ҳам далилидир.

Она тили халқ миллий ўзлиги, маданий-маърифий олами, урф-одатлари, муомала маданияти, ахлоқ қоидаларини ҳеч бир истисно ва таманносиз бутун сақлайди, келгуси авлодларга тўрт кўз тугал етказади. Глобаллашув асри деб аталмиш бугунги кунга мумтоз адабиёт намуналарини дейсизми, тарихимизнинг ҳадсиз-ҳисобсиз солномаларини дейсизми, тўкис етиб келиши шу тил туфайлидир. Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Увайсий, Нодира, Қодирий ва Чўлпон каби юзлаб сиймолар шу тил байроғи остида бирлашганлар ва ўзларининг дурдона асарларини яратганлар.

Она тилимизнинг тиниқ имкониятлари ҳақида гап кетганда ҳеч ҳам ундан турмуш тарзимизни ажратиб бўлмайди. Чунки, халқимизнинг ҳаёт тарзи тилига тинимсиз таъсир этиб туради. Масалан, ўзбекларда келин ўз қайнота-қайнонасини тўғридан-тўғри қайнотам ёки қайнонам тарзида атамайди, балки қудангиз ёки яна бошқа шаклларда атайди, чунки, бу миллий менталитетимизга ёт. Тилимиздаги ана шу ўзига хосликлар Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарида жуда зўр тажассумини топган. Масалан, Кумуш Тошкентдан онасига ёзган мактубида: “Қудангиз мени на ерга ва на кўкка ишонадир, ўн беш кундан бери қўлимни совуқ сувга урдирмай қўйди” деган жумлаларни битади. Ваҳоланки, Кумуш бу ўринда қудангиз сўзи ўрнида қайнонам ҳам дейиши мумкин эди, аммо менталитетимизга хос нутқий одоб уни қудангиз мурожаатидан фойдаланишни тақозо этди.

Тилимизнинг синоним сўзларга бойлиги ҳам унинг имкониятлари кенглигидан далолатдир. Масалан, юз, бет, афт, башара, турқ, чеҳра, ораз, жамол, рухсор сўзлари аслида битта тушунчани билдирса ҳам ижобий-салбий баҳоси, сўзлашув ёки китобий услубга хосланганлиги билан турфа маънодаги сўз нозикликларини ифода этади. Ўзбек тилининг қаддини тиклаш, обрўсини кўтариш йўлида буюк ишларни қилган Алишер Навоий бобомиз ҳам она тилимизда синоним сўзларнинг кўплигини алоҳида таъкидлаган ва йиғламоқ феълининг бир қатор синонимлари борлиги айтиб ўтган эди. Масалан: йиғламсирамоқ → инграмоқ → синграмоқ → сиқтамоқ → ўкирмоқ → қичқирмоқ → ҳой-ҳой йиғламоқ каби.

Бугун замонавий тилшуносликда чоғиштирма тилшуносликнинг Европада пайдо бўлгани тан олинган. Аслида эса европаликлардан қарийб беш аср олдин Маҳмуд Кошғарий бобомиз “Девону луғотит турк” асари билан, Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асари билан бу соҳага асос солиб улгурган эди.

Ёки тил ва нутқ ҳодисаларининг алоҳида-алоҳида тушунчалар эканлиги борасида Бодуэн де Куртене, Фердинанд де Соссюр сингари олимларга нисбат берилади. Ваҳоланки, Навоий бобомиз XV асрдаёқ тил ва нутқнинг биридан фарқини ёрқин бўёқларда тушунтириб берган эди: Тил бунча шараф била нутқнинг олатидур, Гар анга шикаст етса, нутқнинг офатидур. яъни, тил шунча шарафланиши билан нутқнинг қуроли бўлади, агар унга шикаст ёки зарар етса, бу нутқнинг заволи бўлади. Агар тил ва нутқнинг фарқланиши Соссюрда куртак ҳолида намоён этилган бўлса, Алишер Навоий даҳосида нақд мева ҳолида тақдим қилинган. Аждодларимизнинг ана шундай сара асарларини дунё аҳлига танитиш, баҳраманд қилиш тилшунос-мутахассисларимизнинг зиммасидаги зўр вазифалардандир.

Яна ўқинг:  Тарбия учун энг яқин кўмакчи

Ёрқинжон ОДИЛОВ,

филология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: