Бекатдаги ўспирин

Кунларнинг бирида ишдан қайтаётиб, автобус бекатидаги ўриндиққа келиб ўтирдим. Ёнимда бир ўcпирин бола ҳам ўтирарди. Бироздан сўнг ҳалиги ўсмир қўлимдаги қоғозларга қараб, ундаги ёзувларни ўқиди шекилли, бироз ўйланиб туриб:

– Ассалому алайкум, кечирасиз опа, сиз психологмисиз? – дея маъюс овозда сўраб қолди.

– Ва алайкум ассалом, ҳа психологман, деб жавоб бердим. Кейин у тортинибгина шундай деди.

– Сиздан бир нарса сўрасам майлими?

– Албатта, қулоғим сизда, – деб уни синчиклаб кузата бошладим. Ўспирин батартиб, ораста кийинган эди. Бироқ, унинг юзига қайғу соя солгани кўриниб турарди. У ерга қараб, аста сўз бошлади.

– Ҳар қандай одамга ҳам ёрдам бера оласизми? – сўради у яна.

– Аввал сизни тинглаб кўрайчи, – дедим уни тинчлантиришга уриниб. Ўспирин узоқ сукутдан сўнг гап бошлади.

– Яқинда акам… оламдан ўтди, – деди қалтироқ овозда.

– Жудолик жуда оғир, тушунаман, – дедим маҳзун бўлиб. Шунда бирдан йигитча кўзига ёш олди:

– Акам ўз жонига қасд қилди.

– Қандай қилиб? Нима учун? – сўрадим ундан.

– У яхши инсон эди. Нега ундай қилди, билмайман, – деди суҳбатдошим.

– Бундай вақтда катта сабр-тоқат керак. Кучли бўлинг, – дея унга далда бердим.

– Келажакда ҳарбий бўлмоқчи эдим. Энди эса…, – деб гапидан тўхтаб қолди у. Шу пайт бекатга бир аёл 2-3 ёшдаги боласи билан келди. Ўспирин улар томон бир қараб қўйдида, ўрнидан туриб жой берди. Йигитча аёл ёнида суҳбатни давом эттиришни хоҳламади шекилли, жимиб қолди. Бироз вақт ўтгач, бекатга автобус келиб тўхтади. Ҳалиги аёл боласини етаклаганча шошиб автобусга чиқиб кетди. Кичик суҳбатдошим яна ўз ўрнига ўтириб, сўзида давом этди.

– Энди мен нима қилай? Мен танлаган касбимга бу мудҳиш воқеа ёмон таъсир кўрсатяпти, – деди ташвишланиб. Назаримда у ҳам суюкли акасини йўқотганидан, ҳам бу вазият унинг келажагига салбий таъсир кўрсатаётганидан қаттиқ саросимада қолганди.

– Акангиз ҳақида батафсилроқ гапириб беринг. Бу фожеа қандай содир бўлган эди? – дедим.

– Мен ўшанда уйда эмасдим, яқинларим телефонда шумхабарни айтишди. Назаримда акам ёмон одамларга қўшилиб қолиб, қиморда катта пул ютқазиб қўйган. Буни ҳатто, уйдагилардан ҳам яширган. Чунки, бундан ҳеч биримизнинг хабаримиз йўқ эди. Кейин эса акам ўзи учун шу қалтис йўлни танлаган.

Шу вақт суҳбатдошимнинг қўл телефони жиринглаб қолди.

– Узр, опа. Бир дақиқа, – дея телефонини кўтарди. – Эшитаман, лаббай ойижон. Ҳозир боряпман. Хўп ойижон, таксида бораман. – Нотаниш ўспирин менга ноилож қаради. – Тезда уйга етиб бормасам бўлмайди, – деди у.

– Ойингиз чақиряптими? Тинчликми? – дедим хавотирим ортиб.

– Ҳа, тинчлик. Дадамнинг мазаси йўқ эди. “Тез ёрдам” машинасини чақиришибди. Шунга зудлик билан етиб бормасам бўлмайди. Сизга катта раҳмат, опа. Мен эса унга ажабланиб қарадим.

– Нима учун? Мен сизга ҳали ёрдам бермадим-ку?

– Мени сабр билан тинглаганингиз учун ҳам раҳмат. Гарчи, сиз билан оз фурсат суҳбатлашган бўлсамда, анча енгил тортдим, – деди у.

Йигитча шундай деди-ю шошганча такси тўхтатиб, манзилига равона бўлди. Мен эса виждон азобида қолган эдим. Чунки, суҳбатдошимга ёрдам беролмаганимдан афсусланардим. Биз психологлар ўтиш даврида бўлган балоғат ёшидаги йигит ва қизларга ёрдам кўрсатишни ўзимизнинг нафақат касбий, балки инсоний бурчимиз деб ҳам ҳисоблаймиз. Баъзан ўша воқеани ёдга оларканман, сирли суҳбатдошимнинг тақдири нима кечди экан-а, деб ўйлайман.

Яқинда бир балоғат ёшидаги қиз ёнимга келди. Бу қиз уйига келган совчилар катта опасининг ёмон йўлга кириб кетгани сабаб ундан айниб, кетиб қолганини йиғлаб гапириб берганди. Бу каби воқеалар, шунга ўхшаш муаммолар кўпгина ёшларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётганини ўйлаб, уларга қандай ёрдам беришни билмай қоламан. Чунки, биз уларга бундай вазиятда фақат руҳий далда бера оламиз, холос. Бироқ, ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ масалаларни ечишга, ҳал қилишга эса ожизмиз.

Фақат афсус билан айтишим мумкинки, бизнинг ҳар бир нотўғри босган қадамимиз нафақат ўзимизга, яқинларимизнинг ҳам ҳаётига ҳаттоки, кейинги авлоднинг келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ачинарли ҳолдир. Шу сабабли ҳар бир инсон чакки қадам босиш нафақат ўзига, балки унинг яқинларига ҳам жабр бўлишини унутмаслиги керак.

Психолог Матлуба ТАГАЕВАнинг суҳбатини Майна ҲАСАНОВА ёзиб олди.

Яна ўқинг:  ҚАДИМИЙ САРЧАШМАЛАРНИНГ ЖАВОҲИРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: