Шарқдан таралган наволар

Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлмоқда.

Турли халқлар вакиллари ва маданиятлар учрашган манзил – Самарқандда қўшалоқ байрам шукуҳи кезмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига кўрилган пухта тайёргарлик шаҳарга ўзгача файз ва чирой бахш этган.

Сўлим боғ ва хиёбонлар, нурафшон кўчалар таровати, турфа гуллар ифори ҳар қандай кишига янада кўтаринкилик бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган турфа одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат Самарқандда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.

Қадим ва навқирон Самарқандда 28 август куни “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Санъат – одамларнинг орзу-ҳаваси, қувончу шодлиги, армон ва изтироблари, ички кечинмаларини ифода этадиган восита. Мусиқа халқларни, турли миллат ва элатларни бир-бирига танитади, қалбан яқинлаштиради.

Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлмоқда. Бу ерда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 20 йил аввал асос солинган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўн биринчи бор ўтказилмоқда.

Самарқанднинг Регистон майдонидаги Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари гулгун шафақ ёғдусида янада гўзал ва салобатли кўринади. Бетакрор амфитеатр ҳосил қилган бу муҳташам обидалар анжуманга ўзгача руҳ, улуғворлик бағишлаган. Майдон “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан гавжум. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур анжуманнинг чуқур инсонпарварлик руҳи ва фалсафаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни ривожлантириш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль ишига муваффақият тилади.

Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Майдон узра сеҳрли куй таралади. Оҳанг секин-аста бутун вужудингизга кириб боради. Бу оройишнинг қиёси йўқ. Мусиқа измидасиз. Сеҳрли оҳанг таъсирида илиқ хотиралар ёдга тушади, баъзан умрингиз бино бўлиб бормаган масканларни тасаввурингизда гавдалантиради. Бу куй сеҳри, оҳанг завқи, мусиқа қудратидир.

Яна ўқинг:  Умид бор бўлсин

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мамлакатимизда маданият ва санъатга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган юксак намунасидир.

Фестивалнинг нуфузи ортиб, иштирокчилари географияси тобора кенгайиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, машҳур санъат намояндалари унда қатнашишни ўзлари учун шараф, деб билади. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 60 га яқин давлат санъаткорлари ташриф буюрди. Фестиваль ЮНЕСКО шафъелигида ўтказилаётгани ҳам анжуманнинг юксак мақом ва нуфузини кўрсатади.

Тўғри, ер юзида тан олинган ва кенг эътироф этилган ўнлаб халқаро мусиқа фестиваллари бор. Аммо улар орасида “Шарқ тароналари” алоҳида мавқега эга. Чунки бошқа халқаро миқёсдаги мусиқа фестиваллари санъатнинг муайян турига ихтисослашган. Яъни айримларида фақат қўшиқ куйланса, бошқасида мусиқа ижро этилади ёки рақс тушилади. “Шарқ тароналари” эса санъатнинг барча кўринишларини ўзида мужассам этган. Буни бошқа халқаро мусиқа фестиваллари қатнашчилари ҳам кенг эътироф этмоқда. Ушбу фестивалда дунёнинг барча қитъаларидан санъаткорлар қатнашаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Халқаро мусиқа фестивали қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, Самарқанд шаҳридаги қатор маданий-маърифий муассасалар, Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом, Жомбой туманларида ҳам концерт дастурлари намойиш этмоқда. Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, маҳалла гузарлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида учрашувлар ўтказилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар Самарқанднинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, она диёримизда етиштирилган турфа ноз-неъматлар билан тўла бозорларимизни кўриш, истиқлол йилларида халқимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган улкан ютуқ ва марралар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.

Ваҳобжон ЎРАЗМАТОВ,
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси матбуот хизмати бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: