Мутолаа учун зарарли одат: улардан қандай қутулиш мумкин?
Мутолаа вақтида аксарият одамлар ўқиш жараёнини секинлаштирадиган учта зарарли ҳаракатни амалга оширади. Бу одатларни йўқотиш орқали синчковликни орттириш, ўқилаётган нарсани яхшироқ тушуниш ва мутоладаги тезлик даражасини ошириш мумкин.
Фикр чалғиши
Бирор саҳифа ёки бўлимни тугатгандан сўнг ҳеч нарсани эслай олмаган пайтларингиз бўлганми? Бунинг сабаби мутолаа пайтида фикрингиз бошқа томонларга чалғиб кетади. Кўз саҳифа бўйлаб ҳаракатланаверади, лекин мия бошқа нарсалар билан банд бўлади. Китобнинг ўқилган қисмини қайтадан ўқиб чиқишингизга тўғри келади.
Баъзи ҳолатларда бу одат фойда бериши ҳам мумкин. Агар бирор матнни ўқиётиб миянгизда унга алоқадор мавзуларни топиб, ўйласангиз – бу яхши. Лекин фикрингиз умуман бошқа жойларда чалғиб юрадиган бўлса, бунинг сира фойдали жиҳати йўқ.
Чора: тез ўқишга ҳаракат қилинг. Фикр асосан зерикиш туфайли чалғийди. Агар мияга тезликни ошириш вазифасини юкласангиз, унинг синчковлик хусусияти кучаяди. Бу эса англаш даражасини кескин оширади.
Ортга қайтиш
Ҳар қандай материални ўқиш давомида кўпчилик ортга қайтиб, ўрганилган нарсани яна бир бор ўқиб чиқишга одатланган. Буни мутолаа қилаётган кишининг кўзларига қараб туриб ҳам кўриш мумкин. Табиийки, ушбу одат мутолаа жараёнини сустлаштиради, лекин баъзан фойда бериши мумкин. Масалан, маълумотни эслаш учун ўқиб бўлинган қисмга кўз ташласангиз, керакли маълумотни яхшироқ ўзлаштирасиз. Лекин, одатда ўрганилган маълумотни эслай олмаслик диққат-эътиборнинг бўлиниши натижасида юз беради. Қайта ўқиш туфайли икки баробар кўп вақт сарфлайсиз.
Чора: орқага қайтишга сабаб бўлувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатдан тийилинг.
Хаёлан гапириш
Бу онгдаги ҳар бир сўзни айтиш жараёни. Бундай усулда ўқиш оғзаки нутқ тезлигини оширмайди. Бу усул диалог ва шеърият жанрида кўпроқ иш беради. Бошқа ҳолатларда у мутолаа жараёнини секинлаштиради, бундан ташқари ортиқча куч талаб қилади.
Чора. Қўлингиз ва кўзларингизни фаолроқ ҳаракатлантиринг, мия эшитиш марказларидан кўра кўриш марказларини кўпроқ ишлатишни ўрганинг.
Рожер Сайпнинг “Мияни ривожлантириш” китоби асосида Миржалол МАДВАЛИЕВ тайёрлади.