Энди патронаж ҳамширага йўл ҳақи тўланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизнинг қай бир ҳудудига бормасин, албатта, оилавий поликлиникаларда бўлиб, у ерда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ҳолати, аҳоли учун яратилган қулайликлар, тиббиёт ходимлари фаолияти билан танишади.

Шундай учрашувлар ва халқ билан қилинган мулоқотлар асносида патронаж ҳамшираларининг хонадонларга кириб бориши учун уларга йўл ҳақи компенсациясини тўлаш масаласи алоҳида эътиборга олинди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларининг йўл ҳақи компенсациясини белгилаш ва тўлаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси қўйилган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги қарори билан “Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларининг йўл ҳақи компенсациясини белгилаш ва тўлаб бериш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди. Қарорга кўра 2017 йилнинг 1 июлидан эътиборан қишлоқ жойларда оилаларга бориб тиббий патронажни ташкил қилувчи қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж ҳамшираларига компенсация тайинланади.

Компенсацияни белгилаш тартиби қандай?

Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж ҳамшираларига компенсация иш вақти ойлик меъёрининг ҳақиқатда ишланган иш кунидан келиб чиқиб тайинланади. Бунда патронаж ҳамширасига бириктирилган аҳоли яшаш жойигача бўлган масофа асос сифатида олинади. Яъни, ҳамшира қатновни амалга оширадиган аҳоли хонадонлари жойлашуви 10 километр ва ундан кўп бўлганда энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида патронаж ҳамширасига йўл ҳақи компенсацияси тўланади.

Қарорда ҳар бир патронаж ҳамшираси учун компенсациянинг умумий миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

Аҳоли яшаш жойигача бўлган масофа туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли буйруғида кўрсатилиши лозим. Яъни, буйруқ билан қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларига бириктирилган аҳоли пунктининг номи ва аҳоли сони, шунингдек, унинг иш жойидан бириктирилган аҳоли пунктигача оралиқ масофа кўрсатилган рўйхат тасдиқланади.

Эътиборли томони компенсация маблағлари туман тиббиёт бирлашмаларининг йиллик харажатлар сметасида шу мақсадда кўзда тутилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Яна ўқинг:  Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юрт тараққиётига хизмат қилади

Компенсация пули патронаж ҳамшираларининг эгаллаб турган иш ставкасига мос равишда тўланади. Мазкур маблағ ҳамширанинг йўл ҳақи компенсацияси бўлгани боис, меҳнат таътили ёки вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврида тўланмайди.

Ҳамширалар компенсация маблағини алоҳида тўлов қайдномаси бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бухгалтерияси орқали олишади.

Яна бир жиҳати шундаки, ушбу Низомда белгиланган компенсация маблағи ҳамшираларнинг даромади сифатида қаралмайди ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва фуқаролар суғурта бадаллари солинмайди. Компенсациянинг тўғри тайинланиши ва тўланиши ҳам назоратга олинган. Бу вазифа Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади. Патронаж ҳамшираларига компенсация маблағларини тўлаш тартиби бузилса, айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: