Давр бизники, марра бизники

Ёшлик бу – бой имкониятлар даври. Шу сабаб бўлса керак юртимиз ўзининг эртанги кунини айнан ёшларда кўради. Давлатимиз жамики режа-мақсадларини халқ, аввало, навқирон авлод вакилларининг манфаатларидан келиб чиқиб тузади. Ватан келажаги ҳақида қайғурган инсонгина шахсий манфаат ва ҳаловатидан кечиб, эл-юрт корига ярамоқни олий саодат, деб билади. Яна бир ҳақиқат борки, ҳалолликка ўрганган ёшлар ҳамиша маррани юқори қўйиб, эзгу амалларга интилиб яшайди.

Ана шундай эҳтиёж сабаб бундан ўн олти йил муқаддам мамлакатимиз нодавлат секторида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, дея номланган янги тузилма пайдо бўлган эди. У жамоат ташкилоти мақомида фаолият юритишига қарамай, давлатнинг ёшлар масаласидаги энг ишончли маслаҳатгўйи, давлат ва ёшлар ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айланди. Ёшларга доир давлат сиёсатига дахлдор биронта соҳа ёки йўналиш йўқки, Ҳаракатнинг эътиборидан четда қолган бўлса. Ҳатто, ҳукумат даражасида қабул қилинаётган муҳим сиёсий қарор ва дастурларни ишлаб чиқишда “Камолот”нинг фикри, позицияси инобатга олинди. “Камолот” сафида юзлаб ёшларимиз ўз истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқаргани, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнига эга бўлгани ҳақиқат. Бироқ, бунда ютуқлардан кўра хато-камчиликлар кўп бўлгани ҳам рост.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида бу борадаги объектив ва субъектив сабабларни аниқ мисоллар, инкор қилиб бўлмас исботлар билан айтаркан, аччиқ ҳақиқат ҳамиша кўзгу бўлишига яна бир бор амин бўлдик. Президентимиз ўз вақтида “Камолот” жамоат ташкилоти сифатида тузилган бўлса-да, лекин ундан катта бир вазирлик вазифаси талаб қилинганини, унга жуда кенг ва улкан вазифалар топширилиши билан бирга, буларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб берилмаганини таъкидлади. Оқибатда “Камолот” ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсага жавоб берадиган ва айни пайтда ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, мўрт ва заиф бир тузилмага айланиб қолганини бугун қанчалик оғир бўлмасин, таъкидлашимиз керак”, деди.

Шуни айтиш жоизки, қоғозда ташкилот аъзолари сони 4 миллиондан зиёд қилиб кўрсатилса-да, амалда кўпчилиги Ҳаракатни билмайди, фаолиятига қизиқмайди. Қолган ўғил-қизларимиз, айниқса, уюшмаган, яъни ҳеч жойда ишламайдиган, ўқимайдиган, тайинли машғулотга эга бўлмаган ёшлар эса, турган гапки, эътибордан четда қолаётгани ва улар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиши хусусида Президентимиз куюнчаклик билан гапирди. Бундай адолатсизликни кўриб, улар ҳаётдан аста-секин совиб бораётгани, ёт ғояларга эргашиб, салбий оқимларга қўшилиб кетаётгани ҳам инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

Яна ўқинг:  Қўштепада тиббий хизмат нега оқсамоқда?

Савол туғилади: нега ёшларимиз учун фойдали машғулотлар билан шуғулланишда шунча кенг имкониятлар яратилаётгани ҳолда балоғат бекатидаги айрим ўспиринлар ўз кучини қабоҳатга сарфламоқда? Уларда бунчалик шафқатсизлик ва тажовузкорлик қаердан пайдо бўлмоқда? Жавоб оддий – шундай бўз болалар кўнглида нима ўйлар борлиги билан шу пайтгача на ота-онаси, на яқинлари, на маҳалла-кўй ва на бошқалар етарлича қизиқмаган, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. “Камолот” ЁИҲнинг бу борада шу пайтгача аниқ механизми, афсуски, йўқ эди.

Хушҳаво масканлардаги йиғинлар ё бир хил футболка кийиб кампаниябозликлар қилиш ёхуд стадионлардаги концертлар билан барча ёшларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришнинг имкони бўлмади. Кўзгуга тик қараб айтилса, бор ҳақиқат шу!

Жойлардаги мутасаддиларнинг “Камолот”чиларга бўлган муносабати, бино ва хоналар, техник жиҳозларнинг етишмаслиги, ишлаш учун элементар шароитнинг йўқлиги сабабли қанчадан-қанча хунук ҳолатларга дуч келиняпти. Очиғини айтиш керак, Ҳаракатнинг айрим маҳаллий кенгашлари жуда ночор аҳволга келиб қолган. Президент агар вазият ўзгармаса ёшларга Ҳаракатнинг сўзи ҳам амалий таъсири ҳам етиб бормаслигини уқтирди. “Камолот”чиларни қишлоқ хўжалиги юмушлари, ободонлаштириш ишлари, металлалом йиғиш, мажлисма-мажлис юришлардан холос этиш керак, деди Шавкат Мирзиёев. Ахир, бундай ҳолатда улар ўзининг вазифасини қачон бажаради?!

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқадиган хулоса битта: энди аввалгидай ишлаб бўлмайди! Давр бошқача – “Камолот”га муносабатни ҳам, ташкилотнинг ўзини ҳам ўзгартирмоқ даркор.

Президентимиз Ҳаракат негизида мутлақо бошқача принцип ва ёндашувлар асосида ишлайдиган, ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қила оладиган, ҳар қандай расмиятчилик ва кампаниябозликлардан холи, ҳақиқий демократик ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузиш ва 30 июнни мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонлашни таклиф этди.

Бироқ айни чоғда гап фақат номни ўзгартириш ҳақида кетаётгани йўқ. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи моҳиятан янги ташкилотга айланмоғи даркор. Давлатимиз раҳбари ёшлар қалбига йўл топиш, улар билан доимий мулоқот қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши эканини яна бир бор эслатиб, “Барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз”, деб таъкидлади.

Яна ўқинг:  Хилтлардан холи ҳаёт сурури

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг раҳбарларига катта мақом ва ваколат берилди. Ташкилот раҳбари айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боради, Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланади. Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланади.

Президентимиз қурултойда Ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ёшлар ташаббуслари маркази каби тузилмалар фаолиятини жонлантириш, уларга янги мазмун ва руҳ бағишлаш кераклигини, таълим тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимларини ташкил этишни таъкидлади. Бунда Ёш олимлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳам тузиш ғояларини илгари суриб, бу тузилмаларни қандай номлаш, уларнинг вазифаларини белгилаш бўйича фикрлашиб, бир қарорга келишни, аввало, ёшларнинг эътиборига ҳавола қилди.

Ижтимоий тармоқларда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи делегатлари, ёшларимиз форум таассуротларини баён қилар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилиш, йигитлар учун “Мард ўғлонлар” Давлат мукофотини таъсис этиш, курсантлар мактабларига “Темурбеклар мактаби” деб ном бериш, Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларга аъло баҳолари учун (86 балл ва ундан юқори) таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш, тизимда 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган ходимларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги таклиф ва ташаббусларини қизғин қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга бу борада ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ҳам баён қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларнинг дадил қадамларини, эзгу ташаббус ва интилишларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканига “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида барчамиз гувоҳ бўлдик: форум жараёнида ёшлар етакчиларига ёрдам бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлган айрим раҳбарлар ишдан олинди, мамлакатимиз ёшлари вакилларининг кўз ўнгида улар орасидан энг фаол бўлган икки йигит – Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети магистранти Олим Тўйчиев Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари, “Result” ўқув маркази раҳбари Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Яна ўқинг:  Заҳарли қизил чумоли: унинг тарқалиш ҳудуди кенгаймоқда

Илёс САФАРОВ,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзоси,

“Камолот” стипендияси совриндори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: