САЛОМАТЛИКНИ АСРАШ СИРЛАРИ

Саломатлик ҳар бир инсон учун бебаҳо бойлик сифатида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Саломатлик ўзи нима? Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг таърифига кўра, саломатлик — бу нафақат касаллик ёки жисмоний нуқсонларнинг йўқлиги, балки тўлиқ жисмоний хотиржамлик ҳолатидир. Инсон соғлиғи нималарга боғлиқ? Ушбу нуфузли ташкилот экспертларининг асосли хулосаларига кўра тиббий хизмат соғлиқнинг атиги 8-10 фоизини таъминлар экан. Соғлиғимизнинг 18 фоизи ирсий омилларга, 17 фоизи атроф-муҳитга ва 50 фоиздан кўпроғи турмуш тарзимизга, яъни бевосита ўзимизга боғлиқ экан. Соғлом турмуш тарзи деганда нимани тушунамиз? Инсон ўзининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини сақлаш, мустаҳкамлаш ва касалликларни олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар мажмуаси тушунилади.

Шунингдек, бу тушунча инсон саломатлигини яхшилаш ва муҳофаза қилишга қаратилган фаол ҳаракатдир. Унга оқилона овқатланиш, жисмоний фаоллик, унумли меҳнат қилиш ва дам олиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, зарарли одатлардан ўзини тийиш ва ҳакозолар киради. Аллома Абу Али ибн Сино соғлом турмуш тарзининг саломатликни сақлашдаги ўрни ниҳоятда беқиёс эканлигига алоҳида эътибор билан қараган. Соғлом турмуш тарзи деганда инсонга табиатдан берилган саломатликни сақлаб қолиш, инсоннинг ўз организмига нисбатан ғамхўрлик ва эътибори деб тушунган. Табобат илми султони ўзининг беш жилдлик “Тиб қонунлари” китобида саломатликка таъсир этувчи омилларни кетма-кетлиги билан белгилаган, Соғлом турмуш тарзини етти омилдан иборат деб таъкидлаб ўтган. Саломатлик фалсафаси ҳар бир одамнинг ҳаётий шиорига айланмоғи ва тафаккуридан мустаҳкам ўрин олмоғи зарур. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш учун инсон қандай бўлмоғи лозим?

— Юксак маънавиятли;

— маданиятли;

— қатъиятли;

— иродали бўлиши лозим.

Соғлом турмуш тарзи афзалликлари:

— инсон соғлиғини мустаҳкамланиши;

— меҳнат қобилиятининг яхшиланиши;

— узоқ умр кўриш;

Ҳозирги кунда машҳур қомусий олимнинг етти тамойилидан келиб чиққан ҳолда соғлом турмуш тарзи асосини қуйидагилар ташкил қилади:

— кун тартибига риоя қилиш ва эрталабки бадантарбияни имкониятга қараб 7-10 дақиқа давомида бажариш, тоза ҳавода сайр қилиш;

— ҳаракатланиш фаоллигига амал қилиш, жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланиш;

— шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилиш: эрталаб, бадантарбиядан кейин ювиниш, нонуштадан сўнг ва кечки уйқу олдидан тишларни тозалаш, овқатланиш олдидан қўлни совунлаб ювиш;

Яна ўқинг:  Ҳомиладорлик – нозик давр

— мавсумбоп кийиниш;

— оқилона овқатланиш, ортиқча вазндан қутулиш. Ҳайвон ёғлари, қанд ва ширинликларни истеъмол қилишни чегаралаш;

— соғлиқ учун зарарли одатларга барҳам бериш: чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, гиёҳвандлик каби салбий иллатлардан воз кечиш;

— соғлом оила қуриш ва замон талаби асосида оилани режалаштиришга эътибор бериш;

— феъл-атворда мавжуд бўлган нуқсонларни бартараф этиш, яъни эмоционал ҳолатни жиловлай олиш, арзимаган сабаблар билан кайфиятнинг бузилиши ва атрофидаги одамларнинг кайфиятини бузишдан сақланиш;

— атроф-муҳит хавфсизлигини сақлаш.

Агар сиз соғлом турмуш тарзини ўрганишга, узоқ умр кўришга қарор қилган бўлсангиз, унда сиз қуйидаги тамойилларга амал қилишингиз керак:

— соғлиғингизни ёшликдан сақланг, касалликнинг турлари кўп, уларнинг сабаблари болаликдан бошлансада, лекин ёш ўтган сайин юзага чиқа бошлайди;

— ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, тиббий кўрикдан ўтишини бошланг;

— ҳар бир нарсанинг меъёрини билинг;

— асло семирманг, бу организм фаолиятини қийинлаштиради ва қарилик жараёнини тезлаштиради;

— доимо ўйлаб иш тутадиган, оғир-вазмин ва хушфеъл бўлинг, жиззакилик ва бадъфеллик юрак ишини ва асаб тизимини зарарлайди;

— сиз шундай меҳнат турини топингки, у сиз учун қизиқарли бўлсин. Бу фаолият сизни нафақат моддий, балки маънавий томондан ҳам қониқтирсин;

— жисмоний меҳнат ёки жисмоний машқ билан шуғулланинг, иложи борича кўпроқ вақтингизни тоза ҳавода ўтказишга ҳаракат қилинг;

— фаол дам олинг, ҳаракатнинг чекланиши касаллик бошланишига замин яратади;

— бир кунда 7,5 соат ухланг, уйқу кучни тиклайди ва инсон танасига ҳар хил дори-дармонлардан кўра яхши шифо бўлади;

— чекманг, айниқса муаммоларингиздан қочиб, алкоголизм ва гиёҳвандлик дунёсига кириб қолманг;

— вақтичоғлик қилишга вақт ажратинг, бу сизга ҳаётингизни ранг-баранг қилишга ва дам олишга ёрдам беради;

— тушкунликка тушманг ва руҳингизни туширишга йўл қўйманг.

Ёдингизда тутинг! Ҳаттоки, энг яхши ҳаёт шароитида ҳам, орзу-умидларга соғлом инсонгина эриша олади!

Унутманг! Соғлом турмуш тарзи миллат келажагини таъминлайди.

Шерзод ЗОКИРХЎЖАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: