500 спортчи иштирокидаги Осиё чемпионати якунланди
Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида самбо бўйича катталар, ёшлар, ўсмирлар ва хотин-қизлар ўртасидаги Осиё очиқ чемпионатида йигирмадан зиёд давлатдан беш юзга яқин спортчи самбо ва жанговар самбо бўйича ғолиблик учун курашди.
Мазкур мусобақанинг очилиш маросимида мамлакатимизда барча спорт турлари қатори самбо ҳам жадал ривожланаётгани таъкидланди. Кўплаб халқаро миқёсдаги мусобақаларда шоҳсупага кўтарилаётган ҳамюртларимиз сафи кенгаймоқда.
Терма жамоамиз бош мураббийи Роман Шокировнинг айтишича, бу йилги мусобақада етмишга яқин самбо устаси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Улар орасида жаҳон ва қитъа чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари билан бирга иқтидорли ёш полвонлар ҳам бор.
Чемпионатнинг кескин ва муросасиз щтган баҳсларида спортчиларимиздан Парвиз Ҳалимов, Фирдавс Ҳожиматов, Улуғбек Раҳмонов, Толмас Тўқлиев, Зафар Оллоберганов, Санжар Неъматов, Мироншоҳ Султонов, Нурмуҳаммад Бегалиев, Тўрабек Исмоилов, Гулмира Исматова, Клара Дармонбоева, Жасурбек Маҳматқулов, Нилуфар Раҳмонова, Мушарраф Ибодуллаева, Сумгул Рўзимбоева олтин медални қўлга киритди.
Ойбек Усмонов, Малика Қаҳҳорова, Комила Нурова, Гулчеҳра Маманова, Маликабону Мирзаева, Ҳамида Олимова, Мафтуна Эргашева, Рината Илматова кумуш медаль билан тақдирланди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Улуғбек Ҳакимов, Аҳмаджон Исломов, Алим Миртазоқулов, Зоир Самиков, Раҳматжон Аҳмедов, Нуриддин Тилаволдиев, Акобир Ҳасанов, Шаҳзод Ибрагимов, Дилором Зикриллаева, Шаҳзода Валиева, Мафтуна Эсонова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой эгаллади.
Н.НОРБОБОЕВ