JICA Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда янги лойиҳага қўл урди
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати” техник ҳамкорлик лойиҳасининг муҳокамалар протоколини имзолади. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши агентликнинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида 2017-2021 йилларга мўлжалланган янги лойиҳаси ишга туширилишини англатади. Муҳокамалар якуни бўйича Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти JICA билан ҳамкорликда лойиҳа амалга оширилишини ташкиллаш учун масъул бўлиши ҳақида келишиб олинди.
Лойиҳа вазирликнинг юқумли бўлмаган касалликлар, хусусан, юрак-қонтомир ва қанд хасталиклари хавфи омилини мақсадли минтақалар – Тошкент ва Навоий вилоятларида пасайтириш бўйича уринишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича мавжуд услубий материаллар танқидий таҳлил қилинади, Япония ва Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари, жойлардаги мутахассислар учун малака ошириш курслари ташкил этилади.